Томас Крукснинг телефони 40 дақиқа ичида бузиб кирилган. ФТБ буни қандай уддалади?
Бунда Cellebrite компанияси ёрдам берган — у бутун дунё бўйлаб махсус хизматларни ҳакерлик воситалари билан таъминлайди.
Доналд Трампни отган Томас Мэттю Крукснинг телефонини бузиб кириш учун Федерал тергов бюроси агентларига атиги 40 дақиқа кифоя қилган. Бу ишни исроиллик дастурчилар ёрдамида амалга оширишган. Бу бир томондан агентлар тезкор ишлаганини кўрсатса, бошқа томондан замонавий смартфонлар хавфсизлиги ҳақида гаплар шунчаки сафсата эканини навбатдаги марта исботлайди. АҚШ нашрларида жиноятчининг телефони қандай бузиб кирилгани ҳақида тафсилотлар пайдо бўлди.
Bloomberg'нинг ёзишича, Федерал қидирув бюроси Крукснинг телефонини бузиб кириш учун Исроилдаги Cellebrite компанияси тақдим этган дастурий таъминотидан фойдаланган. Идора суиқасддан икки кун ўтиб телефон бузиб кирилганини эълон қилганди. Бюро телефонни қандай қилиб бунчалик тез бузиб кирганини тушунтирмаган. Ваҳоланки, одатда гумонланувчилар телефонини бузиб киришга бир неча ой талаб қилинган.
Washington Post Крукснинг телефони Samsung компанияси ишлаб чиқарган охирги моделдаги қурилмалардан бири эканини ёзди. Ундаги Android тизими Исроил компанияси тақдим этган қурилма ёрдамида иккинчи уринишда бузиб кирилган. Аввалига телефон Питтсбургдаги ФТБ идорасига юборилган. Аммо у ерда қурилмани бузиб кира олишмагач, гаджет Виржинядаги Куантико ФТБ агентларига юборилган. У ерда агентлар айнан исроиллик дастурчилар ишлаб чиқарган Cellebrite дастурий таъминоти орқали қурилмани бузишади.
Питтсбургдаги идорада ҳам худди шундай дастур бўлган, лекин унинг ёрдамида қурилма блокини оча олишмаган. Каунтикода эса исроиллик мутахассислар қўшимча техник кўмак тақдим этгач, Крукснинг телефони очилади. Қизиғи, америкаликларга тақдим этилган дастур ҳали ишлаб чиқариш босқичида бўлган.
Washington Post'га кўра, Крукснинг телефони бузиб кирилгани тергов жараёнини тезлаштирмаган. Қотилнинг шериклари бўлганми? Суиқасд мотиви нимадар иборат бўлган? Қурилма бузиб кирилгани ҳам мана шу икки муҳим саволга жавоб топмаган.
ОАВда Cellebrite дастури телефонларни қандай бузиб кириши ҳақида турли маълумотлар пайдо бўлди. Уларда айтилишича, бу дастур фойдаланадиган усуллардан бири қайта уринишларни блокловчи ҳимоя тўсиғини блоклаш ҳисобланади. Шунингдек, исроилликлар ишлаб чиқариб, дунёга сотадиган дастур телефонга кириш учун бир вақтнинг ўзида миллионлаб паролларни кирита олади. ФТБ айнан қандай услубдан фойдалангани аниқ эмас.
The Verge нашри ёзишича, АҚШдаги деярли барча полиция бўлимларида телефонларни бузиб киришга мослашган Cellebrite қурилмалари бор. Махсус хизматларда эса янада кўпроқ қурилмалардан фойдаланади. Upturn нотижорий тадқиқот ташкилоти ўтказган суриштирувда АҚШнинг 50 та штати ва Колумбия округидаги 2 мингдан ортиқ ҳуқуқ-тартибот идораларида мобил қурилмаларни криминал экспертиза қиладиган қурилмалар мавжуд. Улар орасида нархи 30 минг доллар турадиган Graykey қуриласи ҳам бор. Унинг асосчиси қурилманинг янги версияси iOS 17 оператив тизимини ва Samsung Galaxy S24 телефонларини бемалол бузиб кира олишини айтиб мақтанган.
Телефонлар хавфсизлиги ҳақида гапирганда 2016 йил АҚШ Федерал тергов бюроси ва Apple компанияси ўртасидаги тортишувни эсламай бўлмайди. Ўшанда бюро Apple'дан Калифорнияда 14 кишини ўлдирган террорчи Саид Фарукнинг iPhone 5S телефонини бузиб киришда ёрдам беришни талаб қилади. Аммо Apple буни демократия учун таҳдид деб ҳисоблаб, ҳамкорликдан бош тортади. Кўп ўтмай ФТБ Aplle ёрдамига муҳтож эмаслиги, телефонни бузиб киришда учинчи томон ёрдам берганини маълум қилганди. Ўшанда террорчининг телефонини айнан Cellebrite ёрдамида бузиб киришгани айтилганди. Аммо кейинчалик АҚШ агентларига бу борада Австралиядаги унча номи чиқмаган Azimuth Security компанияси ёрдам бергани маълум бўлди.
Фаолларга қарши қўлланган қурилма
Исроилнинг Cellebrite компанияси дунёдаги ҳуқуқ-тартибот органларига дастурий таъминот сотиб келаётган саноқли ширкатлардан бири. Улар давлатларга ўз қурилмаларини фақат қонунда рухсат этилган ҳолатларда ишлатсагина сотишини иддао қилади. Аммо исроилликларнинг бу дастури фаолларни кузатишда қўллангани сабаб кўп марта танқидга учраган. Бу компания 2023 йил август ойида ўз мижозларига айнан Cellebrite'дан фойдаланишганини айтмасликни сўрагани шубҳали ҳолат.
Компания iPhone X чиққанидан ярим йил ўтиб уни бузиб кира олишгани, ҳозир эса iOS ва Android'нинг энг янги қурилмаларини буза олишини айтиб мақтанади.
Инсонларнинг рақамли ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Access Now ташкилоти Cellebrite асосчиларини ҳакерларга тенглаштириб, бу дастур кўп давлатларда ҳуқуқ фаолларига қарши ишлатилганини маълум қилган. Масалан, Cellebrite'ни Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ), Россия Ички ишлар вазирлиги ва Россия Тергов қўмитаси ҳам сотиб олган.
«Медиазона» нашри россиялик терговчилар Алексей Навалний жамоаси аъзоси Любов Соболнинг телефонини айнан Cellebrite компанияси ишлаб чиқарган дастур ёрдамида бузишга уринишгани ҳақида ёзганди. Беларусда Александр Лукашенко маъмурияти 2016 йилда бу дастурдан фойдалангани ҳам ОАВда ёзилган.
Ҳуқуқ фаоллари бу дастур Хитой ва Ҳонгконгда ҳам фаолларга қарши ишлатилгани ҳақида ёзгач, компания бу давлатларга маҳсулот сотишни тўхтатган. 2021 йилдан эса юқоридаги танқидлар фонида Россия ва Беларусга ҳам Cellebrite қурилмаларини тақдим этиш тўхтатилган.
Мавзуга оид
10:37
Суд Трампнинг Сторми Дэниэлсга тўловлари бўйича иш юзасидан қарорни кечиктирди
09:56
Трамп Сорос фонди собиқ менежерини молия вазири этиб танлади
17:48 / 22.11.2024
Трамп Пэм Бондини бош прокурор лавозимига янги номзод сифатида кўрсатди
21:00 / 21.11.2024