Жаҳон | 20:27 / 10.08.2024
21753
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко беларусларни янги президентга тайёрланишга чақирди

70 ёшли президент истеъфога чиққанидан кейин «қишлоқлардан бирида ўрнашиб олишни» хоҳлайди.

Фото: president.gov.by

Беларус президенти Александр Лукашенко тез орада истеъфога чиқиши ва мамлакатни бошқа шахс бошқариши мумкинлигига ишора қилди. Бу ҳақда у қишлоқлардан бирининг аҳолиси билан суҳбат чоғида айтиб ўтди, деб ёзди «СБ. Беларусь сегодня».

Учрашувда аҳолидан бири ундан бир йилдан сўнг бўлиб ўтадиган президентлик сайловида яна ўз номзодини кўрсатишини сўради. Бироқ, Лукашенко бунга жавобан ўзини ҳокимиятга унчалик қизиқмаётгандек кўрсатди.

«Ҳаммангизга очиқ айтаман: президент бошқа одам бўлишига кўникишингиз керак (сизларни бироз эркалатиб юбордим). Йўқ, мен эртага ёки индинга сизларни тарк этаман, деб айтолмайман... Лекин ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин, мен ҳам ҳаммангиз каби абадий эмаслигимга кўникишингиз керак», деди у.

Лукашенко сўзларига кўра, истеъфога чиққанидан кейин у «қишлоқлардан бирида ўрнашиб олишни» хоҳлайди.

70 ёшли Александр Лукашенко 1994 йилдан буён Беларусга президентлик қилади. У 5 марта бу лавозимга қайта сайланган.

Мавзуга оид