Жаҳон | 13:59 / 14.08.2024
3319
2 дақиқада ўқилади

Латвияда ядро қуролини мамлакат ҳудудида жойлаштириш учун имзо тўпланмоқда

Manabalss.lv жамоатчилик ташаббуслари порталида имзо тўплаш бошланди.

Латвияда ядро қуролини мамлакат ҳудудида жойлаштириш учун имзо тўпланмоқда.

Manabalss.lv жамоатчилик ташаббуслари порталида НАТО иттифоқчиларига Латвия ҳудудида ядро қуролини жойлаштиришга чақириқ учун имзо тўплаш бошланди. 

Ташаббус муаллифларининг таъкидлашича, ҳар қандай НАТО давлати «ядровий соябон»га ишониши мумкин. Ташаббусда айтилишича, масалан, АҚШ ядро қуроли узоқ вақтдан бери давлат ҳудудидан ташқарида – Белгия, Германия, Италия ва Нидерландияда жойлашган. 

«Ядро қуроллари жойлашган мамлакатлар ва ҳарбий базалар хавфсизроқ бўлади, чунки Қўшма Штатлар ўз ядро арсеналининг тажовузкор қўлига тушишига йўл қўймайди», — дейилади порталда эълон қилинган матнда. 

Ғоя муаллифларининг қайд этишича, Полша узоқ вақтдан бери АҚШ билан ўз ҳудудида ядро қуролини жойлаштириш бўйича музокаралар олиб бормоқда. 

Ташаббус муаллифлари Сеймни НАТО иттифоқчилари билан Латвия ҳудудида ядро қуролини жойлаштириш бўйича музокараларни бошлашга чақирмоқда, бу мудофаани мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлади.

Матнда «Кремл фақат қуролнинг кучи, миқдори ва сифатини ҳурмат қилиши» таъкидланган, шунингдек, СССР даврида Латвияда 100 дан ортиқ ракеталарни ўз ичига олган ядровий ҳарбий базалар бўлганлиги эслатиб ўтилган. 

«Шунинг учун Латвияда ядровий қуролни жойлаштириш ҳақидаги гаплар янгилик эмас. Аммо ўшанда улар оккупацион кучлар эди. Энди Латвия мустақил давлат бўлиб, ўз хавфсизлигини қандай мустаҳкамлашни ўзи ҳал қилади. Шунинг учун биз Сеймдан НАТО иттифоқчилари билан Латвия ҳудудида ядро қуролини жойлаштириш бўйича музокараларни бошлашни ва бунинг учун зарур ҳуқуқий базани тайёрлашни сўраймиз», — дея қўшимча қилди ташаббус муаллифлари.

Ҳозиргача петиция учун талаб қилинган 10 минг имзодан 93 таси тўпланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид