Жаҳон | 08:12 / 31.07.2024
36741
6 дақиқада ўқилади

Теҳронда Ҳамас етакчиларидан бири ўлдирилди. Асосий маълумотлар

Исмоил Ҳания Эрон пойтахтидаги қароргоҳига уюштирилган зарба натижасида ҳалок бўлган.

Фото: Majdi Fathi / NurPhoto / Corbis / Getty Images

31 июлга ўтар кечаси Эрон пойтахти Теҳронда Ҳамас етакчиларидан бири Исмоил Ҳания ҳалок бўлди. Унинг ўлими ҳақида дастлаб фаластинликлар гуруҳи, шунингдек Эрон инқилоби муҳофизлари корпуси расман хабар берди.

Ҳамас баёнотида Ҳания исроилликлар унинг Эрон пойтахтидаги қароргоҳига ҳужум қилиши оқибатида ҳалок бўлгани айтилади. У билан бирга унинг тансоқчиси ҳам ҳалок бўлган. Al Mayadeen телеканалига кўра, Ҳания жойлашган уйга бошқа давлат ҳудудидан туриб ракета зарбаси йўлланган, аммо унинг ўлими сабаби бўйича ҳозирча расмий маълумот берилмади. Ҳамаснинг юқори мартабали вакили Мусо Абу Марзуқ Ҳаниянинг ўлдирилишини «қўрқоқларча акт» деб атаган ва бу «жавобсиз қолмаслиги»ни билдирган. Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги Фаластин миллий маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос ҳам Ҳаниянинг ўлдирилишини қоралаган.

Исроил ҳукумати ҳозирча Ҳаниянинг ўлими юзасидан расмий баёнот бермади. Бир кун олдин Ливан пойтахти Байрут шаҳрига зарба берилиши оқибатида  «Ҳизбуллоҳ»нинг юқори мартабали қўмондонларидан бири Фуад Шукр ўлдирилгани ҳақида хабар берган Исроил мудофаа армияси вакили CNN телеканалининг Ҳамас етакчиси ўлими борасидаги саволига жавоб қайтармаган. Ҳаниянинг ўлдирилиши ҳақида гапирган ягона исроиллик мулозим Қуддус ишлари ва Исроил мероси бўйича вазир Амиҳай Элияҳу бўлди, у бу ҳолатни «дунёни ифлосликдан тозалашнинг тўғри йўли» деб атаган.

Россия ТИВ Ҳаниянинг ўлимини «минтақадаги кескинликнинг янада кучайиши»га олиб келувчи «мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган сиёсий қотиллик» деб атади. Бундай баёнот вазир ўринбосари Михаил Богданов томонидан берилган.

2019 йилдан буён Қатар ва Туркияда сургунда яшаб келган Ҳания Эроннинг 2024 йил майида авиаҳалокатда вафот этган президенти Иброҳим Раисий ўрнига янги сайланган президенти Маъсуд Пезешкиённинг инаугурация маросимида иштирок этиш учун Теҳронга келганди. The New York Times нашри ёзишича, Ҳания бироз олдинроқ Эрон диний раҳнамоси, оятуллоҳ Али Хоминаий билан учрашганди.

Исмаил Ҳания Эрон президенти инаугурацияси маросимида, 2024 йил 30 июл
Vahid Salemi / AP / Scanpix / LETA

Исмаил Ҳания 62 ёшда эди, у Ғазо секторидаги Аш-Шати қочқинлар лагерида туғилган. У Ғазодаги Ислом университетида араб адабиётини ўқиган, кейин эса Ҳамас ҳаракатига қўшилган. 2006 йилда, Ҳамас Ғазо секторида ҳокимиятга келганидан кейин, Ҳания қисқа муддатга Фаластин миллий маъмурияти бош вазири лавозимини эгаллайди. Бир йилга яқин вақт ўтиб Фаластин миллий маъмурияти президенти Маҳмуд Аббос Ҳанияни истеъфога чиқаради, аммо у Ғазо секторидаги гуруҳ раҳбари бўлиб қолади. 2017 йилда Ҳания Ҳамас сиёсий бюросига раҳбар бўлади. 2021 йилда уни бу лавозимга қайта сайлашади.

