Ўзбекистон | 12:42 / 09.08.2024
7825
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда дам олиш кунлари нисбатан салқин об-ҳаво кузатилади

Ҳарорат кундузи +33…+38 даража атрофида бўлади. 

Фото: Kun.uz

Дам олиш кунлари нисбатан салқин ҳаво республиканинг барча ҳудудларига тарқалади, дея хабар бермоқда “Ўзгидромет”.

Жума куни кундузи Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида жуда иссиқ об-ҳаво сақланиб туради, ҳаво ҳарорати +40…+42 даража, жанубида баъзи жойларда +45 даражагача бўлади.

Фақат шимоли-ғарбий ҳудудларга салқин ҳаво кириб келиши бошланади. Ҳафта ўртасида ушбу ҳудудларда кузатилган жуда иссиқ об-ҳаводан сўнг, бугун Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида кундуз куни ҳаво ҳарорати +32…+37 даражагача пасаяди.

Дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати кундуз кунлари +33…+38 даража атрофида, республика жанубида +39…+41 даражагача бўлади. Бу кунларда Ўзбекистон ҳудуди бўйича қуруқ об-ҳаво сақланиб туради.

Фақат Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятлари тоғолди ва тоғли ҳудудларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида айрим жойларда 11 август куни момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.

Шамол 7−12 метр/секунд тезликда эсади, баъзи жойларда 15−20 метр/секундгача кучаяди, чанг-тўзонлар билан кузатилади.

Тошкент шаҳрида ҳаво бироз булутли, вақти-вақти билан ўзгарувчан бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 3−8 метр/секунд тезликда эсади, вақти-вақти билан 10−14 метр/секундгача кучайиши мумкин.

Ҳарорат кечалари 10 августда +24…+26, 11 августда +22…+24 даража, кундуз кунлари 9 августда +39…+41, 10−11 августда +34…+37 даража бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид