Байден ўрнига Ҳаррис. У ҳақда нималарни билиш керак?
У прокурорлигида қатор ислоҳотларни амалга оширади, аммо кейин ўз принципларига қарши ҳам борди. 2020 йилги президентлик сайловларида номзод сифатида иштирок этиб, праймеризлар арафасида Байденга ҳужум қилади ва унинг рейтингини тушириб юборади, аммо кейин муваффақиятини ривожлантира олмайди. Трамп бу «ёвуз ва қўрқинчли аёл»ни осон енгишини айтган.
Жо Байден 5 ноябр кунига белгиланган АҚШ президентлиги учун сайловларда иштирок этмаслигини маълум қилиб, ўз вице-президенти, Калифорниянинг собиқ прокурори Камала Ҳарриснинг номзодини президентлик учун илгари сурди. Энди Ҳаррис партия томонидан тасдиқланиши керак — демократларда бошқа номзоднинг ўзи йўқ. «Медуза» АҚШ тарихида президентликка даъвогарлик қилаётган иккинчи аёл бўлаётган Камала Ҳарриснинг фаолияти ҳақида ҳикоя қилди.
«Июннинг биргина оқшоми сайлов натижасини ўзгартириб юбора олмайди. Дебатларга қадар ҳам, ҳозир ҳам учта ҳақиқат бор эди: биринчидан, ставка ҳар қачонгидан юқори, иккинчидан, номзодлар орасидаги контраст бундан ортиқ бўла олмайди, учинчидан эса, биз президент Байденга ишонамиз!»
Вице-президент Камала Ҳаррис Доналд Трампга қарши муваффақиятсиз кечган дебатлардан кейиноқ Жо Байденнинг тарафини олиб чиқди. У Лас-Вегасдаги митингда лотин америкалик сайловчилар қаршисида оташин нутқ сўзлаб, партия тарафдорларини Байдендан юз ўгирмасликка чорлади. Интервюсида эса имкон топилиши билан мавзуни ўзгартиришга уринади — президентнинг ёшидан унинг ютуқларига. Демократлар Байденни сайловни тарк этишга ундаётганида, Ҳаррис уларга қўшилмайди.
Вице-президент Оқ уй жамоасига содиқлигини кўрсатди — ва энди, Байденни барибир пойгадан чиқишга кўндиришганида, у ушбу аёлни ўз ўрнига таклиф этди. Агар партия унинг номзодини тасдиқласа, у АҚШ тарихида давлат раҳбари лавозими учун номзоди илгари сурилган иккинчи аёл бўлади — ва бу ролдаги илк афроамерикалик аёл.
Камала Ҳарриснинг ота-онаси Ветнамдаги урушга қарши намойишларда қатнашган ва афроамерикаликлар ҳуқуқлари учун курашган
Доналд Ҳаррис ва Шямала Голапан 1960-йиллар бошида Калифорниядаги Беркли университетида танишишган. Айнан ўша ерда, радикал афроамерикалик мафкурачилар ва сўллар муҳитида кампусларда сиёсат билан шуғулланиш ҳуқуқи учун курашган талабалар ҳуқуқлари ҳаракати юзага келганди. Бу 1960-йилларни Калифорниядаги қора танли фуқаролар ҳуқуқлари, «ёз севгиси» ва Ветнамдаги урушга қарши норозиликлар ўн йиллигига айлантирган янги авлод зиёлилари эди.
Келиб чиқишига кўра ямайкалик бўлган Доналд ҳамда асли ҳиндистонлик Шямала ушбу муҳитнинг бир қисми эди. Доналд иқтисодиёт, Шямала — эндокринология соҳаси бўйича ўқиган. Шямала фаоллар йиғилиши вақтида ёрқин чиқиш қилган Доналдга қизиқиб қолади: у афроамерикаликлар ҳолатини мустамлака давридаги Ямайка ҳаётига солиштирганди. Улар учраша бошлашади ва 1964 йилда биринчи қиз Камала, яна уч йил ўтиб — Майя туғилади.
Берклини тамомлагач, бўлажак вице-президентнинг ота-онаси аввалига Иллинойсда, кейин эса Висконсинда муваффақиятли илмий карьерани йўлга қўйишади. Аммо Висконсинда уларнинг муносабати тугайди ва оила ажралади — ўшанда Камала беш ёшда эди. Ажримдан кейин Доналд Ҳаррис Калифорнияга қайтади ҳамда Стэнфорд университетида иқтисодиёт бўйича илк қора танли профессор бўлади, Шямала Голапан эса қизлари билан Канадага йўл олиб, у ерда онкологик касалликларни ўрганиб, Монреалдаги Макгилла Университетида дарс бера бошлайди.
АҚШга қайтишганидан кейин, Ҳаррис прокуратурага ишга киради. Ва қатор ислоҳотларни амалга оширади (аммо кейин ўз принципларига қарши ҳам борди)
Камала Ҳаррис ўқиш учун ватанга қайтади — 1990 йилда у Вашингтонда 1860-йилларда афроамерикалик талабалар учун махсус ташкил этилган Говард университетида сиёсатшунослик ва иқтисодчи дипломини олади. Ҳаррис атайлаб ушбу олий таълим муассасасида ўқишни танлаганди: мактабда у фақат оқ танли болалар орасида ўқиган. 1990-йилларда бўлажак вице-президент Калифорния университетининг Ҳастингс юридик коллежида ҳуқуқшунослик доктори даражасини олади.
Ўқишни тамомлаганидан кейин Ҳаррис Оклендда округ прокурори ўринбосари сифатида иш бошлайди. Шу даврда у ўзидан 30 ёш катта Уилли Браун билан учраша бошлайди, ўшанда Браун Калифорния парламентининг қуйи палатасига раҳбарлик қиларди (1980—1995 йилларда Калифорния штати қонунчилик йиғилиши спикери, 1996—2004 йилларда Сан-Франциско шаҳри мэри) ва Ҳаррисни штат ҳокимияти ҳузуридаги икки кенгашга олиб кирганди — ва бу унга карьерасини қуришда ёрдам беради. Браун эса кўплаб сиёсатчиларга ёрдам бергани ва Ҳаррисни у ўз ишини виждонан бажаргани туфайли қўллаганини айтади.
2004 йилда Ҳаррис жиноятчилар учун ўлим жазоси талаб қилмасликка ваъда берган ҳолда Сан-Франциско прокурори лавозими учун сайловда ғалаба қозонади. Прокурор ўз фаолияти давомида бунга амал қилади: хусусан, у полициячининг қотили учун умрбод қамоқ жазоси сўрайди — ва ундан энг оғир жазони сўрашни талаб қилган сенаторлар ва мэрлар босимига дош беради.
Ҳарриснинг раҳбарлиги остида Сан-Францискода рецидивистларга қарши курашиш дастури ишга туширилади: жазо муддатини қисқартириш эвазига ёш жиноятчиларга ўқиш ва жамоат ишларини бажариш таклиф этилади. Лойиҳада 200 киши иштирок этади ва дастлабки йилларда шаҳардаги рецидивист жиноятчилар сони штатдаги ўртача даражага қараганда беш баравар кам бўлади. Кўп ўтмай дастур бутун Калифорния бўйлаб тарқалади, кейин эса бошқа штатларда муқобилларини ишлаб чиқиш учун асос сифатида фойдаланилади.
Ҳарриснинг бошқа хизматлари ҳам бор эди. Масалан, у ишлаган даврда Сан-Францискода оғир жиноятлар бўйича судланиб узоқ муддатларга қамалганлар сони ортади, прокурорлар эса гиёҳвандлик моддалари сақлаганлик учун реал муддатлар сўрашни тўхтатишади. Бундан ташқари, Ҳаррис экологик ҳуқуқбузарликларни текширишга масъул ҳамда нафрат жиноятларига қарши курашиш бўйича махсус бўлинмалар шакллантиради.
2010 йилда Ҳаррис Калифорния бош прокурори лавозими учун сайловда ғолиб чиқади, 2014 йилда эса иккинчи муддатга қайта сайланади. Бу ролда унда прогрессив экспериментлар ўтказиш учун эркинлик камроқ бўлади — штат ва губернатор позициясини ифодалаш учун бош прокурор баъзида авваллари ўзи қарши турган принципларни ҳимоя қилишига тўғри келади. Хусусан, 2014 йилда у туман судясининг ўлим жазоси конституцияга зид экани ҳақидаги ҳукми юзасидан шикоят қилади. 2011 йилда Олий суд Калифорния қамоқхоналари тўлиб кетгани ва штат қамоқхоналар тизими либераллаштиришни талаб этиши ҳақида қарор чиқарганида эса, жазоларни юмшатишга қарши чиқади.
