Жаҳон | 20:50 / 08.08.2024
1955
3 дақиқада ўқилади

Жанубий кореялик миллиардер акциялар билан боғлиқ фирибгарликда айбланмоқда

Суриштирувлар ўтган йилнинг март ойида Kakao компанияси K-pop агентлигининг қарийб 40 фоиз акцияларини сотиб олганидан кейин бошланган.

Фото: News1

Жанубий Кореяда технологик магнат Ким Беом Су (Браян Ким) акциялар нархини манипуляция қилишда айбланмоқда. Ким бошчилигидаги Kakao раҳбарияти SM Entertainment агентлигининг K-pop акцияларини унинг қийматини ошириш ва компанияни «ютиб юбориш» бўйича рақобатдош таклифни бузиш мақсадида сотиб олган. Kakao интернет-гиганти асосчиси икки ҳафта олдин қўлга олинганидан бери ҳибсда қолмоқда.

Ҳибсга олиниш вақтида Kakao томонидан берилган баёнотда Ким Беом Су ноқонуний фаолиятга йўл қўймагани ва бу борада ҳеч қанақа топшириқ бермагани айтилган. Сеул Жанубий округ прокуратураси Кимга нисбатан молия бозори қоидаларини бузиш бўйича айблов эълон қилди.

Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, суд жараёнлари санаси бироз кейинроқ аниқ бўлади. Суриштирувлар ўтган йилнинг март ойида Kakao компанияси K-pop агентлигининг қарийб 40 фоиз акцияларини сотиб олганидан кейин бошланди.

Прокурорларнинг таъкидлашича, Ким Беом Су SM Entertainment қийматини рақобатчиси — Hybe’дан ошириш мақсадида тўрт кун давомида акцияларини харид қилган. У 2018 йилда коррупцияда айбланиб, 18 ой қамоқда ўтириб чиққан Samsung Electronics раиси Ли Чже Ёндан кейин Жанубий Кореяда судланган энг юқори мартабали технологик компания раҳбаридир.

Ким оддий фуқароликдан мултимиллиардерликка қадар бўлган йўлни босиб ўтиб, мамлакатда машҳурликка эришган — у эгалик қиладиган бир нечта оилавий корпорациялар иқтисодиётнинг катта қисмини назорат қилади. Жанубий Кореядаги энг муваффақиятли интернет-бизнеслардан бири бўлган Kakao компанияси ҳам Кимга тегишли.

Kakao Жанубий Кореянинг энг йирик хабар алмашиш иловасини бошқаради, шунингдек, ўйинлар, харидлар ва банк хизматларини ўз ичига олган бошқа онлайн бизнесларга эга.

2022 йилда Kakao фаолиятида ёнғин сабаб узилиш содир бўлганди, натижада серверларга зарар етган — бу мамлакат технологик гигант хизматга қанчалик боғланиб қолгани тўғрисидаги хавотирни уйғотган эди.

Кимга нисбатан якуний айблов эълон қилинишидан бир неча соат олдин Kakao компанияси 2024 йилнинг иккинчи чорагида 134 миллиард вон (ўтган йилга нисбатан 18,5 фоизга кўп) фойда кўрганини маълум қилганди.