Ўзбекистон | 13:40 / 11.08.2024
8051
1 дақиқада ўқилади

Самарқандда далаҳовлисида 670 туп каннабис ўстираётган шахс ушланди

Шунингдек каннабис ўстирилаётган жойдан 15 кг марихуана гиёҳвандлик моддаси ҳам топилган.

Фото: Видеодан кадр

Самарқанд вилоятида далаҳовлисида каннабис ўстираётган шахс ушланган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2024 йил 1 август куни вилоят ИИБ, ДХХ ва божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорликда Самарқанд тумани Янгиариқ маҳалласида тезкор тадбир ўтказган.

Тадбирда 1976 йилда туғилган шахс далаҳовлисида 670 туп каннабис гиёҳвандлик ўсимлигини парваришлаб келаётгани аниқланган. Шунингдек, далаҳовлида 15 кг марихуана гиёҳвандлик моддаси топилган.

Тезкор тадбир давомида далаҳовлида бўлган яна уч кишининг ҳолатга алоқадорлигини текшириш ишлари олиб борилмоқда.

Аниқланган ҳолат юзасидан Самарқанд вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 270-моддаси 2-қисми “б” банди ва 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид