NYT Курск областидаги юришга тайёргарлик тафсилотларини ёзди
Зобитлар бу ҳақда юриш бошланишидан уч кун олдин, оддий аскарлар бир кун қолганида хабардор бўлишган.
Иккинчи жаҳон уруши давридан буён Россия ҳудудига амалга оширилган энг йирик босқинга айланган Украина армиясининг Курск областига юриши 6 августдан буён давом этмоқда. Украина расмийлари мамлакат қуролли кучлари РФнинг 1000 квадрат километр ҳудудини назорат қилаётганини айтишган. Курск области губернатори вазифасини бажарувчиси Алексей Смирнов украин ҳарбийлари региондаги 28 та аҳоли яшаш манзилини эгаллаганини тан олган (мустақил манбаларга кўра — бундан кўпроқ). The New York Times журналистлари «Суджа» назорат-ўтказиш пунктида бўлиб (Украина қуролли кучлари бу ерни босқин бошидаёқ тўлиқ яксон этган), Украина Курск областига юришни қандай бошлагани ҳақида ҳикоя қилишган. «Медуза» Россия-Украина чегарасидан репортаждан асосий жойларини келтирди.
«Металл листларни шамол учиради, божхона декларациялари қоғозлари ҳар тарафга сочилиб кетган, „Россия“ ёзуви акс этган йўл белгилари атрофида қаровсиз итлар тентирайди. Украинларнинг зирҳли машиналари эса ҳеч қандай қаршиликсиз ҳаракатланиб, чанг кўтарганча ўтмоқда», — дея «Суджа» назорат-ўтказиш пунтидаги вазиятни тасвирлайди NYT журналисти Эндрю Крамер.
Мақолада айтилишича, чегаранинг бу участкасида яқинда бўлиб ўтган жанг излари, россиялик чегарачилар ва муддатли ҳарбий хизматга чақирилганлар ғафлатда қолгани белгилари қолган — оёқлар остида гилзалар, асфалтда ташлаб юборилган зирҳли нимчалар, бинолар полида қон доғлари ва сочилиб ётган бинтларни кўриш мумкин. Журналистлар чегарадаги ўтказиш пунктига етиб келганида украин ҳарбийлари харобалар остидан чиқарилган россиялик аскарларнинг жасадларини қопларга солиб қўйганди.
Кенг кўламли урушнинг икки ярим йили давомида ҳали украин қўшини Россия ҳудудига катта гуруҳ бўлиб бостириб кирмаганди. Россия босқинининг илк ойларида Украина зарбаларга жавобан чегара ортидан туриб вертолётлар билан ўт очган, кейин дронлар ёрдамида Россиянинг нефтни қайта ишлаш заводлари ҳамда аэродромларига мунтазам равишда ҳужумлар уюштирганди. Белгород, Курск ва Брянск областларига Украина қуролли кучлари сафида хизмат қилаётган россияликлардан тузилган кичик гуруҳлар билан рейдлар уюштирилган, аммо бу уринишларнинг барчаси тезда ортга чекиниш билан якунланганди. Шу туфайли, NYT нашри қайд этишича, ҳозирги ҳарбий ҳаракатларнинг Россия ҳудудига кўчиши Украина учун муҳим палла бўлмоқда.
Украина қўшини кучсиз ҳимояланган чегарани ёриб ўтиб, Россия ичкарисига бир неча ўн километр кириб борди. The New York Times ҳисоблашича, Киев шу тариқа урушнинг боришини ўзгартирди — айниқса Украина қуролли кучлари сўнгги йил давомида мамлакат шарқида Россия қўшинлари олдинга юришини тўхтатишга ҳаракат қилаётгани фонида.
«Мен танкда Россияга кетаётганимдан хурсандман. Бу улар бизнинг мамлакатимизга танкда келишидан кўра яхшироқ», — деган NYT мухбири Украина қўшинлари таъминоти олиб бориладиган йўлда гаплашган украин ҳарбийларидан бири. Шу паллада қарама-қарши йўналишда шикастланган MaxxPro зирҳли машинасини платформага ортиб қайтишаётганди. Журналист йўл бўйида РФ қўшинлари Украина қуролли кучлари юришига жавобан ташлаган авиабомбалар вайрон қилган бир неча уйларни кўради.
Украина катта таваккалчилик қилмоқда, дея ёзади NYT: бу юриш орқали украин расмийлари музокаралардаги позициясини яхшилашдан, шунингдек Россияни Донбассдан қўшинларини олиб чиқишга мажбур қилишдан умид қилмоқда. Украина Россия ҳудудларини бу мақсадларга эришиш учун етарли бўладиган даражада узоқ вақт ушлаб қолиши масаласи эса очиқ қолмоқда.
