Жаҳон | 20:42 / 31.07.2024
23510
8 дақиқада ўқилади

Ҳамаснинг ўлдирилган етакчиси Исмоил Ҳания ҳақида нималар маълум?

Исмоил Ҳания Ғазодаги Фаластин мухторияти ҳукумати бош вазири бўлган, сўнгги йилларда Ҳамас ҳаракатининг сиёсий бюросини бошқарган.

Фото: EPA

Сўнгги йилларда у Қатарда яшаб келарди ва анчадан буён Ғазо секторида бўлмаган.

62 ёшли Исмоил Ҳания 2017 йилда Ҳамас сиёсий бюроси раҳбарлигига сайланган, у бу лавозимда Холид Машал ўрнини эгаллаган, аммо у илк бор 2006 йилда Ҳамас кутилмаганда Ғазодаги сайловларда ғалаба қозонгач, Фаластин мухторияти бош вазири бўлганида танилганди.

Ҳания 1962 йилда Ғазо шаҳридан ғарбдаги қочқинлар лагерида туғилган. Унинг ота-онаси 1948 йилда араб-исроил уруши вақтида ҳозирги Ашкелон шаҳри атрофида бўлган уйини тарк этганди.

У Ғазодаги Ислом университетида араб адабиётини ўрганган ва шу ерда ислом ҳаракатига аъзо бўлган.

Ҳания университетни 1987 йилда тамомлаган, биринчи интифадада қатнашган ва шундан кўп вақт ўтмай намойишлардаги иштироки учун Исроил ҳукумати томонидан ҳибсга олинган. У ўшанда қисқа муддатга қамалади.

1988 йилда, Ҳамас Ғазода «асосий қаршилик ҳаракати» сифатида етакчи позицияни эгаллаганида уни яна ҳибсга олишади ва олти ой муддатга озодликдан маҳрум этишади.

Кейинги йили Ҳания яна ҳибсга олинади ва уч йилга қамалади.

1992 йилда озодликка чиққанидан кейин Ҳания Ҳамаснинг юқори мартабали етакчилари Абдул Азиз ал-Рантисий, Маҳмуд ал-Заҳар ва гуруҳнинг бошқа 400 дан ортиқ аъзолари билан биргаликда Марж аз-Зуҳур лагерига депорт қилинади — у Исроил ва Ливан чегарасидаги мазкур бетараф ҳудудда яна бир йилни ўтказади.

Ҳания 1993 йил декабрида Ғазога қайтади ва Ислом университетида декан лавозимини эгаллайди.

Ҳания Ҳамаснинг 2004 йилда ўлдирилган етакчиси Абдул Азиз Рантисийнинг дафн маросимидан кейинги митингда. Бундан тахминан бир ой олдин ҳаракат асосчиси ва диний раҳнамоси шайх Аҳмад Ёсин ҳам худди шундай услубда, авиазарба орқали ўлдирилганди.

1997 йилда Ҳания Ҳамас ҳаракати диний раҳнамоси, шайх Аҳмад Ёсиннинг котиби ва ўнг қўли бўлади, бу унинг позициясини сезиларли даражада мустаҳкамлайди.

2003 йил сентябрида Ҳания ва Аҳмад Ёсин исроилликларнинг Ғазо шаҳридаги турар жой биносига йўллаган авиазарбаси оқибатида енгил тан жароҳати олади.

Ярим йил ўтиб Аҳмад Ёсин исроилликлар зарбаси қурбонига айланади, зарба у масжиддан бомдод намозини ўқиб чиққан маҳалда берилганди.

Ҳания 2006 йилги Фаластин мухториятидаги сайловларда Ҳамас кампанияси раҳбари бўлади. Сайловда ҳаракат номзодлари Фаластин қонунчилик кенгашидаги 132 ўриндан 76 тасини эгаллайди.

Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос Ҳамасга биргаликда янги ҳукумат шакллантиришни сўраб мурожаат қилади.

Аммо собиқ ҳукмрон Фатҳ ҳаракати ва бошқа фракциялар билан коалиция тузиш бўйича бир ҳафта давом этган музокаралар муваффақиятсизликка учрайди, Ҳания асосан ўз жамоаси ва бир неча технократлардан иборат ҳукумат шакллантиришга мажбур бўлади.

2006 йил 16 феврал куни Ҳамас Ҳанияни Фаластин мухторияти ҳукумати бош вазири этиб тайинлайди ва у бир неча кундан кейин лавозимга киришади.

Ўз маъмуриятининг кун тартибини баён қиларкан, Ҳания Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқини агар Ҳамас зўравонликдан воз кечмаса ва Исроилни тан олмаса, Фаластин мухториятини молиялаштиришни тўхтатиш бўйича таҳдидларини бекор қилишга чақиради.

У фаластинликлар мустақиллик учун курашни давом эттириш ҳуқуқига эгалигини таъкидлайди, шу билан бир вақтда можарони ҳал қилиш учун халқаро воситачилар билан музокаралар олиб боришни хоҳлашини ҳам айтади.