Бундан ташқари, Ҳаррис бетараф позицияда қолишни хоҳлашини айтиб, суд ислоҳотлари муҳокамасида иштирок этишдан бош тортади. 2015 йилда эса унинг бошчилигидаги прокуратура далилларни сохталаштиришда айбланган округ прокурорларига қарши тергов ўтказмасликка қарор қилади.
2014 йилда, Калифорния бош прокурори сифатида иккинчи муддатда иш бошлаганида, Ҳаррис ҳуқуқшунос Даг Эмҳоффга турмушга чиқади, улар тасодифан танишишган. Улар фарзанд кўрмаган — оилада Дагнинг биринчи турмушидан бўлган катта ёшли ўғли ва қизи бор.
Ҳарриснинг бош прокуратурадаги карьераси иккинчи муддат тугамасидан — 2016 йилда якунланади. Губернатор ва штатдаги демократлар қўллови билан у сенат учун сайловларда ғолиб чиқиб — Калифорниядан Вашингтонга кетади.
Ўша йилги сайловларда Доналд Трамп АҚШ президенти бўлганди. Республикачилар сенатда кўпчиликни ташкил этади, шунинг учун Ҳаррисда шунчаки давлат раҳбари ташаббусларига қарши овоз бериш имкони қолганди. У бу ишни бошқа кўплаб демократ сенаторлардан кўпроқ марта амалга оширади, аммо ундан ҳам кўпроқ эътиборини омма қаршисидаги чиқишларига қаратади.
Сенаторлар мунтазам равишда мансабдор шахсларни текшириш ёки тасдиқлаш бўйича комиссия йиғилишларида иштирок этишади, Ҳаррис эса бундай йиғилишларда Трамп ўз ҳукуматига олиб киришга уринган сиёсатчиларга ноқулай саволлар бериш билан машғул бўлади. Ҳатто тажрибали сенаторлар ундан бошқаларга ҳурмат билан муносабатда бўлишни сўрашади, аммо якунда айнан трампчи мулозимлар билан агрессив баҳслари Ҳаррисни бутун мамлакатга танитади. Масалан, Бретт Каванони Олий судга тасдиқлаш бўйича тингловда (у жинсий зўравонликда айбланган) у номзодни шундай иштиёқ билан сўроққа тутадики, Трамп уни «ёвуз, даҳшатли аёл» деб атаган.
Ҳаррис 2020 йилда ҳам Байден ўрнига номзод бўлиши мумкин эди. Аммо якунда фақат рейтингини йўқотади
«Бола эканимизда биз синглим билан қўшнимизнинг биз билан ўйнаш мумкин эмаслиги — чунки биз қоралар эканимиз ҳақидаги гапларини эшитганмиз. Ва мен вице-президент Байденга мурожаат қилмоқчиман. Мен сизни ирқчи деб ҳисобламайман, аммо сиздан ўз карьерасини сегрегация учун курашиш асосида қурган икки сенатор ҳақида илиқ сўзлар эшитиш мен учун оғриқли. Сиз басинг (оқ танли ўқувчилар орасига қора танлилар, қора танлилар орасига оқ танлиларни аралаштириш сиёсати) билан курашганда улар билан ишлагансиз. Биласизми, Калифорнияда мактаблар интеграция қилинганида бир қиз иккинчи синфда ўқирди. У ҳар куни дарсларга шундай автобусда қатнаган. Бу қизча мен эдим».
2020 йилги праймериз арафасида демократларнинг биринчи дебатида Камала Ҳаррис пойга етакчиси Жо Байденга олдиндан тайёрланган нутқи билан шундай ҳужум қилганди. Залда гулдурос қарсаклар чалинади, Ҳаррис дастлабки овоз беришларда фаворитлардан бирига айланади, яққол етакчи бўлиб кўринган Жо Байденнинг рейтинги эса тўртдан бир қисмига пасаяди. Айова штатида ўтадиган биринчи овоз беришга қадар ярим йил қолганди ва Ҳаррисни муваффақият кутаётгандек туюлганди. Аммо машҳурлик унинг зарарига ишлайди: журналистлар ва сайловчилар унинг ҳар бир чиқишини ва сайлов кампанияси олиб боришини диққат билан кузата бошлайди — ва номзод на платформа танлай олгани ва на штаб фаолиятини йўлга қўя олгани маълум бўлади.
Аввалига Ҳаррис ўта сўл позицияни эгаллашга ҳаракат қилади. Дебатларда у Берни Сандерс билан (Америка сиёсатидаги «социалист» сифатида танилган) ҳамфикр бўлган ягона номзод эди ва АҚШда давлат тиббиёт тизимини жорий этиш зарурлигини айтади — аммо кейин Сандерснинг режасини танқид қилиб, ўзининг нисбатан мўътадил режасини таклиф этади. Шундан кейин у давлат аҳолидан автомат қуролларни сотиб олиш кераклигини айтади, — кейин эса бу мавзуни бошқа кўтармайди. У шунингдек сенатдаги демократлардан кучли экологик дастурни қабул қилишни талаб этади, — ва кейин ушбу кун тартибига умуман қайтмайди.
Ҳаррис гоҳ шу каби радикал ислоҳотларни муҳокама қилади, гоҳ ҳеч нарсани тубдан ўзгартиришни истамаслигини айтади. У ўз мақсади — «шунчаки америкаликларга уйқу бермаётган масалаларни ҳал қилиш» эканини такрорлайди, шунингдек қашшоқлар учун солиқларни камайтиришни ва ўқитувчиларнинг маошини оширишни таклиф этади. Демократлар праймеризда унинг позициясини тушуна олишмайди.
Бундан ташқари, Ҳаррис ўзига янги тарафдорларни жалб қилиши мумкин бўлган самарали штаб йиға олмайди. Амалда икки соҳилда унинг иккита алоҳида штаби бор эди: Балтимордаги асосий офисни синглиси Майя бошқарарди, Оклендда эса маслаҳатчиларнинг бошқа жамоаси ишларди. Кўп ўтмай улар ўртасида ихтилоф юзага келади. Масалан, Майя сўл қанотдаги овозларга эга бўлиш учун Камала ўз прокурорлик фаолиятига таянмаслиги керак деб ҳисоблайди. Аммо у бошқача қарорга келади ва вақти-вақти билан гўёки Трамп томонидан содир этилган жиноятлар ҳақида гапириб, «унга айблов эълон қилиши» учун ўзига овоз беришни сўрайди.
Ишончсиз чиқишлари Ҳарриснинг рейтинги пасайишига олиб келади ва унинг кампанияси бюджети қисқариши биринчи овоз бериладиган штатлардан бирортасини танлаб, фақат ўша ҳудуддаги сайловчиларга эътибор қаратишга мажбур бўлади. Бир томон бутун кучни Айовага ташлашни таклиф қилади — бу одатда қора танли номзодлар учун қийин штат бўлиб келган, аммо муваффақиятга эришилса бу билан бошқа штатлардаги сайловчиларнинг эътиборини тортиш мумкин бўларди. Бошқалар эса афроамерикалик демократлар кўпчиликни ташкил этадиган Невада ва Жанубий Каролина штатлари Ҳаррис учун фойдали бўлишини таъкидлайди.
Аввалига сенатор ушбу стратегиялар ўртасида иккиланиб туради, кейин эса Айовани танлайди, аммо биринчи дебатлардан уч ой ўтганида, 2019 йил октябрида унинг мазкур штатдаги рейтинги 5 фоиздан пастроқда эди. Декабр ойи бошида у ўз номзодини қайтариб олади.
Трампни мағлуб этгач, Байден Ҳаррисни ўз вице-президенти этиб танлайди. Аммо улар биргаликда яхши ишлай олмади
Партиялар ўз номзодини танлашда қайси сиёсатчи рақибларда ортиқча ғазаб уйғотмаслигини ҳам ҳисобга олади. Бу эса кўп ҳолларда оқ танли эркак номзодлар танланишига олиб келади. 2020 йилги праймеризда ҳар бир штатдаги демократларнинг кўпчилиги айнан Жо Байден — Трамп билан курашиш учун энг ишончли танлов деган қарорга келган.
