Ўзбекистон | 17:24 / 27.07.2024
12790
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда соатлик ва кунлик электр энергияси истеъмоли рекорди янгиланди

Кузатилаётган аномал иссиқ об-ҳаво шароитида электр энергиясига бўлган талаб ҳафта давомида 16,5 млн KW•h ёки ўртача 7,1 фоиз ошган. 25 июл куни соат 15:47 да Ўзбекистон энерготизимида истеъмол қуввати 11 822 MWʼни ташкил қилган. Мазкур кўрсаткич ёз даври учун тарихдаги абсолют рекорд ҳисобланади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда 25 ва 26 июл кунлари энерготизим бўйича мутлақ тарихий рекорд кўрсаткичлар янгиланган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, 25 июл куни соат 15:47 да ҳаво ҳарорати +39,7 даражада (Тошкент шаҳрида) Ўзбекистон энерготизимида истеъмол қуввати 11 822 MW’ни ташкил қилган. Мазкур кўрсаткич ёз даври учун тарихдаги абсолют рекорд бўлиб, 2023 йил 28 июлда (+40 даража) қайд этилган энг юқори истеъмолга нисбатан 343 MW кўп бўлган.  

Шунингдек, 26 июл куни ёзги максимал суткалик электр энергияси истеъмоли 253,3 млн KW•hʼни ташкил этиб, 2023 йил 28 июл кунги ёзги максимал истеъмолдан 0,9 млн KW•h кўп бўлган. 

Тошкент шаҳрида 26 июл куни абсолют тарихий рекорд истеъмол қуввати соат 14:27 да кузатилиб, 1705 MW’ни ташкил этган. Бу ўтган йил 27 июл (+40,1 даража) кунида кузатилган максимал истеъмолга нисбатан 97 MW кўпдир.

Аномал ҳарорат фонида ҳаво ва кабел электр узатиш линияларининг ўтказувчанлик қобилияти пасайиши сабабли пойтахтнинг алоҳида электр тармоқ хўжалик объектларида (соат 11:00 дан соат 17:00 гача) ўта кучли юкланишлар қайд этилган. Мазкур ҳолат тизимли аварияларнинг ривожланишига йўл қўймаслик ва пойтахт истеъмолчиларнинг тартибсиз оммавий узилишларининг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳар истеъмолчиларига қисқа муддатли вақтинчалик чекловлар киритишни талаб этган.

“Истеъмолчилардан тармоқда кенг кўламли носозликлар юзага келишининг олдини оладиган, анча узоқ вақт тузатишни талаб қиладиган ҳолгача етиб бормаслик учун қисқа муддатга электр энергиясини узиб туришга тўғри келадиган бундай зарурий чоралар бугун ўта муҳим эканини тўғри тушунишларини сўраймиз”, дейилади вазирлик хабарида.

Қайд этилишича, айни пайтда кундузги соатларда энерготизимда жами 1300 MW захира қувватлари мавжуд бўлиб, истеъмол талабининг қарийб 1900 MW қисми ёки 16 фоизи қуёш фотоэлектр станциялари ҳисобидан қопланмоқда.  

Мавзуга оид