Фан-техника | 23:22 / 01.08.2024
9024
3 дақиқада ўқилади

Apple’нинг янги реклама ролиги Таиландда салбий қабул қилинди

Сюжет тўрт нафар қаҳрамон ва улар иш жойидаги муаммоларини Apple дастурий таъминоти ҳамда қурилмалари ёрдамида енгиб ўтгани ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: Видеодан кадр

Apple технологик гигантининг янги реклама ролиги Таиландда кескин танқидларга учради: ижтимоий тармоқлардаги кўплаб фойдаланувчилар у ҳақиқатдан йироқ экани ва мамлакатга эскича қарашни ифодалаётганини таъкидламоқда.

Apple’нинг YouTube’даги каналида 18 июль куни эълон қилинган 10 дақиқали клип ҳозирга қадар 5,4 миллион марта кўрилди. Сюжет тўрт нафар қаҳрамон ва улар иш жойидаги муаммоларини Apple дастурий таъминоти ҳамда қурилмалари ёрдамида енгиб ўтгани ҳақида ҳикоя қилади.

Реклама диққат марказидан қаҳрамонларнинг Таиландга бориши, у ерда ўз мижози учун миллионлаб қутиларни тайёрлаб берадиган фабрикани қидиришлари ўрин олган. Видео чиқиши билан ижтимоий тармоқлар эътирозларга тўлиб кетди — кўпчилик рекламада Таиланднинг замонавий тарафи кўрсатилмаганидан норози. Фуқароларнинг таъкидлашича, кадрлар атайлаб эскича муҳит руҳини бериш мақсадида монтаж қилинган ва камера асосан ва эскирган архитектураларни тасвирга олган. Бошқаларга эса қаҳрамонлардан бири аэропортда чамадонини йўқотиб қўйиб, маҳаллий ходимга «Хеппи» дея мурожаат қилгани ёқмаган.

«Роликни кўрганимда, унда 50 йил олдинги Таиланд тасвирлангани ҳақида ўйладим… Уйимнинг замонавий ҳолатини намоён этадиган бирор элементни кўрмадим», — дейди Таиландда яшовчи америкалик тиктокер Девид Уилям.

CNN’га берган интервьюсида у қарийб 10 йилдан бери мамлакатда яшаётган бўлсада, реклама ролигида намойиш этилганчалик «ёмон аҳволдаги таксини» кўрмаганини айтган, шунингдек, Суварнабхуми аэропорти Нью-Йоркдаги Жон Кеннеди халқаро аэропорти каби замонавий эканини қўшимча қилган.

«Мен кўриб чиқдим. Барчаси жойида»

Шу билан бирга, видео маҳаллий аҳоли ва ҳукумат вакилларига маъқул келган. Таиландда жойлашган Indochina Productions студияси сайти маълумотларига кўра, роликни ишлашда мазкур компания ҳам иштирок этган бўлиб, Таиланд ҳукумати буни олқишлаган.

«Бош вазир бутун дунё одамларини Таиландга ташриф буюриш, ишлаш ва яшашга жалб қилувчи магнит сифатида, мамлакатнинг юмшоқ кучини тарғиб қилиш сиёсатини амалга ошириш орқали унинг салоҳиятини ривожлантиришни доимий равишда қўллаб-қувватлайди», — дейди Таиланд бош вазирининг матбуот котиби.

Мавзуга оид