Жаҳон | 11:26 / 27.07.2024
3397
2 дақиқада ўқилади

Байден АҚШ Олий судини ислоҳ қилиш режасини тақдим этмоқчи

Жо Байден 29 июл куни Техасга ташрифи чоғида АҚШ Олий судини ислоҳ қилишга чақириши кутилмоқда, дея хабар берди Politico нашрига масаладан хабардор манбалар.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Жо Байден 29 июл куни Техасга ташрифи чоғида мамлакат Олий судини ислоҳ қилиш режасини тақдим этади. Бу ҳақда 26 июл, жума куни икки хабардор манбага таяниб Politico маълум қилди.

Байден судялар муддатини чеклашни, мажбурий ахлоқ кодексини қабул қилишни ва президентнинг дахлсизлигини чекловчи конституцияга ўзгартиришни қўллаб-қувватламоқчи. Дахлсизлик натижасида Оқ уй президентлигига республикачи номзод Доналд Трамп 2021 йил январда Капитолийга ҳужум иши бўйича жиноий таъқибни президентлик пойгасида қатнашаётгани сабабли кечиктиришга муваффақ бўлди. Politico манбаларининг айтишича, ислоҳот режаси аниқ тафсилотлари номаълумлигича қолмоқда ва ўзгариши мумкин. 

Жо Байден бир неча бор Олий судни ва унинг қарорларини, шу жумладан, қурол муомаласига оид қаттиқ қоидалар блокланишини танқид қилган. «Мен Олий судни ислоҳ қилишга чақирмоқчиман, чунки бу бизнинг демократиямиз учун жуда муҳим», деди Байден 24 июл куни халққа қилган мурожаатида президентликка иккинчи муддатга сайланишдан бош тортганини тушунтириб. 

Мавзуга оид