“Заковат” Осиё кубогида Ўзбекистон жамоаси ғалаба қозонди
Кеча, 5 август куни Остона шаҳридаги президент маданият марказида “Заковат” Осиё кубоги ўтказилди. Унда клуб аъзолари ва интеллектуал баҳс мухлислари қаршисида Ўзбекистон ва Қозоғистон жамоалари беллашди.
Халқаро ўйинни Ўзбекистон президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева ва Қозоғистон давлат маслаҳатчиси Ерлан Карин очиб беришди. Мирзиёеванинг нутқи фақат “Заковат” ёки икки давлатнинг маданий-гуманитар ҳамкорлиги хусусида бўлмади, у Ўзбекистон ва Қозоғистон президентларининг умумий сиёсати минтақадаги жараёнларга ижобий импулс берганини ҳам қўшимча қилди.
Турнирга тўхталсак, икки раунддаёқ ўйин якунланди. Биринчи раунднинг биринчи саволи қозоқ халқ топишмоқларидан бўлди. Қозоғистон жамоаси дарҳол тугмачани босиб, 1 балл олди. Иккинчи саволда эса Ўзбекистоннинг “Мистерия” жамоаси тезкорлик билан жавоб қайтарди. Биринчи раундда жамоалар 5:2 ҳисобида Ўзбекистон фойдасига ўйинни якунлади.
Иккинчи раундда эса мантиқий саволлар ўртага ташланди, аксарият ҳолларда тугмачани биринчи бўлиб босгани учун Ўзбекистон жамоасининг жавоблари тингланди ва уларга балл берилди. Жамоа аъзоси Артём Семёнов тугмачани босишда чаққонлик қилиб, ўз жамоасига баллар йиғишда асосий кўмакчи бўлди.
Шундай қилиб, Остонадаги “Заковат” Осиё кубогида Ўзбекистоннинг “Мистерия” жамоаси ғалаба қозонди. Ғолибларни тақдирлаш ва бош совринни топшириш учун саҳнага Саида Мирзиёева таклиф қилинди.
Жамоа аъзоларига кўра, ғалабага сабаб – омад эмас, яхши тайёргарлик. “Бугунгача икки маробата ютқазганмиз, лекин бу гал ютишимиз керак эди. Кўплаб саволларга қозоқ жамоасида ҳам жавоблар тайин эди, бироқ бизнинг Артём чаққонлик қилиб, тугмачани босди”, дейди ғолиб жамоадан Сардор Аҳмедов.
“Заковат” раҳбари Абдурасул Абдуллаевга кўра, бу – ҳаққоний ўйин. Нима бўлишини саволлар сифати ва билимдонлар ҳал қилади. Ўйинни энди туркий давлатлар бўйлаб ўтказиш ҳам режаланган.
Клуб аъзоси Жобир Аҳмедовнинг айтишича, “Заковат”нинг энг катта мақсади – Тошкентда жаҳон чемпионатини ўтказиш.
Эслатиб ўтамиз, Остонадаги турнирдан аввал Олмаота шаҳрида ҳам “Азиада-2024” беллашуви ўтказилди. Сўнгги йилларда Берлин, Лондон, Душанбеда ҳам турнирлар ташкил этилганди.
Мавзуга оид
23:45 / 08.11.2024
“Агар журналист ҳақ бўлса, биз уни тан олишимиз керак” – президент
18:37 / 30.10.2024
Саида Мирзиёева Fashion Trust Arabia тақдирлаш маросимида иштирок этди
20:53 / 28.10.2024
Саида Мирзиёева БМТнинг Ўзбекистондаги доимий резидент-координатори билан учрашди
19:31 / 21.10.2024