Жаҳон | 07:31 / 30.07.2024
1894
2 дақиқада ўқилади

Германия Украинага яна саккизта Leopard танкини топширди

Германия Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш рўйхатини кенгайтирди. Германия Украинага бошқа нарсалар қаторида яна саккизта Leopard танки (Дания билан қўшма лойиҳа доирасида), Gepard зенит қуроллари учун снарядлар, дронлар ва радар станцияларини етказиб берди.

Фото: CC BY 2.0 / 270862

Германия ҳукумати 29 июл, душанба куни Киевга етказиб берилган қуроллар рўйхатини янгилади. Дания билан қўшма лойиҳа доирасида Украинага яна саккизта Leopard 1А5 танклари ва улар учун эҳтиёт қисмлар топширилди

Бундан ташқари, Украина Қуролли кучлари Германиядан Gepard ўзиюрар зенит қуроллари учун яна 21 минг снаряд, 10 та сувусти дронлари, иккита Bergepanzer 2 зирҳли таъмирлаш ва тиклаш машинаси, 10 та радар станцияси, дала касалхонаси ва ҳарбий хизматчилар учун ўқ-дорилар олди.

Аввалроқ Германиянинг Украинага ҳарбий ёрдами рўйхати 8 июл куни янгиланган эди. Ўшанда у Германия томонидан етказиб берилган учинчи Patriot зенит-ракета тизимини, Gepard ўзиюрар қуроллари учун 9 минг снарядни ва 155 мм калибрли 55 минг артиллерия снарядларини ўз ичига олди. 

Украинага ҳарбий ёрдам учун қўшимча маблағ керак

Май ойида Германия Мудофаа вазирлиги, Bild am Sonntag газетасига кўра, Украинага ҳарбий ёрдам учун қўшимча 3,8 миллиард евро сўраган. Бу вақтга келиб, ҳукумат томонидан 2024 йил учун ажратилган 7,1 миллиард евро деярли тўлиқ режалаштирилган эди. Бу маълумотларга кўра, Киев учун қурол-яроғ, ўқ-дорилар ва бошқа ҳарбий техниканинг янги партияларини харид қилиш учун бор-йўғи 300 миллион евро қолган. 

2025 йилги бюджет лойиҳасида Германия ҳукумати Киевга ёрдам кўрсатиш учун бор-йўғи 4 миллиард еврони киритган, деб хабар бермоқда Reuters. Берлин Киев август ойидаёқ Ғарбда музлатиб қўйилган Россия активларидан даромад ола бошлайди, деб кутмоқда. Ушбу схема бўйича биринчи трансфер тахминан 1,4 миллиард еврони ташкил қилиши керак. Бундан ташқари, «катта еттилик» Украинага худди шу активлар гарови остида 50 миллиард доллар кредит бермоқчи. 

Мавзуга оид