Жаҳон | 22:51 / 16.08.2024
3404
2 дақиқада ўқилади

Россия ТИВ санкциялар яна ўнлаб йиллар амалда бўлишидан огоҳлантирди

2014 йилдан бери ғарб давлатлари 20 мингдан ортиқ Россия компаниялари ва жисмоний шахсларини санкциялар рўйхатига киритди.

Фото: ТАСС

Қрим аннексияси ва Украинага босқиндан кейин Россияга қарши жорий этилган санкциялар яна узоқ муддат ўз кучида қолади. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги Иқтисодий ҳамкорлик департаменти директори Дмитрий Бирический маълум қилди.

«Бу ҳолат ўнлаб йиллар давом этади. Украинадаги инқирозни ҳал қилиш жараёни ва натижаси қандай бўлишидан қатъи назар», — дейди дипломат. Биричевскийнинг сўзларига кўра, Украинага қарши уруш шунчаки «баҳона» бўлган, санкциялар мақсади — «адолатсиз рақобат».

«Улар янги санкцияларни, янги чекловларни жорий этмоқда. Бу спираль давом этяпти. Ва бу тўхтамайди — мен бундан умид қилмаган бўлардим», — дея таъкидлайди у.

2014 йилдан бери ғарб давлатлари 20 мингдан ортиқ Россия компаниялари ва жисмоний шахсларини санкциялар рўйхатига киритди. Натижада РФ чекловлар бўйича дунёда рекордчига айланди — Эрон ва КХДРдан ҳам олдинда. Биричевскийнинг айтишича, Москва ушбу давлатлар билан мунтазам таржиба алмашиб, ундан санкцияларга қарши ҳаракатда фойдаланмоқда.

Дипломатнинг сўзларига кўра, мақсад «санкцияларга қарши иттифоқ»ни тузиш, бироқ чекловларга тушмаган давлатлар унга қўшилишга шошилмаяпти. «Сизларни қўллаб-қувватлаймиз, сизлар билан ишлаймиз», деб минбардан туриб гапириш бошқа масала, санкциялар остида бўлганлар билан бир қаторда бўлиш эса бошқа», — дейди Биричевский.

Биричевскийнинг қўшимча қилишича, саноат ва банк тизими учун санкциялар қанчалик оғир бўлмасин, улар Россияни «иқтисодиёт тузилмасини қайта қуришга» мажбурламоқда. «Биз 90 йиллар бошида нефть, газимиз бор, қолган барча нарсани хориждан сотиб оламиз деб ҳисоблардик. Энди эса сотиб ололмаймиз», — дея қайд этади амалдор.

Мавзуга оид