Жаҳон | 11:10 / 12.08.2024
9843
2 дақиқада ўқилади

Киев: Курск вилоятига Украинанинг «минглаб» ҳарбийлари жалб этилган

Украина Қуролли кучларининг Курск вилоятидаги ҳужумидан мақсад Россия кучларини «чўзиш» ва мамлакатни «беқарорлаштириш»дир, деди AFP агентлигига Украина юқори мартабали расмийси.

Фото: Viacheslav Ratynskyi / Scanpix

Курск вилоятидаги ҳарбий амалиётда «минглаб» украиналик ҳарбийлар иштирок этмоқда. Бу ҳақда 11 август, якшанба куни Украина хавфсизлик соҳасидаги исми ошкор этилмаган юқори мартабали ходимга таяниб, AFP хабар берди. Унинг сўзларига кўра, ҳужумнинг мақсади - Россия кучларини «чўзиш» ва мамлакатни «беқарорлаштириш». Расмий қайд этишича, Курск вилоятидаги ҳарбий операция украиналик ҳарбийларнинг «жанговар кайфиятини кўтарган». 

«Биз ҳужумдамиз. Мақсад - душман позицияларини кенгайтириш, максимал йўқотишларга дучор этиш ва Россияда вазиятни беқарорлаштириш, чунки у ўз чегарасини ҳимоя қила олмаяпти», - деди исмини ошкор қилмаслик шарти билан расмий. Унинг таъкидлашича, Украина Курск вилоятидаги жанговар ҳаракатлар пайтида «халқаро қонунларга риоя қиляпти». 

Шу билан бирга, AFP суҳбатдоши таъкидлашича, Украинанинг Курск вилоятидаги ҳужуми Украина шарқидаги Россия юришини секинлаштирмаган. 

Россиянинг уч вилоятида АТО режими жорий этилди 

Белгород, Брянск ва Курск вилоятларида аксилтеррор операцияси (АТО) режими жорий этилди. Бу ҳақда 9 август куни Россия Федерацияси Миллий аксилтеррор қўмитаси (МАҚ) маълум қилди.
 
Украина Қуролли кучлари 2024 йил 6 августдан буён Курск вилоятида ҳарбий операция ўтказмоқда. Коренев ва Суджа туманларида фаол жанглар кетмоқда. 11 август куни маҳаллий ҳокимият Беловский тумани ҳудудига Украина «диверсия-разведка гуруҳлари»нинг «кириб келгани» ҳақида хабар берди.

Украина томони рўй бераётган воқеаларни расман тасдиқламаяпти ёки изоҳ бермаяпти, бироқ Украина президенти Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский унга «уруш тажовузкор ҳудудига ўтказилгани ҳақида» маълум қилган.

Мавзуга оид