Ўзбекистон | 08:31 / 26.07.2024
2608
2 дақиқада ўқилади

Икки ҳудудда дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келганлар ушланди

Андижон ва Сурхондарё вилоятларида дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган шахслар қўлга олинди. 

Фото: Прокуратура департаменти

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабарига кўра, департамент ҳамда ДХХнинг Андижон вилояти бошқармалари томонидан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Унда, қонунга хилоф равишда дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган фуқаро А.Б. тегишли ҳужжатлари бўлмаган 30 қути “Элфлок 100 мл” номли дори воситасини Жалақудуқ туманидаги “З.Ф.” МЧЖга қарашли дорихонага ўтказиш учун олиб келган вақтида ушланиб, унинг бошқарувидаги автотранспорт воситаси ва яшаш хонадонидан сотиш мақсадида сақлаб келинган умумий баҳоси 172,2 млн сўмлик ҳужжатсиз дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган

Шу каби, департаментнинг Ангор туман бўлими вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Г.М. фуқаро М.Х.га таркибида кучли таъсир қилувчи моддалари мавжуд бўлган 8 қути (288 капсула) “Редуксин лайт” ва 8 қути Detox Tea номли дори воситаларини 4,5 млн сўмга сотган вақтида ушланиб, ушбу дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид