Жамият | 16:01 / 11.08.2024
5500
4 дақиқада ўқилади

“Шакарнинг кўзга зарари борми?” — офталмолог билан суҳбат

Ҳозирда қандай кўз касалликлари кўп учрамоқда? Кўриши хиралашган одам кўзойнак тақмай юриши зарарми? Кўп миқдорда шакар истеъмоли кўз нурлари хиралашишига олиб келадими? Kun.uz шу каби саволлар билан малакали офталмолог Бекзод Шукуров суҳбатлашди.

Бекзод Шукуров — 1983 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 2000—2007 йилларда Тошкент тиббиёт академиясида таълим олган. Сўнгра Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида, кейинроқ Москвада ўқишни давом эттирган. 2011—2020 йилларда Республика кўз касалликлари шифохонасида ишлаган. Шунингдек, у турли грантлар орқали Ҳиндистонда, Австрияда, Германияда малака оширган.

Офталмолог Шукуров кўзойнак, линза, операция касалликларнинг турларига қараб белгиланиши ҳақида маълумот берди:

“Бу касалликларнинг турига қараб белгиланади. Миопия бу — минус кўзойнак тақадиган одамларнинг касаллиги. Гиперметропия бу — плюс кўзойнак тақадиган одамларнинг касаллигидир. Астигматизм эса турли хил даражада кўришни ифодаловчи касалликлардир. Булар билан касалланган беморлар кўзойнак тақиб юрсалар ҳам бўлаверади. Улар операция қилдириши ёки линза тақишиб юришлари керак эмас. Кўзойнак таққан одамда кўриш майдони анча қисқаради, линза таққан одамда бу градус кенгаяди, операция қилдирган одам эса равшан кўриш қобилиятига эга бўлади. Бунда турли хил касалликлар бор, масалан, катаракта касаллиги ёки глаукома, тўрпардадаги ҳар хил касалликлар. Бу касалликларда операция қилдирган маъқул, чунки бу операцияларни қанчалик вақтли қилдиришса, шунча натижаси яхши бўлади. Қариганда ҳам яхши кўриш қобилиятига эга бўлиш мумкин. Кўз касалликлари қанча кеч операция қилинса, шунча натижаси паст, умри қисқа бўлиши мумкин. Беморлар хоҳлаётган кўриш ўткирлиги ҳам чиқмаслиги мумкин”, — дейди у.

Шифокор кўз билан боғлиқ касалликлар хавфини сезганда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак дейди. Доктор кўригисиз турли хил маслаҳатларга эргашиб, ҳолатни оғирлаштириб қўйишдан огоҳлантиради.

“Докторга кўриниш шарт, чунки дорилар кўзни бутунлай тузатиб бера олмайди”, — дейди у.

Офталмолог кўзи хиралашган одам кўзойнак тақмасдан юрса, кўзи баттар хиралашиб кетиши мумкинлигини ҳам таъкидлади:

“Масалан, ёш болалар кўзойнак тақмаса, уларнинг кўзида минус, плюс ёки миопия касалликлари бўладиган бўлса, шу ҳолатича юраверадиган бўлишса, бу кўзда амбилопия (кўз дангаса бўлиб қолиши) мумкин. Бунда ўз кўзи билан 10 фоиз кўряпти, кўзойнак билан 100 фоиз кўради. Аммо кўзойнак тақмасдан вояга етяпти, кўзи 10 фоизгина ишлаяпти. Баъзилар шу кўриш билан қониқиб кетишяпти. Туғма касалликлар бўлса буларни қанча тез операция қилса, шунча яхши. Масалан, миопия йилдан-йилга кучайиб борадиган касаллик ҳисобланади. Катта бўлгани сари кўзининг ўлчами ҳам катталашади ва кўздаги минус кўрсаткичи ошиб бораверади. 8 ёшда -1, 9 ёшда -2, 10 ёшда -3 каби ошиб бораверади. Ёки туғма катарактада кўз гавҳари хиралашиб боради, бошида гавҳар номига хира бўлади. Кейин кўриш фоизи пасайиб бораверади. Кўз ҳам шунда дангасалашиб бораверади”.

Шифокор қурилмалардан фойдаланиш даврида кўз чарчамаслиги учун қуйидагича тавсия берди:

“Чет эл тажрибасида 20/20/20 деб номланади бу нарса. Бу 20 миль, 20 дақиқа ва 20 сония. Бу 20 дақиқа компьютерда ўтирилса, 20 миль узоқда туриш ва 20 секундга узоққа қараб олишингиз керак”,  — дейди у.

Бекзод Шукуров шакарнинг ҳаддан кўп истеъмоли одамда қандли диабетни ривожланишини, бу орқали эса кўз касалликлари ривожланиши мумкинлигини таъкидлади. “Кўз қон томирлари касалликларининг ривожланишига сабаб бўлиши мумкин ёки катарактанинг ривожланишига олиб келиши мумкин. Шу сабабли шакарли маҳсулотларни меъёридан кўп истеъмол қилишни тавсия бермаймиз”, — деди шифокор.

Мавзуга оид