Жаҳон | 19:15 / 16.08.2024
5636
3 дақиқада ўқилади

Таиланд собиқ бош вазирининг қизи ҳукумат раҳбари этиб сайланди

Мамлакат Конституциявий суди собиқ бош вазирни ахлоқ қоидаларини қўпол равишда бузгани учун лавозимдан олганди.

Фото: Getty Images

Таиланд парламенти миллиардер ва собиқ бош вазирнинг қизи Пэтонгтарн Чинаватни ҳукумат раҳбари лавозимига сайлади, деб хабар беради BBC. 37 ёшли Пэтонгтарн энг ёш бош вазир ва ушбу лавозимга сайланган иккинчи аёлга айланди.

Пэтонгтарн Чинаватнинг сайланиши Таиланд Конституциявий суди бош вазир Сеттха Тхависинни ахлоқ қоидаларини қўпол равишда бузганликда айбдор деб топиб, уни лавозимидан четлатганидан икки кун ўтиб амалга оширилди. Иккала партия ҳам 2023 йилги сайловларда иккинчи ўринни қўлга киритган, бироқ ҳукмрон коалицияни шакллантирган эди.

Пэтонгтарн олдида мураккаб вазифа турибди — Таиланд иқтисодиётини жонлантириш ва унинг партияси бошчилигидаги тўртта олдинги ҳукуматни ағдарган ҳарбий тўнтаришлар ва суд аралашувларидан қочиш.

«Барча таиландликларнинг ҳаётини яхшилаш ва имкониятларни кенгайтириш йўлида одамларда ишонч уйғота олишимга ишонаман», — дейди Пэтонгтарн 16 август куни бўлиб ўтган овоз бериш жараёнларидан кейин.

У мазкур ҳолатдан ҳайратга тушиб, қўллари ҳаяжондан титраганини, «хонадагилар орасида энг яхши ёки энг қобилиятлиси бўлмаганини» тан олди.

Пэтонгтарн номзодини парламент вакилларининг 319 нафари маъқуллаган бўлса, 145 нафари қарши овоз берган. Шундай қилиб, у охирги 20 йилда бош вазир лавозимига тайинланган Чинават оиласининг тўртинчи вакилига айланди.

Бундан олдин унинг отаси Таксин ва аммаси Йинглак ҳарбий тўнтариш ҳамда Конситуциявий суд қарорига кўра, ҳокимиятдан четлатилган эди.

Таиланд собиқ бош вазири Сеттха Тхависин баҳорда 2008 йили коррупция ишида айбланиб, олти ой муддатга қамоқ жазосига ҳукм этилган адвокат Пичит Чуэнбанни бош вазир идораси вазири этиб тайинлагани сабабли Конституцияда қайд этилган ахлоқ қоидаларини бузганликда айбланган эди. Тергов версиясига кўра, Пичит Чуэнбан икки нафар ҳамкасби билан Олий суд ходимларига тушлик учун мўлжалланган қутилар ичига 2 миллион бат (57 минг доллар) сотилган қоғоз пакетни яшириб, пора беришга уринган.

Мавзуга оид