Жаҳон | 20:31 / 06.08.2024
10491
7 дақиқада ўқилади

Камала Ҳаррис президентлик кампаниясидаги шеригини танлади

Америка нашрлари Камала Ҳаррис Миннесота штати губернатори Тим Уолцни АҚШ президентлиги сайловларидаги шериги сифатида танлаган, сайловда демократлар ғалаба қозонган тақдирда, у вице-президент лавозимини эгаллайди.

Фото: Getty Images

Дам олиш кунларида Ҳаррис Вашингтонда бир неча номзодлар билан суҳбат ўтказган. У асосий сиёсий жанглар кечадиган муҳим штатларда ўз кампаниясини фаоллаштириб, еттита шаҳар бўйлаб беш кунлик тур бошлаганида Тим Уолц унга қўшилади.

CBS томонидан ўтказилган сўнгги сўровлар кўрсатишича, Ҳаррис Трампни атиги бир пунктга ортда қолдирмоқда. Якшанба куни эълон қилинган бошқа бир сўровга кўра, Байден ҳали пойгадан чиқишни истамаганида республикачилар номзоди беш пунктлик устунликка эга бўлиб турган штатларда Трамп ва Ҳарриснинг имкониятлари тенглашган.

Демократик партия ўз номзодини расман 19-22 август кунлари ўтказиладиган партия қурултойида эълон қилса-да, Ҳаррис аллақачон, қурултойни кутмасдан ўзини партиянинг президентликка номзоди деб ҳисоблаш учун етарли миқдорда делегатлар (99 фоиз) томонидан қўлловга эга бўлган.

Шерикни танлаш — унинг шахсий қарори, бунда қурултойдаги делегатлар овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмайди.

Тим Уолц ким ўзи?

Вице-президентликка номзод танлаш қарори — бу катта эҳтимол билан Камала Ҳарриснинг номзодини илгари суришдан кейинги энг муҳим қарори эди. Таҳлилчилар бу одам азалдан демократлар ҳам, республикачилар ҳам яққол устунликка эга бўлмаган иккиланувчи штатларга мансуб ва оқ танли киши бўлишини кутаётганди.

Жо Байден сайловолди пойгасидан чиқиб, Камала Ҳаррисни қўллаб-қувватлагач, сайловчиларнинг алоҳида тоифалари яна демократларга ишонч билан қарай бошлади — масалан, 30 ёшгача бўлганлар ва лотин америкаликларнинг жамоалари. Аммо шу ўринда Ҳарриснинг заиф нуқтаси кўриниб қолди — Байденни фаолроқ қўллаган кекса ёшли сайловчилар.

Вице-президентликка номзодлар бир қанча эди, аммо у Тим Уолцни — Миннесота губернаторини танлади. Бу штат азалдан демократларга мойиллик билдириб келади ва сайловлар натижасига сезиларли таъсир кўрсатмайди, аммо 60 ёшли Уолц танлангани кўплаб сайловчиларни қониқтириши тайин.

Уолц — сиёсий муҳорабаларда пишган етакчи бўлиб, 2018 йилда Миннесотага губернатор бўлишидан олдин 12 йил давомида Конгрессда ишлаган. Унинг оддий нутқи ва Ўрта ғарбдаги кичик шаҳарчага мансублиги мустақил ва консерватив сайловчиларни жалб қилиши мумкин.

Уолц Небраскадаги кичик шаҳарчада туғилиб ўсган. У Американинг тараққий этган ҳудудидаги нуфузли университетда таълим олганига қарамай, уни мамлакатнинг қишлоқ ҳудудлари аҳолиси «ўзимизники» деб қабул қилишади. У — ўқитувчи ҳамда футбол мураббийи ёрдамчиси сифатида тажрибага эга, шунингдек 24 ёшида АҚШ миллий гвардиясида хизмат қилган. Собиқ сенатор Ҳайди Ҳайткэмп Уолц ҳақида шундай деганди: «У қишлоқ ҳудудларда яшовчи кўплаб америкаликларникига жуда ўхшаб кетадиган ҳаёт тажрибасига эга одам».

Уолц 2020 йилда, Миннеаполисда Жорж Флойд ўлимидан кейин авж олган тартибсизликлар вақтида Миннесотани бошқарган. У тартибсизликларни бостириш учун Миллий гвардияни юборганди.

Уолц шунингдек ўз штатида илғор қонунлар қабул қилиш ва уларни мўътадил ҳамда мустақил сайловчилар тушунадиган тарзда ҳимоя қилиш тажрибасига эга.

