Жаҳон | 18:53 / 12.08.2024
2292
2 дақиқада ўқилади

Google россиялик фойдаланувчиларни узил-кесил монетизациядан маҳрум этди

Google AdSense контекстли рекламалар сервиси Рунетдаги ишини тўлиқ йиғиштириб, Россиядаги фойдаланувчиларнинг қайд этиш ҳисобларини ўчиради. Тегишли билдиришнома 12 август куни россиялик ноширлар ва блогерларга жўнатилган, деб ёзади 3Dnews.

Фото: Bloomberg

“Биз барча жойлашган мамлакати сифатида Россия кўрсатилган AdSense аккаунтларини ўчирамиз. Бундай аккаунтлар орқали монетизациядан даромад олиш тўхтатилганини билдиради. Агар аккаунтда тўловларни қабул қилиш ўчирилмаган бўлса ва тўлов маррасига етиб келинмаган бўлса, июл ойи учун тўловлар 21-26 август оралиғида тўлаб берилади”, — дейилади Google Payments жамоаси хабарида.

Шундай қилиб, YouTubeʼда ишловчи сайтлар эгалари ва блогерлар Google AdSenseʼга уланишдан ва реклама тармоғи тақдим этаётган хизматлардан тўлиқ мосуво бўлади.

2022 йил мартида Google Россия ҳудудида реклама кўрсатилишини ўчириб қўйган эди. Реклама хабарлари қидирув тизимида ҳам, YouTube ва шерик тармоқларда ҳам кўринмасди. Бироқ ноширлар ва YouTube блогерлар хориждан туриб қилинган томоша учун даромад олаверишар эди.

Россияда YouTube блоклана бошлагач, ҳамма VPNʼга уланиб томоша қила бошлади ва рекламалар қайта пайдо бўлиб, монетизациядан даромадлар оша бошлаган эди.

YouTube бунга дарҳол жавоб берган. Бу ҳолда реклама берувчиларнинг бюджети ҳавога совурилади. Чунки хорижий рекламаларнинг Россияда кўрсатилишидан маъни йўқ, боз устига уларнинг Россияда кўрсатилиши ҳам ғалати.

Шунинг учун AdSense аккаунтлари шунчаки блоклаб қўйилди.

Россиялик йирик блогерлар учун бунинг таъсири деярли йўқ. Россиялик реклама берувчилар реклама учун Россияда пул тўлашади ва ундан солиқлар Россияда қолаверади. Бундан YouTube бир цент ҳам олмайди.

Бироқ AdSenseʼдаги даромадлардан кун кўрадиган кичик каналлар энди контент тайёрлашни умуман йиғиштириб қўйишлари мумкин.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид