Жаҳон | 13:56 / 02.08.2024
3241
3 дақиқада ўқилади

Фаластин Ҳаниянинг ўлими учун «Исроилни жавобгарликка тортишни» талаб қилди

Фаластиннинг БМТдаги вакили Риёд Мансур Исроилни минтақани беқарорлаштириш ва Яқин Шарқни кенг қамровли урушга тортишга уринаётганликда айблади. 

Фото: AP

Фаластиннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)даги доимий вакили Риёд Мансур Исроилни Эронда Исмоил Ҳания ўлдирилгани учун жавобгарликка тортишни талаб қилди

WAFA расмий ахборот агентлигига кўра, Фаластиннинг БМТдаги доимий вакили Мансур БМТ бош котиби Антониу Гутерриш, шунингдек, БМТ Бош ассамблеяси раиси Денис Франциск ва БМТ Хавфсизлик кенгашига раислик қилаётган Россия вакили Василий Небензяга мактуб йўллаган.

Мансур ўз мактубида Исроил БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларини қўпол равишда бузган ҳолда Фаластин халқига қарши «ўзбошимчалик билан уруш» олиб бораётганини айтди.

«Исроил 300 кундан бери Ғазо секторида Фаластин халқига қарши геноцид уруши олиб бормоқда. Ғазода ҳалок бўлган болалар, аёллар ва кекса фаластинликлардан ташқари, инсонпарварлик ёрдами ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ишлаётган кўнгиллилар ва журналистлар сони ортиб бормоқда», — дейилади хабарда.

Унинг сўзларига кўра, Исроил армияси Ғазо секторидаги уйлар ва турар жойларни бомбардимон қилишда давом этмоқда, шунингдек, Ғазодан ўғирлаб кетилган тинч аҳолини Исроил қамоқхоналарида ҳар хил қийноқларга дучор қилмоқда. Мансурнинг таъкидлашича, бу давр мобайнида Исроил ишғол қилинган Ғарбий Соҳилда ва Шарқий Қуддусда ҳам армияси, ҳам «узурпатор кўчманчилари» томонидан фаластинликларга қарши шафқатсиз ҳужумларини давом эттирган.

Сиёсатчи Тел-Авив маъмуриятининг Ғарбий Соҳил ва Қуддусдаги фаластинликлар уйларини бузиб, улар ерларида «янги турар жой лойиҳалари»ни амалга оширганини қайд этди. Унинг таъкидлашича, Исроилнинг кенг қамровли ҳужумлари Ғарбий Соҳил ва Қуддусдаги фаластинликларни кўчишга мажбур қилган.

Мансурнинг сўзларига кўра, Исроил ҳар куни ўзини «яккалаб қолган давлат» сифатида тутишда давом этишини намойиш қилмоқда. 

«Ҳаниянинг ўлдирилиши Эрон суверенитетини очиқдан очиқ бузишдир. Исроил армияси Ливан ва Сурия ҳудудларида шунга ўхшаш ҳаракатларни бир неча бор такрорлаган», — деб эслади у. 

Доимий вакили Ҳания ва Ғазода 130 мингдан ортиқ фаластинлик шафқатсизларча ўлдирилгани ва яралангани учун Исроилнинг жавобгарликка тортилишини талаб қилди ва Исроил Ғазога деярли 10 ойдан бери давом этаётган ҳужумларини тўхтатишга чақирди. 

Риёд Мансур Исроилни минтақани беқарорлаштириш ва Яқин Шарқни кенг қамровли урушга тортишга уринаётганликда айблади.

Мавзуга оид