Украина қуролли кучларининг Курск областига босқинига тайёргарлик қаттиқ махфийлик шароитида ўтган. Украина бригадаларидан бирининг командири, подполковник Артёмга кўра (NYT унинг фамилиясини келтирмаган), юриш режаларидан фақат чекланган доирадаги ҳарбийлар хабардор бўлишган. Тайёрланаётган ҳужум ҳақида катта зобитларга унинг бошланишига уч кун вақт қолганида хабар беришган, оддий аскарлар эса Россияга йўл олиши ҳақида фақат бир кун олдин билишган. Шу билан бирга, Артёмнинг тасдиқлашича, ҳужум ҳақидаги хабарлар аскарлар орасида тарқалгач, командирлар уларнинг эҳтиёткорлигига ишонган ва уларнинг телефонларини олиб қўймаган. Тайёргарлик доирасида зирҳли техникаларни ўрмонга яширишган, қўшинлар ҳаракати машғулотлар билан ниқобланган, аскарлар эса чегара яқинидаги қишлоқларда ташлаб кетилган қаровсиз уйларда тунашига тўғри келган, дейилади мақолада.
Журналистлар маълумотига кўра, Украина қуролли кучлари стратегияси чегарадан тезлик билан ўтиш ва кейин йўллар бўйлаб ҳаракатланиб, ландшафтдаги устунликдан фойдаланиб, россияликларнинг қарши ҳужумларига йўл қўймасликни назарда тутган. Курск областида далалар кўллар ва ботқоқликлар билан биргаликда жойлашган, Украина қўмондонлиги режасига кўра, бу РФ қўшинларининг йўлсиз ҳудудларда ҳаракатланишдаги имкониятларини чеклаши керак эди. Подполковник Артём журналистлар билан суҳбатда Украина юриши аллақачон ўз мақсадига эришганини айтади: «Бу ҳозирда ўзини ғолиб империя санаётган Россиянинг нуфузига зарба бўлди. Биз ушбу мамлакат ичкарисида буфер зона ҳосил қилдик».
Ҳужумга тайёргарлик кўришда махфийлик сақлангани катта аҳмиятга эга. NYT муаллифлари ҳисоблашича, Украина ҳукумати мамлакат қуролли кучларининг 2023 йил ёзида Украина жанубида муваффақиятсиз чиққан қарши ҳужумидан тегишли хулосалар чиқарган, ўшанда бу юришга тайёргарлик ОАВ орқали кенг миқёсда анонс қилинганди. Курск областидаги ёриб ўтишдан кейин эса Украина ҳукумати босқин юзасидан тўғридан тўғри расмий изоҳ бермаяпти.
Аммо бу махфийлик таъминланиши учун Курск области билан чегарадош ҳудудларда яшовчи тинч украинлар тўлов қилишига тўғри келди, дейилади мақолада. Уларни олдиндан огоҳлантириш имконига эга бўлмаган Украина ҳукумати Россия босқинга жавобан чегара яқинидаги аҳоли яшаш пунктларига зарбалар беришни бошлаши фонида шошилинч эвакуация қилмоқда. 12 август ҳолатига Суми областининг чегара ҳудудларидан қарийб 20 минг киши олиб чиқилган.
Хотен посёлкасидаги болалар боғчасининг 44 ёшли тарбиячиси Наталия Вялина журналистлар билан суҳбатда юриш фонида уйини тарк этишга мажбур бўлганига қарамай, Украина ҳукуматининг қарорини маъқуллашини айтган. «Улар ҳам оккупация, босқинни бошдан кечириб кўришсин, бомбапанагоҳлардаги болалар қандай йиғлашини эшитишсин, қариялар қандай азоб чекишини кўришсин», — деган у Украинанинг чегара ҳудудларидан кўчириб келинганлар жойлаштирилган пунктда.
«Мен уруш тугашини хоҳлайман, — дея қўшимча қилади 65 ёшли пенсионер, уйини тарк этишга мажбур бўлган украиналик яна бир аёл Вера Простатина. — Аммо энди россияликларнинг шаҳар ва қишлоқлари эгаллаб олинмоқда. Бу уларга дарс бўлсин. Душман жазоланиши лозим. Улар бизга уруш олиб келди ва ҳаётимизни вайрон қилишди. Энди мен уруш улар учун ҳам, биз учун ҳам якунланишини хоҳлайман».
Мавзуга оид
20:14 / 24.11.2024
Россия армиясининг «Жануб» қўшинлар гуруҳи қўмондони лавозимидан четлатилди
19:21 / 24.11.2024
FT: Россия юзлаб яманликларни Украинага қарши урушга ёллади. Улар шартнома имзолашга мажбурланмоқда
15:06 / 24.11.2024
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди — Reuters
14:22 / 24.11.2024