Исроил ҳукумати Ҳанияни икки бор ҳибсга олган — 1987 йилда Биринчи интифада доирасидаги намойишларда иштирок этгани учун, кейин эса 1988 йилда. Шундан кейин у уч йил муддатга озодликдан маҳрум этилади. 1992 йилда Ҳания озодликка чиқарилади ва Ливан жанубига депорт қилинади.

Исмоил Ҳания Ҳамаснинг бошқа етакчилари қатори Исроилга 2023 йил 7 октябрда қилинган ҳужум учун жавобгар ҳисобланади. Ўша ҳужум оқибатида 1200 дан ортиқ исроиллик ҳалок бўлган, яна 250 дан ортиқ киши гаровга олинган. Уларнинг бир қисми ҳамон Ғазо секторида асирликда қолмоқда. Исроил уларни озод этиш учун Қатар ва Миср воситачилигида Ҳамас билан музокаралар олиб бормоқда. Исроил ҳукумати бир неча марта Ҳанияни Ҳамаснинг бошқа етакчилари қатори ўз ҳужумлари нишони сифатида келтирган.

2024 йил апрелида, исроиллик ҳарбийларнинг Ғазо сектори бўйлаб зарбаси оқибатида Ҳаниянинг уч нафар ўғли ҳалок бўлган. Қатардаги «Ал-Жазира» телеканали маълумотига кўра, зарба Ғазо шаҳри яқинидаги Аш-Шати лагерига йўлланган. Ҳаниянинг ўзи ўз ўғиллари ва набиралари ҳалок бўлганини тасдиқлаган. У шунингдек уруш бошланганидан буён оиласи аъзоларидан 60 нафардан ортиқ киши ҳалок бўлганини қўшимча қилган.

Исроилда Ҳания асирдагиларни озод этиш ва Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралардаги муҳим фигуралардан бири сифатида кўриларди. Журналист Барак Равид (энг тажрибали исроиллик сиёсий журналистлардан бири) ҳисоблашича, Ҳаниянинг ўлими музокараларга жиддий таъсир кўрсатади — шу билан бирга, у унинг ўлими вақт масаласи бўлганини қайд этган. У шунингдек Ҳаниянинг ўлимини «исроилликларнинг 7 октябр буён амалга оширган энг жиддий амалиёти» деб атаган. Ҳаниянинг ўлими музокаралар жараёнини барбод қилиши мумкинлиги ҳақида Bloomberg нашри ҳам ёзган.

Ҳания АҚШ санкциялари остида эди. 2018 йилда АҚШ Давлат департаменти уни террорчи деб тан олган. Аммо Ҳания Вашингтондан фарқли ўлароқ Ҳамасни террорчи ташкилот сифатида тан олмаган Москва билан дўстона муносабатлар ўрнатганди. Ҳамас делегацияси бир неча бор Москвага музокаралар ўтказиш учун келган, Ҳаниянинг ўзи Владимир Путин 2024 йил мартида президентликка қайта сайланганида уни табриклаган ҳамда Ҳамас Россия билан «дўстлик алоқалари мустаҳкамланиши ва ҳамкорлик ривожланиши»дан умидворлигини айтган, шунингдек Россиянинг «Фаластин масаласидаги қўллов» позициясини «юқори баҳолаши»ни таъкидлаганди.

2024 йил майида Халқаро жиноий суд прокурори Карим Хон Ҳамаснинг уч нафар етакчиси — Исроилга 7 октябр куни қилинган ҳужум учун жавобгар ҳисобланган Яҳё Синвар, Муҳаммад Дейф ва Исмоил Ҳанияни ҳибсга олиш учун ордер беришни сўраган. Шу билан бирга, Карим Хон исроилликларнинг етакчилари — мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олиш учун ҳам ордер талаб қилганди.

Мавзуга оид