Ўзбекистон | 18:16 / 31.07.2024
2238
2 дақиқада ўқилади

Қайта ишланиши мажбурий бўлган чиқиндилар рўйхати тузилди

Пластмасса, қоғоз, метал, шиша, композитли материаллар, батарея ва аккумулятор, қурилиш чиқиндиларининг қайта ишланиши тартиби белгиланди.

Фото: Kun.uz

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан ҳамкорликда «Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар томонидан қайта ишланиши мажбурий бўлган чиқинди товарларининг белгилари бўйича рўйхати» ишлаб чиқилди.

Рўйхат «Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармонига мувофиқ тузилган.

Рўйхатда пластмасса, қоғоз, метал, шиша, композитли материаллар, батарея ва аккумулятор, қурилиш чиқиндиси каби материаллар қайта ишланиши бўйича код рақамлари ва белгилар қўйилган. Заруратга қараб мажбурий бўлган чиқинди товарларининг белгилари бўйича қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиб, тасдиқланиб борилади. Чиқиндиларни қайта ишлаш иккиламчи хомашёлардан самарали фойдаланишга имконият бериши, бу орқали атроф-муҳит ифлосланишининг олди олиниши таъкидланмоқда.

Қайта ишланиши мажбурий бўлган чиқиндиларнинг белгилари бўйича тасдиқланган рўйхат 12 ойдан кейин кучга киради.

Мавзуга оид