Жаҳон | 13:53 / 16.08.2024
1382
2 дақиқада ўқилади

Оқ уй: Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар Доҳада давом этмоқда

Томонлар келишувни амалга ошириш тафсилотларига эътибор қаратган, деди Жон Кирби.

Фото: Anadolu Agency

Блокададаги Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар 15 август, пайшанба куни Қатар пойтахти Доҳада бошланди, жума куни ҳам давом этади. 

Бу ҳақда 15 август, пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби маълум қилди. 

Унинг сўзларига кўра, томонлар «келишувни амалга ошириш тафсилотларини» муҳокама қилмоқда. «Учрашув олдидан баъзи камчиликларни бартараф қилдик. Бугун биз келишувни амалга ошириш тафсилотларига эътибор қаратмоқдамиз. Битимнинг мураккаблигини ҳисобга олсак, ҳали кўп иш қилиш керак. Бугунги музокаралар натижасида келишувга эришилишини кутмаяпмиз. Очиғини айтсам, музокаралар жума куни давом этишини кутаман», — деди Оқ уй вакили. 

Кирбининг айтишича, Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш режимининг тезроқ ўрнатилиши барча томонлар манфаатларига мос келади ва шунинг учун Вашингтон Доҳадаги музокараларга катта аҳамият беради. 

Оқ уй вакилининг айтишича, музокараларда АҚШ, Исроил, Миср ва Қатар делегациялари иштирок этмоқда, бевосита иштирок этмаган Ҳамас эса Қатар ва Миср вакиллари орқали мулоқот қилмоқда. 

Музокараларда АҚШ томонидан Оқ уйнинг Миллий хавфсизлик кенгаши Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича координатори Бретт Макгерк ҳамда АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) директори Уилям Бернс иштирок этмоқда. «Томонлар асосни келишиб олдилар. Келишувни амалга ошириш тафсилотлари ишлаб чиқилмоқда», — дея қўшимча қилди у. 

Аввалроқ АҚШ, Миср ва Қатар Исроил ва Ҳамасни 15 август куни Қоҳира ёки Доҳада Ғазода ўт очишни тўхтатиш ҳамда асирларни алмашиш бўйича музокараларни қайта бошлашга чақирган эди. Қўшма баёнот минтақадаги кўплаб давлатлар, жумладан Туркия томонидан қўллаб-қувватланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид