Жаҳон | 14:01 / 26.07.2024
4474
2 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия музлатилган активларни алмашишга рухсат бермади

Россия россиялик ва европалик чакана инвесторларга блокланган қимматли қоғозларни алмашишга рухсат беришни таклиф қилди. Европа Иттифоқи рад этди.

Фото: Reuters

Европа Иттифоқи давлатларидан жисмоний ва юридик шахсларга Россия томонидан таклиф қилинган инвесторлар ўртасида активларни айирбошлаш схемасида иштирок этиш тақиқланади. Бу ҳақда Европа комиссияси томонидан 24 июл, чоршанба куни эълон қилинган Иттифоқнинг Молиявий барқарорлик, молиявий хизматлар ва капитал бозорлари бош бошқармаси (DG FISMA) тушунтиришларида айтилади. Тақиққа сабаб - Россия Миллий ҳисоб-китоб депозитарийсининг айирбошлаш схемасида иштироки. Ушбу молиявий тузилма 2022 йил июн ойидан бошлаб Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилган, шунинг учун у билан ўзаро ҳамкорлик қилишнинг иложи йўқ.

Россия ва хорижий инвесторлар ўртасидаги ушбу активларни алмаштириш схемаси россиялик чакана инвесторларга ҳозирда Европа Иттифоқи марказий қимматли қоғозлар депозитарийларидаги Миллий ҳисоб-китоб депозитарийси ҳисобларида музлатилган Ғарб қимматли қоғозларини Россияда С тоифадаги ҳисобларда блокланган инвесторлар маблағларига алмаштириш бўйича таклифлар киритиш имконини беради, дейилади дирекция томонидан тайёрланган тушунтиришларда. 

Россия ва хорижий инвесторлар ўртасидаги активларни айирбошлаш бўйича битимлар 12 август куни бўлиб ўтиши керак, дея хабар беради ташкилотчи, «Инвестиционная палата» брокери. Ташкилотчининг таъкидлашича, россиялик инвесторлар умумий қиймати 35 миллиард рубл бўлган активларни сотиб олишни таклиф этган. Жараёнда 100 минг рублгача бўлган активлари бўлган хусусий инвесторлар иштирок этишлари мумкин эди. Жами 2,5 мингга яқин турдаги активлар сотувга чиқарилди. 

Аввалроқ, «Инвестиционная палата» вакилининг таъкидлашича, айирбошлаш механизми Миллий ҳисоб-китоб депозитарийси ролини минималлаштирилган тарзда ишлаб чиқилган бўлиб, у фақат транзакциялар ҳисобини юритишдан иборат бўлади. Бироқ, Европа комиссияси таъкидлаганидек, «Миллий ҳисоб-китоб депозитарийсига тўғридан тўғри ёки билвосита ҳеч қандай маблағ ёки иқтисодий ресурслар тақдим этилиши мумкин эмас». 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид