Жаҳон | 21:27 / 31.07.2024
8619
3 дақиқада ўқилади

Ким Чен Ин ҳокимиятни қизига топширишга тайёрланмоқда — ОАВ

Охирги вақтларда КХДР етакчисининг қизи тадбирларда кўпроқ кўриниш бермоқда ва унга мурожаат қилиш тартиби ҳам ўзгарган.

Фото: Yonhap

КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг қизи Ким Чжу Эни отасининг меросхўри сифатида тайёрлаш бошланди. Бу ҳақда Жанубий Корея Миллий разведка хизмати (МРХ) маълумотларига таяниб, Bloomberg ва Yonhap хабар берди.

29 июль куни Миллий разведка хизмати парламент қўмитасидаги ёпиқ мажлисда Шимолий Кореядаги вазият бўйича разведка маълумотларини тақдим этган. Шундан кейин икки нафар депутат матбуот анжумани ўтказган ва журналистларга бу бўйича қисман маълумот берган.

Разведка хизматининг Ким Чжу Э отасининг давомчиси ролига номзодликка тайёрланаётгани ҳақидаги хулосаси унинг оммага кўриниш бериш частотаси ва қизга қилинаётган мурожаатлар таҳлили асосида шакллантирилган. 

МРХнинг маълумотларига кўра, Ким Чжу Энинг жамоатчилик фаолиятини тахминан 60 фоизи отасига ҳарбий ва иқтисодий тадбирларда ҳамроҳлик қилишига тааллуқли. Разведка таҳлилчилари, шунингдек, унга нисбатан «хяндо» дея мурожаат қилишаётганига эътибор қаратган. Бу сўз «йўлбошчи» дея таржима қилинади, аммо КХДРда «Инқилобий курашда йўлни ёритувчи чироқ» маъносини беради ва етакчилар ёки уларнинг меросхўрларига нисбатан ишлатилади.

Ким Чжу Э илк бор оммага отаси билан 2022 йилнинг ноябрида қалин қишки пальтода «Хвасон-17» қитъалараро янги баллистик ракета синовида кўриниш берганди. Шундан буён у Ким Чен Ин билан турли муҳим тадбирларда иштирок этиб келмоқда.

Жанубий Корея разведкаси Ким Чжу Эни 11 ёшда деб ҳисоблайди ва у Кимнинг уч нафар фарзандининг ўртанчаси. Bloomberg’нинг қайд этилишича, Шимолий Корея етакчисининг бирорта фарзанди бундай ёшда оммага кўриниш бермаган ва Ким Чжу Энинг пайдо бўлиши КХДР раҳбарларининг болаларни жамоатчилик эътиборидан узоқда тутиш борасидаги анъанасини бузган.

КХДР етакчиси ҳозирда 40 ёшда ва у яна ўнлаб йиллар давомида мамлакатни бошқариши мумкин. Бироқ МРХ Ким Чен Ин ортиқча вазн ҳамда юрак қон-томир касалликлардан азият чекади деб ҳисоблайди. Унинг вазни 140 килограммни ташкил этади. Жанубий Корея разведкасига кўра, Кимда 30 ёшидан бери гипертония ва диабет аломатлари пайдо бўла бошлаган.

Мавзуга оид