Жаҳон | 10:22 / 26.07.2024
2050
3 дақиқада ўқилади

Германияда ИШИДни молиялаштиришда гумонланган россияликлар ҳибсга олинди

Россиялик Абдулрашид Д. ва Сурхо З. Германияда қамоққа олинди. Улар ИШИД террорчиларини қўллаб-қувватлаш ва молиялашда гумон қилинмоқда.

Фото: AP

Россиялик Абдулрашид Д. ва Сурхо З. Ҳамбург ва Шлезвиг-Голштейн шаҳарларида ИШИД террорчилик гуруҳини қўллаб-қувватлаш ва молиялаш, шунингдек, жиноий ташкилотга аъзоликда гумонланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда 25 июл, пайшанба куни Германия федерал прокуратураси маълум қилди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг сўзларига кўра, бу шахслар Германия ва бошқа Европа давлатларида ИШИД учун маблағ тўплаган ташкилот аъзолари бўлган. Маълум қилинишича, иш бўйича тинтувлар бир вақтнинг ўзида Берлин, Ҳамбург, Шлезвиг-Голштейн ва Саксониядаги еттита жойда ўтказилган. 

Германия ички ишлар вазири Нэнси Фезер сўзларига кўра, бу ҳибсга олишлар мамлакат хавфсизлик органларининг терроризмга қарши курашдаги қатъиятини яна бир бор намойиш этди. «Биз бу муҳитни кузатиб борамиз, бу, айниқса, Германиядан ИШИД террорини қўллаб-қувватлаётган, террорни молиялаш тармоқларини ташкил этган ва хайрия йиғаётганларга тегишли», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтирган dpa немис агентлиги. 

Германияда Ҳамбург ислом маркази фаолияти тақиқланди 

24 июл, чоршанба куни Германия Ички ишлар вазирлиги Ҳамбург ислом маркази (IZH) ва унга қарашли бўлинмаларни тақиқлади. Вазирлик баёнотида қайд этилишича, марказ Эрон «ислом инқилоби олий раҳбари»нинг «тўғридан тўғри вакили» бўлиб, Германияда «ислом инқилоби» деб аталмиш мафкурани «тажовузкор шаклда» тарқатмоқда. 

Шу куни Германия Ички ишлар вазирлиги раҳбари Нэнси Фезер Ҳамбург ислом маркази «тоталитар мафкурани тарғиб қилади», «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатини қўллаб-қувватлайди ва «тажовузкор антисемитизм»ни тарқатади, дея баёнот берди. «Биз қатъий чоралар кўрилаётганлар билан мамлакатимизда ўз эътиқоди билан яшаётган кўплаб мусулмонлар ўртасида аниқ фарқни биламиз. Тақиқ ҳеч қандай тарзда шиаларнинг эътиқодига таъсир қилмайди», деб тушунтирди федерал вазир.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид