Жаҳон | 15:10 / 10.08.2024
2320
3 дақиқада ўқилади

Каталония сепаратистлари етакчиси Пучдемон Испанияни тарк этди

Барселонадаги митингда тўсатдан пайдо бўлганидан сўнг, қидирувга берилган Каталониянинг собиқ раҳбари Карлес Пучдемон яна Испанияни тарк этди.

Фото: Lorena Sopena/REUTERS

Испания расмийлари томонидан қидирувга берилган каталониялик айирмачилар етакчиси Карлес Пучдемон Барселонада пайдо бўлгач, яна мамлакатни тарк этди. Бу ҳақда 9 август, жума куни унинг адвокати Гонсало Бойе маълум қилди. «Пучдемон Испаниядан ташқарида», - дея адвокатдан иқтибос келтиради RAC1 каталон радиостанцияси. Каталония собиқ раҳбари Белгиянинг Ватерлоо шаҳрига бориб, у ерда етти йиллик мажбурий муҳожирликни ўтказган, деди унинг «Каталония учун бирга» партияси бош котиби Жорди Турул.

«У ўз сиёсий ишларини бажарди ва уни тугатиб, ҳамма каби уйига кетди», деди Пучдемоннинг адвокати журналистларга сиёсатчи кутилмаганда Барселонада пайдо бўлишига ишора қилиб. Пучдемон 8 август куни минглаб тарафдорлари олдида нутқ сўзлади, шундан сўнг яна ғойиб бўлди. Полиция уни қўлга ололмади.

Каталонияни Испаниядан ажралиб чиқишга қарши бўлган сиёсатчи бошқаради

2010 йилдан бери Каталонияни биринчи марта бу ҳудуд Испаниядан ажралиб чиқишига қарши бўлган сиёсатчи бошқаради. Каталония парламенти Испания бош вазири Педро Санчеснинг ишончли вакили бўлган социалист Салвадор Иляни вилоят маъмурияти раҳбари лавозимига тасдиқлади, деб ёзади AFP 8 август куни.

Эртаси куни, 9 августда «Каталония учун бирга» партияси бош котиби Жорди Турул ўз фракцияси Испания парламенти қуйи палатасида ҳукуматни қўллаб-қувватлашни тўхтатиши мумкинлигини тан олди. Турулнинг сўзларига кўра, унинг позицияси ўзгаришига Салвадор Илянинг Каталония раҳбари этиб тасдиқланиши, шунингдек, Мадридда парламент томонидан тегишли қонун қабул қилинганига қарамай, Испания Олий суди Пучдемонга амнистияни маъқуллашдан бош тортгани таъсир кўрсатган.

Пучдемон ҳибсга олиниши мумкин

Каталония собиқ раҳбари қўлга олиниши мумкин, чунки Испания адлия тизими уни талон-торож қилиш йўли билан шахсий бойиб кетишда айблаб ҳибсга олиш учун ордер берган. ОАВ хабарларига кўра, у полициянинг мувофиқлаштирилган ва махфий ҳибсга олиш таклифини рад этган.

Июл ойи бошида Испания Олий суди 2017 йилда ушбу автоном вилоят мустақиллиги бўйича референдум ўтказишда айбдор деб топилган Пучдемонга нисбатан амнистияни тасдиқлашдан бош тортган. Суд қарорига кўра, у ва Каталониядаги айирмачилик ҳаракатининг бошқа баъзи етакчилари давлат пулларидан фойдаланиб, ноқонуний референдум ўтказиб, бойиб кетишган. Шу муносабат билан амнистия тўғрисидаги қонун уларга нисбатан қўлланмайди.

Аввалроқ, Карлес Пучдемон амнистия кучга киргач, Испанияга қайтишга тайёрлигини билдирди. У сайловлардан кейин яна Каталония ҳукуматига раҳбарлик қилмоқчи эди. 

Мавзуга оид