Жамият | 18:52 / 05.08.2024
5853
3 дақиқада ўқилади

Шифокор аломатларсиз иситма ҳақида маълумот берди

Тиббиётда аломатларсиз тана ҳарорати кўтарилиши ҳолатлари учраб туради. Шундай патологиялардан бири — дори иситмаси ҳисобланади.

Фото: Getty Images

Иситма — турли касалликлар белгиси, аммо тиббиётда аломатларсиз тана ҳарорати кўтарилиши ҳолатлари ҳам учраб туради. Бу вазиятда янглиш ташхис ва нотўғри муолажа беморнинг саломатлигини хавф остида қолдириши мумкин, деб маълумот берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Илмира Разикова сўзларига кўра, худди шундай патологиялардан бири — дори иситмаси ҳисобланади.

— Ҳар бир инсон организми индивидуал хусусиятга эга, — деди мутахассис. — Шу сабабли бир дори воситаси икки беморга икки хил таъсир кўрсатиши мумкин. Бири шу малҳам туфайли касалликдан халос бўлса, бошқаси саломатлигини хавф остида қолдириши ҳеч гап эмас.

Қайд қилинишича, дори иситмаси организмнинг қабул қилинган маълум препаратларга нисбатан жавоб реакцияси сифатида намоён бўлади. Бундан асосан ўзбошимчалик билан, шифокор тавсиясисиз турли дори-дармонларни қўлловчилар азият чекиши эҳтимоли катта.

Таъкидланишича, бундай синдром одатда маълум бир дорини қабул қила бошлагандан сўнг 7-10-кунлар оралиғида юзага келади. Бемор доимий ёки вақти-вақти билан кўтарилиб турувчи иситмадан азият чекади. Оқибатда бора-бора тана ҳарорати 39-40 даражага етиб, кучли титроқ пайдо бўлади. Қон таркибида эозинофиллар (лейкоцитлар) сони ортиб кетиши кузатилади. Вақт ўтиши билан иситмадан ташқари танада дориларга нисбатан юқори сезувчанлик аломатлари бўлган «эшак еми», пурпура, қизил тошмалар пайдо бўлади. Баъзи ҳолларда мазкур патология янада оғирроқ асоратлар — артериит, эксфолиатив дерматит, гемолитик анемия, қонда тромбоцитлар миқдори камайиши билан кечади. Бундай симптомлар токи ўша препаратни қўллаш тўхтатилгунга қадар давом этади.

«Тиббий амалиётда дори иситмасини аниқлаш бирмунча мураккаб жараён. Буни барча шифокорлар ҳам тўғри ташхислай олмайди. Оқибатда нотўғри буюрилган муолажа айрим дориларга юқори сезувчанлиги бўлган беморлар аҳволини янада оғирлаштириб юбориши хавфи мавжуд», деди мутахассис.

Шифокор сўзларига кўра, кўпинча дори иситмасига сульфаниламидлар, антибиотиклар, талваса (судороги) ва яллиғланишга қарши препаратлар, зардоблар, юрак-қон томир ҳамда марказий асаб тизимига таъсир кўрсатувчи дорилар ҳамда таркибида йод сақловчи контраст моддалар сабаб бўлади. Баъзи ҳолларда яллиғланишга қарши ностероид дорилар, аспирин ва унинг аналоглари, қолаверса, турли витаминлар ҳам хасталикни қўзғатиш хусусиятига эга.

Мавзуга оид