Шолц Нетаняҳуни Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга чақирди
Германия канцлери Исроил ҳукумати раҳбари билан суҳбат чоғида: «Ҳозирда минтақада зўравонликнинг ҳалокатли спиралини тўхтатиш ва кескинликни пасайтириш ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ» деди.
Германия канцлери Олаф Шолц Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан телефон орқали суҳбатда Ҳамас ҳаракати билан гаровга олинганларни озод қилиш ва Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув тузиш «вақт келганини» айтди. Бу ҳақда 11 август, якшанба куни Германия ҳукумати расмий вакили ўринбосари Волфганг Бюҳнер журналистларга маълум қилди.
Исроилнинг Ҳамасга қарши урушдаги кўплаб мақсадларига эришилди, бироқ «инсон азоблари ва тинч аҳоли қурбонлари жуда катта», деди Шолц Исроил бош вазирига. Германия ҳукумати раҳбари Яқин Шарқдаги минтақавий можаро эҳтимолидан жиддий хавотир билдирди. Шу билан бирга, у Нетаняҳуга Берлин Исроилга Эрон ва Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатидан келаётган таҳдидларни кескин қоралашини очиқ айтди.
Суҳбат чоғида Шолц, шунингдек, Ғазо секторида урушни тугатиш минтақадаги вазиятни юмшатиш йўлидаги муҳим қадам бўлишини таъкидлади. «Ҳозир зўравонликнинг бузғунчи спиралини тўхтатиш, кескинликни пасайтириш ва деэскалация бўйича конструктив иш олиб бориш ҳар қачонгидан ҳам муҳим», - дея ифодалади Бюхнер Германия канцлери позициясини.
Эрон Исроилга ҳужум билан таҳдид қилмоқда
Яқин Шарқдаги можаронинг яна бир кескинлашуви Эрон янги президенти Масъуд Пизишкиён инаугурациясига келган Ҳамас гуруҳи сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания Теҳронда ўлдирилиши ортидан юз берди.
Ҳания 31 июлга ўтар кечаси ўз қароргоҳида содир бўлган портлаш натижасида ҳалок бўлган – баъзи маълумотларга кўра, бинога бомба «Моссад» томонидан ёлланган Эрон хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўйилган бўлиши мумкин. Воқеадан сўнг Эрон хавфсизлик кучларида ҳибсга олишлар тўлқини содир бўлди.
Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоминаий Ҳаниянинг ўлдирилишига жавобан Исроилга қарши зарба беришни буюрган. Sky News Arabia, ўз навбатида, бу 12 ёки 13 августда, Исроил энг машҳур мотам саналаридан бири - Ав ойи тўққизинчи куни ёки Тиша-беавни нишонлаётганда содир бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. Бу кунда, яҳудийлар анъаналарига кўра, Қуддуснинг Биринчи ва Иккинчи ибодатхоналари вайрон қилинган.
Мавзуга оид
15:47 / 09.11.2024
Шолц Бундестагга муддатидан олдин сайловлар санасини муҳокама қилишга тайёр
09:08 / 09.11.2024
Шолц Украина бўйича ҳар қандай музокаралар унинг иштирокисиз ўтказилишини рад этди
17:32 / 08.11.2024
Нетаняҳу мудофаа вазирини бўшатди: бу ғалаёнларга сабаб бўлмоқда
11:56 / 08.11.2024