Ўзбекистон | 20:12 / 26.07.2024
4645
2 дақиқада ўқилади

Экология вазирлигига қўшимча ваколатлар берилди

Вазирлик юридик ва жисмоний шахслар билан овчилик хўжалигини юритиш учун ов қилиш жойларини бериш тўғрисида шартнома тузиш ваколатига эга бўлди.

Фото: Экология вазирлиги

«Республикада ов қилиш ва овчилик хўжаликлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармонига кўра, Экология вазирлигига қуйидаги ваколатлар берилди:

- овчилик хўжалигини юритиш учун ов қилиш жойларини бериш тўғрисидаги шартноманинг намунавий шаклини тасдиқлаш;

- овчилик хўжалигини юритишда техник-иқтисодий асоснома материалларининг форматини тасдиқлаш;

- юридик ва жисмоний шахслар билан овчилик хўжалигини юритиш учун ов қилиш жойларини бериш тўғрисида шартнома тузиш.

2024 йил 1 октябрдан овчиларга овчилик йўлланмаси ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квоталар асосида электрон дастур орқали берилади.

2024 йил 1 октябрдан овчилик гувоҳномасини беришнинг қуйидаги тартиби ўрнатилади, жумладан:

- овчилик гувоҳномасини олиш учун талабгорларни махсус ўқув курсларида ўқитиш жорий этилади;

- овчилик гувоҳномаси муомалага лаёқатли, 18 ёшга тўлган, ўқув курсларини тугатган ва тест синовларидан муваффақиятли ўтган жисмоний шахсларга ЯИДХП орқали 2 йил муддатга берилади.

2024 йил 1 сентябрдан ёввойи ҳайвонларни кўпайтириш жойларини, кичик сафари парклар ва ов туризмини ташкил қилган овчилик хўжаликлари 3 йил муддат мобайнида мол-мулк ва ер солиғини 50 фоизга камайтирилган солиқ ставкалари бўйича, шунингдек, айланмадан олинадиган солиқни 1 фоиз миқдорида тўлайди.

Мавзуга оид