У худди Ҳаррис каби аёллар аборт ҳуқуқига эга бўлишини ёқлайди. Унинг штатдаги ютуқлари қаторида — мактаб ўқувчиларини бепул овқатлантириш таъминлангани келтирилади. Журналистлар бу ҳақда сўрашганида, у кинояли тарзда жавоб қайтарганди:

«Мана [мен] қандай зўрман! Қорни тўқ болалар яхшироқ ўқиши мумкин. Аёллар ўз саломатлиги тўғрисида ўзи қайғуриши мумкин. Қолаверса, биз бизнес юритиш борасида энг яхши штатлар бешлигидамиз ва аҳолининг бахтиёрлиги бўйича учинчи ўринни эгаллаймиз».

У ўз вақтида қишлоқ аҳолиси ва республикачи сайловчилар кўп яшайдиган округда ғалаба қозониб, Конгрессга сайланганди.

Сиёсий рақиблари уни пандемия ва 2020 йилги намойишлар вақтидаги ҳаракатлари учун танқид қилишади.

Вице-президент қандай танланади?

АҚШда президентликка номзодлар доимо сайловда, ғалаба қозонадиган бўлса вице-президентга айланадиган шериги билан қатнашади — Камала Ҳарриснинг ўзи Оқ уйга айнан шундай йўл билан келганди, у 2020 йилги сайловларда Жо Байденнинг шериги бўлганди.

Вице-президентликка эҳтимолий номзод ФҚБ текширувидан ўтмайди, аммо бу уни синчиклаб ўрганишмаслигини англатмайди.

«Сиз қачондир жинсий алоқа учун пул тўлаганмисиз? Сиз қачондир аборт учун тўлов қилганмисиз? Сизда гомосексуал алоқалар бўлганми?» Булар Камала Ҳаррисга Оқ уй учун жангда ҳамроҳ бўлишни истовчиларга бериладиган 200 саволдан фақат учтаси.

Текширувчиларда — сайловолди штаби ходимлари ва ҳуқуқшунослар, дарвоқе, улар текинга, мулоқот ва нуфузга эришиш учун ишлайди, — қоидага кўра, барча эҳтимолий компроматларни қидириб топиш учун бир ойга яқин вақт бўлади. Улар бўлғуси номзодларнинг солиқ декларациялари ва касаллик тарихларини ўрганишади. Улар нафақат номзодларнинг, балки уларнинг фарзандларининг ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаларига кириши мумкин.

Оиладаги хиёнатга кичик ишора пайдо бўлса — улар эҳтимолий номзоднинг қачондир айтган ёки ёзган ҳар бир сўзини текшириб чиқишади.

Баъзида текширувчи ҳеч кимнинг хаёлига келмайдиган саволни бериши ва эҳтимолий муаммони аниқлаши мумкин — гарчи у катта бўлмаса ва номзодни дисквалификация қилиш учун етарли бўлмаса ҳам.

Вице-президент нима қилади?

АҚШ Конституциясида вице-президент лавозими ҳокимиятнинг қайси тармоғига мансуб экани аниқ кўрсатилмаган, бу эса олимлар орасида у қайси тармоққа мансуб экани ҳақида баҳслар туғдиради — ижрочи, қонунчи, иккиси ёки улардан ҳеч бири. Аммо бу фақат академикларнинг назарий тадқиқотлари, амалда эса вице-президент лавозими доимо бўлмаса ҳам анчагина ваколатларни кўзда тутади.

АҚШнинг янги тарихида вице-президентлар президентнинг асосий маслаҳатчиси, бошқарувдаги ҳамкор ва президент вакили сифатида намоён бўлади. Шунингдек, вице-президент вазирлар кабинети ва АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши аъзоси саналади, шу тариқа, ижро ҳокимияти ва миллий хавфсизлик масалаларида муҳим рол ўйнайди.

Вице-президент Сенат раиси сифатида ҳокимиятнинг қонунчилик тармоғиданги лавозим ҳам ҳисобланади. Бу лавозимда вице-президент Сенатда раислик қилиш ҳуқуқига эга, овозлар тенг келиб қолганида эса ҳал қилувчи овозга эга бўлади.

Шунингдек, вице-президент давлат раҳбари вафот этган ёки лавозимидан четлатилган тақдирда навбатдан ташқари сайловларгача вақтинча унинг ўрнини эгаллайди. Президент вақтинча лавозимига лаёқатсиз бўлиб қолганида, масалан, наркоз остида жарроҳлик амалиёти ўтказганида ҳам вице-президент мамлакат бошқарувини қўлга олади.

Мамлакат президентидан фарқли ўлароқ, вице-президент учун муддат чекланмайди, назарий жиҳатдан у турли давлат раҳбарлари даврида ушбу лавозимни эгаллаши мумкин — бунинг учун фақат уни шерик сифатида танлаш ва сайловда ғалаба қозониш кифоя.

Мавзуга оид