Жаҳон | 10:40 / 16.08.2024
3236
4 дақиқада ўқилади

Подоляк: Киев шериклари билан Курск яқинидаги ҳужумни муҳокама қилган

Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчисининг сўзларига кўра, Киев ҳамкорлари билан Украина Қуролли кучлари Курск вилоятидаги ҳужумини муҳокама қилган, аммо бу жамоатчиликка ошкор этилмаган.

Фото: president.gov.ua

Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подолякнинг таъкидлашича, Киев ўз ҳамкорлари билан Украина Қуролли кучлари Курск вилоятидаги ҳужумини бошлашдан аввал муҳокама қилган. Бу фикр Подолякнинг 14 август, чоршанба куни чоп этилган Британиянинг The Independent газетасига берган интервюсида келтирилган.

«Айрим нарсалар борки, улар ҳайратланарли элемент билан амалга оширилиши ва маҳаллий даражада содир бўлиши керак», деди у. «Бироқ, ҳамкор кучлар ўртасида мунозаралар бўлди, фақат жамоатчилик даражасида эмас», - дея қўшимча қилди Подоляк. 

Аввалроқ Украинанинг Ғарбдаги асосий иттифоқчилари, жумладан Британия ва Қўшма Штатлар ҳужум ҳақида олдиндан хабардор этилмаганини расман даъво қилган эди. 

Storm Shadow эҳтимолий зарбалари ҳақида 

Подоляк шунингдек, Британия бош вазири Кир Стармер билан Британиянинг Storm Shadow узоқ масофали, ҳаводан учириладиган қанотли ракеталаридан Россия ҳудудига чуқур зарба бериш учун фойдаланиш имконияти ҳақида гаплашганига аниқлик киритди, аммо у рад жавобини олган.

«Украина ё ракета ва артиллерия зарбалари бериладиган базаларни йўқ қилиши ёки зенит қуроллари билан ўзини ҳимоя қила олиши керак, бу мунозаранинг параметрларини тушуна олмаяпман. Биз қила олмаяпмиз, чунки бизда бу етарли эмас», дея қўшимча қилди у. 

«Ишончим комилки, агар (узоқ масофага мўлжалланган) қуроллардан фойдаланишга норасмий тақиқ олиб ташланганида, уруш манзараси бутунлай бошқача кўринишга эга бўларди», - дея The Independent газетаси Подолякнинг сўзларидан иқтибос келтирди.

АҚШ Киевнинг мақсадларига ойдинлик киритмоқчи 

Аввалроқ АҚШ Давлат департаменти вакили Мэтю Миллер Қўшма Штатлар Киевнинг ҳужуми ҳақида олдиндан огоҳлантирмагани, бу тактик ҳаракатлар учун одатий ҳол эканини таъкидлаб ўтганди.

«Аниқ операцияга келсак, биз улар (украиналиклар) билан боғланиб, мақсади нима эканлигини аниқлашга ҳаракат қиламиз», деди Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пер. Унинг қўшимча қилишича, Вашингтон «Украина томони Россия агрессиясидан ҳимояланиш учун зарур бўлган ҳамма нарсага эга бўлишини» таъминлашга эътибор беришда давом этади. 

Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби айтишича, агар Путин Киев ҳаракатларидан «ўзини бироз ноқулай ҳис этаётган бўлса», у шунчаки «Украинадан чиқиб кетиши» мумкин. 

Подоляк Киевнинг ШОдаги портлашларга алоқадорлигини рад этди

Reuters билан суҳбатда Подоляк, шунингдек, Киевнинг «Шимолий оқим» (ШО) ва «Шимолий оқим-2» газ қувурларида қўпорувчилик ҳаракатларига алоқадорлиги ҳақидаги даъволарни рад этди. «Бундай ҳужумни фақат катта техник ва молиявий ресурслар мавжуд бўлганда амалга ошириш мумкин», деди Подоляк. «Ҳужум пайтида буларнинг барчаси кимда бор эди? Фақат Россияда», - деб таъкидлади у. 

Аввалроқ Германия федерал прокуратураси портлатиш иши бўйича украиналик Владимир Ж.ни ҳибсга олишга ордер берган эди. Die Zeit нашри ёзишича, июн ойида Германия федерал ҳукумати Владимир Ж.ни ҳибсга олиш учун ордерни у яшаган Полшага юборган. Тахминларга кўра, эркак мамлакатни тарк этишга муваффақ бўлган. 

Россиядан Германияга олиб борувчи Болтиқ денгизидаги «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим-2» газ қувурларининг тўрт тармоғидан учтаси 2022 йил сентябр ойи охирида портлатилган. 

Мавзуга оид