Жаҳон | 09:46 / 14.08.2024
1320
2 дақиқада ўқилади

Украина ЕИдан яна 4,2 млрд евро олди

Европа Иттифоқи маблағлари ижтимоий дастурлар, гуманитар соҳа ва бошқа муҳим бюджет дастурларига ажратилади, деди Шмихал. 

Фото: AP

Украина бош вазири Денис Шмихал 13 август, сешанба куни Ukraine Facility дастури доирасида Украина Европа Иттифоқидан яна 4,2 миллиард евро олганини хабар қилди. «Ҳукумат бу маблағларни ижтимоий дастурлар, гуманитар соҳа ва бошқа муҳим бюджет дастурлари учун сарфлайди, биз ҳарбий харажатларни фақат ўз маблағимиз ҳисобидан молиялашда давом этамиз», — деб ёзди у Telegram-каналида. 

Шмихалнинг эслатишича, йил бошидан бери ЕИ Украинага 12 миллиард евродан ортиқ бюджет ёрдамини тақдим этган. «Биз барқарорлик, ривожланиш ва келажагимиз учун муҳим бўлган ислоҳотларни амалга оширишда давом этамиз, Европа ҳамкорлари бу саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватламоқда», - дея қўшимча қилиб ўтди бош вазир. 

Украина учун Ukraine Facility ЕИ қўллаб-қувватлаш дастури 

Июл ойида Европа Иттифоқи давлатлари Россия томонидан ҳужумга учраган Украинага Ukraine Facility доирасида 4,2 миллиард евролик транш беришга келишиб олди. Украинани ЕИ томонидан 50 миллиард евро миқдорида қўллаб-қувватлашнинг ушбу янги механизми 2024 йил 1 мартда иш бошлади ва Европа Иттифоқи тарихидаги аъзо бўлмаган давлатга энг катта ёрдамга айланди.

Дастур 2024 йилдан 2027 йилгача бўлган даврда Украинани тиклаш, реконструкция ва модернизация қилишни қўллаб-қувватлаш учун грантлар ва кредитлар кўринишидаги барқарор молиялаштиришни таъминлайди. Пул миллий ҳукумат томонидан Европа Иттифоқи билан келишилган тасдиқланган ҳаракатлар режаларига мувофиқ тақдим этилади. 

Мавзуга оид