Жамият | 10:22 / 05.08.2024
12117
1 дақиқада ўқилади
Андижонда юк машинаси темирйўл кўприги устунига бориб урилди
Бунга юк машина ҳайдовчиси бошқарув пайтида ухлаб қолгани сабаб бўлган. ЙТҲ оқибатида темирйўл кўпригига зарар етган.
Андижон туманида юк машинаси темирйўл кўпригига урилиб, ЙТҲ содир қилди. Бу ҳақда Андижон вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ЙТҲ бугун, соат 4:00ларда содир бўлган. 2002 йилда туғилган ҳайдовчи А.С. НОWO юк машинасини 4Р-116 автомобил йўлининг Андижон тумани “Саноат” МФЙ ҳудудидан ўтган қисмида бошқариб бораётиб, ухлаб қолган. Бунинг оқибатида юк машина темирйўл кўприги устунига бориб урилган.
ЙТҲ оқибатида юк машинаси ҳамда темирйўл кўпригига зарар етган. Тан жароҳати олганлар йўқ.
Ҳолат юзасидан Андижон тумани ИИБ ЙҲХГ ходимлари томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.