Шу билан бирга, Байден демократларнинг прогрессив қанотини ўз томонига оғдириши лозим эди, шу туфайли у аввалбошданоқ ўзига вице-президент сифатида аёл кишини танлашини айтади. Унинг танлови эса айнан Ҳаррис бўлади — барча номзодлар орасида фақат унда сайловларда иштирок этиш ҳамда давлат маъмуриятида ишлаш тажрибаси бор эди.
Унинг бу лавозимдаги фаолиятини муваффақиятли кечди деб аташ қийин. Вице-президентдаги ягона расмий ваколат — сенатда овозлар тенг келиб қолган тақдирда дурангни «йўққа чиқариш» эди. Байден бошқарувининг дастлабки икки йилида демократлар ва республикачилар сенатда 50 тадан ўринга эга бўлгани туфайли Ҳаррис бундай овоз беришлар сони бўйича барча вице-президентлар орасидаги рекордни ўрнатади.
Бундан ташқари, давлат раҳбари вице-президентга каттароқ вазифаларни топшириши ҳам мумкин — хусусан, Байден Обама маъмуриятида инфратузилма лойиҳаларига ҳам масъул бўлган. Ҳаррис эса АҚШ жанубий чегараларидаги ноқонуний миграция инқирозини ҳал қилиши керак эди, аммо сенатдаги ишлар билан бандлиги унга бу муаммо билан шуғулланишга халал беради. Шунга қарамай, 2023 йил бошида вице-президент Марказий Америка мамлакатларидаги вазиятни яхшилаш учун 4,2 миллиард доллар хусусий инвестиция ажратилишига эришади — АҚШдагилар шу орқали мазкур минтақадан келувчилар оқимини камайтиришни кўзлаганди. Аммо 2024 йил қишида ноқонуний мигрантлар сони рекорд даражага кўтарилади — ва бу мавзу мамлакатда бир неча ой мобайнида асосий мавзу бўлади.
Байденнинг маъмурияти мигрантлар оқимини тўхтатиш учун шошилинч чоралар қабул қилиб, ислоҳотлар бўйича республикачи сенаторлар билан келишувга боради. Бу вақтда Камала Ҳарриснинг офиси ундан жавобгарликни соқит қилишга уринади — вице-президентнинг жамоаси у тўлиғича миграция муаммолари билан курашишга эмас, фақат айрим минтақалардаги унинг ўсишига олиб келадиган омилларга масъул эканини билдиради. Байден маъмурияти бунга жавобан унинг ҳаракатларини «энг яхши ҳолатда самарасиз, энг ёмон ҳолатда эса — эпизодик» деб баҳолаган.
Байден ва Ҳаррис даврида Оқ уй фаолиятидаги яна бир жиддий муваффақиятсизлик 2021 йил августида Афғонистондан Америка қўшинлари олиб чиқилиши билан боғлиқ бўлганди (ўшанда америкаликлар орасида президент ишини маъқуллаш рейтинги пасайиб кетганди). Шуниси маълумки, Ҳаррис Оқ уйда бу масаладаги баҳслардаги муҳим иштирокчи бўлган. Президентнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Байденнинг ўзи буни талаб қилганини айтган. Аммо Оқ уйдаги журналистларнинг манбалари демократларнинг Ҳаррисдан ҳафсаласи пир бўлганини айтишган: вице-президент партиянинг бўлажак раҳбари бўлиши мумкинлигини исботлай олмаган.
Бундан ташқари, у Байден ва унинг жамоаси билан муносабатларни айнан қандай қургани тушунарсиз — вице-президентнинг маъмуриятдаги ўрни эса шунга боғлиқ. Америка сиёсати тарихида икки энг юқори мартабали шахслар ўртасида нафрат ҳам (1960-йилларда Жон Кеннеди ва Линдон Жонсон), мутлақо содиқлик ҳам (2010-йиллар охирида Доналд Трамп ва Майкл Пенс), рақобат ҳам (XVIII аср охирида Томас Жефферсон ва Жон Адамс), амалда мамлакатни биргаликда бошқариш ҳам (1970-йиллар охирида Жимми Картер ва Уолтер Мондейл) бўлган.
Натижада 2023 йил ёзида Ҳаррис фаолиятини маъқуллаш рейтингини тарихдаги барча вице-президентлар учун антирекорд қайд этади. Сайловчиларнинг фақат 32 фоизи унинг ҳаракатларини ишончли деб ҳисоблаганди.
