Жаҳон | 08:05 / 03.08.2024
4838
3 дақиқада ўқилади

Ван Гогнинг қабрини қазиган беларуслик ЕИдан чиқариб юбориляпти

Франция ҳукумати Винсент ван Гог қабрини қазишга уринган беларуслик рассом Алексей Кузмичдан зудлик билан Европа Иттифоқини тарк этишни талаб қилди. Шунингдек, унга икки йилга Францияга кириш тақиқланган.

Фото: Jan Schmidt-Whitley/Le Pictorium/picture alliance

Франция ҳукумати Ван Гог қабрини қазишга уринган беларуслик рассом Алексей Кузмичдан Европа Иттифоқини тарк этишни талаб қилди. Бу ҳақда 2 август, жума куни рассом Facebook-аккаунтида эълон қилинган Вал-дʼУаз префектураси миграция ва интеграция бошқармасининг 31 июлдаги хабарномасида айтилади.

Ҳужжатга кўра, Кузмич «дарҳол» Европа Иттифоқи ҳудудини тарк этиши ва ўз фуқаролиги бўлган мамлакатга (яъни, Беларус) ёки қонуний равишда кириши мумкин бўлган бошқа ҳар қандай мамлакатга қайтиши керак. Агар у бу талабни бажармаса, Беларусга депортация қилинади. 

Бундан ташқари, рассом ҳамкорларининг сўзларига кўра, у 3000 евро жарима ва бир ой шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинган, шунингдек, икки йилга Францияга кириш тақиқланган. Ҳозирда Алексей Кузмич Париж яқинидаги Ле Менил-Амло маъмурий ҳибсга олиш марказида, дейилади постда. 

Нашр этилган ҳужжатда айтилишича, Кузмич икки ой олдин Францияга Полша визаси билан Беларус паспортидан фойдаланган ҳолда кирган, агар у ватанига қайтса, жазоланиши ёки ҳуқуқлари чекланиши мумкинлиги кўрсатилмаган. 

Бу рассомнинг Францияда биринчи марта ушланиши эмас 

Алексей Кузмич 29 июл, нидерландиялик рассомнинг туғилган кунида Франциянинг Овер-сюр-Уаз коммунасидаги қабристонда Винсент ван Гог қабрида перформанс уюштирди. У электрон қурилмани ишга туширди ва Ван Гогнинг қабрини қазишни бошлади ҳамда «Рассом, тур!» дея бақирди. Акция вақтида беларус полиция томонидан қўлга олинган. 

2021 йил апрел ойида Кузмич қўлида ёнаётган шиша билан Елисей саройига кирмоқчи бўлганида ушланган эди. Бир кун олдин Instagram’да акциячи Эммануэл Макронни Александр Лукашенко билан солиштириб, Франция президентига «ҳақиқий қудратли қон тўкувчига айланиш» учун «бир муҳим хусусият, яъни мўйлов керак» деган фикрни билдирди.

Кузмичга нисбатан Беларусда жиноят иши қўзғатилди 

Кузмич 2020 йилда сайлов участкасида сиёсий чиқишлар ўтказгани ва сайловдан кейинги норозилик намойишларида қатнашганидан сўнг Беларусни тарк этган, деб ёзади «Зеркало». 2023 йилнинг ёзида у янги паспорт олиш ва ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш учун Минскка қайтиб келди. У ерда Алексей кўприкда «Транзит» акциясини ўтказди. У ўз ҳаракатини мамлакатдан чиқиб кетганидан сўнг эълон қилган видеога олди. 

2023 йил декабр ойининг ўрталарида акциячи яна Беларусга келди ва унга қарши жиноий иш очилганини билди. У мамлакатни фақат қатағондан жабр кўрган беларусларга ёрдам берадиган BYSOL бирдамлик жамғармаси ёрдамида тарк этишга муваффақ бўлди. 

Мавзуга оид