Жаҳон | 07:32 / 14.08.2024
3297
3 дақиқада ўқилади

Курск областининг яна бир районида эвакуация бошланди

13 августгача аҳоли Болшесолдатский районини «мустақил равишда» тарк этди, деб ёзади унинг раҳбари Владимир Зайцев. Ҳозирда маъмурият эвакуация бўйича сўровларни йиғмоқда. 

Фото: AP / Scanpix

Украина Қуролли кучлари (УҚК) 6 августдан буён ҳаракат олиб бораётган Россия Федерацияси Курск областининг Болшесолдатский районида аҳоли – ҳам ўз кучи билан, ҳам маҳаллий маъмурият ёрдамида эвакуация қилинмоқда. Бу ҳақда район раҳбари Владимир Зайцевнинг 13 август, сешанба кунги хабарида айтилади. 

«Мен қўлимдан келган ҳамма нарсани қиляпман: биз тинч аҳолини олиб чиқяпмиз, ҳарбийларга ёрдам беряпмиз, озиқ-овқат тақдим этяпмиз, ёнғинларни ўчиряпмиз ва яна кўп нарсаларни қиляпмиз. Бугун биз кимни эвакуация қилиш кераклиги ҳақида маълумот йиғяпмиз», — деб ёзган расмий. 

Зайцевнинг сўзларига кўра, 12 август ҳолатига кўра, ҳудудда эвакуация бўйича ҳеч қандай сўров бўлмаган. «Мен жуда кўп одамлар қолганини тушуняпман, аммо улар кетишни хоҳламаяпти», деб таъкидлади у. 

Болшесолдатский райони Суджа районидаги Мартиновка қишлоғидан саккиз километр узоқликда жойлашган бўлиб, Telegram-каналлари хабарига кўра, украиналик ҳарбийлар унга яқинлашган, районнинг ўзида жанглар кетмоқда, деб хабар беради 7х7 интернет-нашри. 

Курск области аҳолисини эвакуация қилиш

Аввалроқ Курск области раҳбари вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов минтақадаги 180 минг киши эвакуация қилиниши кераклигини айтган эди. Газета.ru интернет-нашрининг ёзишича, 12 августга келиб 121 минг аҳоли аллақачон уйларини тарк этган. 

Курск областининг Глушков, Коренев, Суджа районларида ҳам аҳолининг ихтиёрий равишда чиқиб кетиши ташкил этилди. Шу билан бирга, қўшни Белгород области Краснояружский райони аҳолиси уни деярли бутунлай тарк этди, дейилади губернатор Вячеслав Гладковнинг 13 август куни эрталабки хабарида.

Украинанинг Курск вилоятига бостириб кириши 

Украина Қуролли кучлари 2024 йилнинг 6 августидан буён Курск областида ҳарбий операция ўтказмоқда. Курск областидаги ҳарбий амалиётда «минглаб» украиналик ҳарбийлар иштирок этмоқда. Бу ҳақда Украина хавфсизлик соҳасидаги исми ошкор этилмаган юқори мартабали ходимга таяниб, AFP хабар берди. Унинг сўзларига кўра, ҳужумнинг мақсади - Россия кучларини «чўзиш» ва мамлакатни «беқарорлаштириш». 

Мавзуга оид