Партия ҳали Камала Ҳаррисни тасдиқламаган. Аммо демократларда танлов ҳам йўқ
Байден июн ойи охиридаги дебатда муваффақиятсизликка учраганидан 21 июл куни президентлик пойгасини тарк этишига қадар бўлган ҳафталар давомида кўплаб поллстерлар сўровлар ўтказиб, сайловчилардан Ҳаррис ва Трампдан бирини танлашни сўраган. Ташвиқотига юз миллионлаб долларлар сарфланмаганига қарамай, вице-президент республикачилар номзодидан ўртача 2,9 фоизга ортда қолган — бу Байденники билан бир хил натижа.
Шу билан бирга, NYT нашри «кўплаб демократ сиёсатчилар» янги номзодни тайинлашда рақобат жараёни бўлишини афзал кўришини ёзган. Масалан, Барак Обама партияни шунга чақирган. Эҳтимол, бундай вариант Ҳарриснинг ўзи учун ҳам фойдали бўлган бўларди — сайловчилар кўз ўнгида у янада легитим ва синовдан ўтган номзод бўлиб гавдаланарди. Бошқа томондан, август ойи охирида ўтказиладиган партия қурултойи арафасидаги ҳафталарда ўтказиладиган квазипраймериз демократлар учун жиддий хавф туғдирарди — партия буни Ҳаррис номзодига ишончсизлик сифатида қабул қиладиган афроамерикалик сайловчиларнинг бир қисмининг овозидан қуруқ қолиши мумкин эди.
Шу тариқа, Ҳаррис Байденнинг ягона «меросхўри» бўлиб қолди. Илк соатларда унинг номзодини Билл ва Ҳиллари Клинтон, Калифорния губернатори Гэвин Нюсом (у ҳам эҳтимолий номзодлар қаторида келтирилганди), нуфузли конгрессмен Жеймс Клайберн, транспорт вазири Пит Буттижич ва сўл конгрессвумен Александрия Окасио-Кортес қўллаб-қувватлади. Теннесси, Ню Ҳэмпшир, Шимолий ва Жанубий Каролинадаги демократлар ҳам уларнинг делегациялари партия қурултойида Ҳаррисга овоз беришини маълум қилишди.
Барча муаммоларга қарамай, вице-президент Трамп учун кучли рақиб бўлиши мумкин. Республикачи номзод қаршисида ожиз қолган Байдендан фарқли ўлароқ, Ҳаррис уни фаол танқид қилишга тайёр: абортни тақиқлашни қўллагани, радикал Жей Ди Вэнсни вице-президентликка танлагани ва ҳатто ёши учун (78 ёшли Трамп Байден президентликка келган вақтдагидан қарироқ, — Ҳаррис эса 59 ёшда).
Бундан ташқари, Байден билан сайловчилар кўз ўнгида дуэт бўлиб ҳаракат қилмагани туфайли ҳам Ҳаррисда президентнинг сайловчиларга ёқмаган ҳаракатларини ўзидан соқит қилиш имкони бўлади. Агар у вице-президент танлашда муваффақиятли қарорга келса, «иккиланувчи» штатлардан бирида устунликка эришиши кафолатланади. Қолаверса, у сайловда қатнашмоқчи эканини эълон қилганидан кейинги саккиз соат ичида унинг штаби 47 миллион доллар миқдоридаги хайрия маблағларини йиғишга эришди.
Трампнинг штабидагилар сайловолди пойгасида Ҳаррис рақиб бўлишига тайёрланмоқда — ва аллақачон у Байденнинг саломатлиги тўғрисидаги маълумотларни яширишда ва мамлакат ичкарисидаги муаммоларни, масалан инфляция ҳақида очиқ гапиришни истамасликда айбланган ТВ-ролик тайёрланган. Республикачилар номзоди эса «Ҳаррисни енгиш Байденни енгишдан кўра осонроқ бўлиши»ни айтган.
Мавзуга оид
10:37
Суд Трампнинг Сторми Дэниэлсга тўловлари бўйича иш юзасидан қарорни кечиктирди
09:56
Трамп Сорос фонди собиқ менежерини молия вазири этиб танлади
17:48 / 22.11.2024
Трамп Пэм Бондини бош прокурор лавозимига янги номзод сифатида кўрсатди
14:54 / 22.11.2024