«Бизнинг ҳукумат минтақада адолатли тинчликка эришиш, оккупацияга барҳам бериш ва ҳуқуқларимизни тиклаш учун бор кучини аямайди», — деганди у.

Бир йил ўтиб Ҳаниянинг ҳукумати Фаластин миллий маъмурияти президенти Маҳмуд Аббос томонидан тарқатиб юборилади, аммо Ҳамас бу қарорни ноқонуний деб эълон қилади ва кабинет амалда Ғазо сектори устидан тўлиқ назоратга эгалик қилган ҳолда фаолиятини давом эттиради.

Секторда бир ҳафта давомида ҳокимият учун қонли кураш кечади, шундан кейин Аббос бошчилигидаги Фатҳ ҳаракати вакиллари Ғазодан сиқиб чиқарилади. Ўшандан буён Ҳания бир неча бор Фатҳни тинчлик сулҳи тузишга чақирган.

Ҳания Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос билан 2006 йил майида, ўшанда Ҳания ҳаракат раҳбарлигига сайланганди

2017 йил 6 май куни у Ҳамас сиёсий бюроси раҳбари этиб сайланади. Бундан бир неча кун олдинроқ ҳаракат ўз хартиясини қайтадан кўриб чиққанди.

Ҳаракат томонидан эълон қилинган ҳужжатда у Фаластинни 1967 йил Олти кунлик уруш натижасида белгиланган чегараларида тан олиши, унинг асосий душмани эса — «сионистларнинг оккупация лойиҳаси» экани таъкидланган.

Ҳания 2022 йилда ҳаракат раҳбари сифатида Россияга ташриф буюриб, ТИВ раҳбари Сергей Лавров қабулида бўлган ҳамда Ҳамас «Россия ташқи сиёсатидаги кўплаб позициялар»да ҳамфикр эканини айтган.

У шунингдек Давлат думаси депутатлари қаршисида чиқиш қилган, ҳатто Қозон шаҳрига бориб, Татаристон раҳбари Рустам Минниханов билан учрашган.

2018 йилда Қўшма Штатлар Ҳанияни террорчи деб топган ва унга қарши санкциялар қўллаган.

Ташқи ишлар вазирлиги Ҳания «Ҳамаснинг ҳарбий қаноти билан яқин алоқаларга эгалиги» ва «қуролли курашни, жумладан тинч аҳоли вакилларига қарши зўравонликларни қўллаши»ни таъкидлаган.

Ҳамаснинг 2023 йил 7 октябрида Исроилга ҳужумидан кўп ўтмай Ҳания ҳаракатнинг бошқа вакиллари билан Доҳадаги офисда араб телеканалида Ҳамаснинг ҳарбий қаноти бўлмиш «Изз ад-Дин ал-Қассам бригадаси» жангчилари исроилликларнинг ҳарбий техникасини ўлжа қилиб олгани кўрсатилган репортажни томоша қилаётгани акс этган видео тарқалганди. Видеода Ҳания «бу ғалаба учун Аллоҳга шукрона айтиб» ибодат қилгани ҳам кўрсатилган.

2022 йилда Ҳания Москвага ташриф буюрган ва Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров билан учрашган

Жорий йил майида Ҳания телефон орқали Қатар бош вазири ҳамда Миср разведка вазири билан гаплашиб, уларга Ҳамас ўт очишни тўхтатиш бўйича таклифга рози эканини айтгани ҳақида хабар тарқалганди.

Ўшанда фаластинлик юқори мартабали мулозим BBC билан суҳбатда агар келишув шартларига амал қилинса, Ҳамас «душманлик фаолиятини бутунлайга тўхтатиш»га розилигини билдирганди. Аммо воқеалар ривожи кузатилмади ва Ҳамас Исроилга қарши курашини давом эттирди.

Исмоил Ҳания ўз амакиваччаси Амал Ҳанияга уйланган, улар 13 фарзанд кўришган — саккиз ўғил ва беш қиз.

Жорий йил апрелида Ҳаниянинг уч ўғли ва бир неча набираси Ғазо секторида исроилликлар авиазарбаси қурбони бўлди. Исроил мудофаа армияси ўлдирилганларнинг барчаси Ҳамаснинг ҳарбий қаноти аъзолари бўлганини билдирган.

Хабарларга кўра, Ҳаниянинг яна бир ўғли февралда ўлдирилган, унинг укаси ва яна бир қариндоши октябрда, бир набираси ноябрда ҳалок бўлган.

Ҳания ўшанда ўз фарзандлари ва набираларини «шаҳидлар» деб атаб, оила аъзолари ўлими Ҳамаснинг ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралардаги позициясига таъсир кўрсатмаслигини айтганди.

«Бизнинг талабларимиз аниқ ва равшан, биз ҳеч қандай ён бермаймиз. Душман агар музокараларнинг авж палласида ва ҳаракатимиз таклифларга ўз жавобини беришидан олдин менинг ўғилларимга ҳужум қилиши бизни позициямизни ўзгартиришга ундайди, деб ўйласа адашади», — деган Ҳания Al Jazeera телеканалига.

Мавзуга оид