Жаҳон | 20:26 / 13.08.2024
7077
2 дақиқада ўқилади

Ироқда қизлар учун никоҳ ёшини 9 га тушириш таклиф этилди

Адлия вазирлиги қизларни бошланғич мактабдан сўнг дарҳол турмушга бериш кераклиги ҳақидаги таклифни парламентга тақдим этди. Бу мамлакат бўйлаб норозилик намойишларига сабаб бўлди.

Фото: AFP/Getty Images

Ироқда 9 ёшга тўлган қизларга турмушга чиқишга рухсат берувчи қонун лойиҳаси бутун мамлакат бўйлаб норозиликларга сабаб бўлди. Бу ҳақда The Guardian ёзди.

Ироқ Адлия вазирлиги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш учун парламентга тақдим этди. Расмийларга кўра, қизларни бошланғич мактабдан сўнг дарҳол турмушга бериш керак. Бу уларга «ахлоқсиз муносабатлардан» қочишга ёрдам беради. Ўғил болалар учун никоҳ ёшини 15 га тушириш назарда тутилган.

Қайд қилинишича, Ироқ сиёсий тизимида ҳукмронлик қилаётган шиа диний гуруҳлари ўн йилдан бери мамлакатда аёллар ҳуқуқларига путур етказишга ҳаракат қилмоқда. Қўшни Саудия Арабистонидан фарқли ўлароқ, Ироқда турмуш қуриш каби муҳим ҳаётий қарорларни қабул қилиш учун аёллардан эр, ота ёки эркак васийнинг рухсати бўлишини талаб қилувчи васийлик тизими мавжуд эмас.

Таъкидланишича, қонун лойиҳаси Ироқ парламентида биринчи ўқишда қабул қилинган. У диний идораларга оилавий масалалар, жумладан, никоҳ, ажралиш ва бола парвариши бўйича қарор қабул қилиш ваколатини беради.

Парламентдаги 25 нафар аёл депутатдан иборат блок қонун лойиҳаси бўйича қайта овоз беришнинг олдини олишга урингани, бироқ кучли қаршиликка дуч келгани айтилмоқда.

Ироқда 1950 йиллардан бери 18 ёшдан олдин турмуш қуриш тақиқланган бўлса-да, UNICEF томонидан ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, мамлакатдаги қизларнинг 28 фоизи 18 ёшдан олдин турмушга чиққан.

Бағдод ва Ироқнинг бошқа бир қанча шаҳарларида қонунга қарши намойишлар ўтказилган. Унда янги қонун тарафдорлари мухолифлар билан тўқнашиб, уларни «маънавий таназзул» ва «Ғарб кун тартибига амал қилиш»да айблаган.

Мавзуга оид