Ўзбекистон | 12:06 / 17.08.2024
11926
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда мингдан ортиқ одамни чув туширган фирибгар қўлга олинди

Тошкент шаҳрида яшовчи шахс Telegram’да “Call center” номли аккаунт очиб, минг нафардан ортиқ фуқаронинг 550 млн сўм пулларини ўзлаштириб олгани аниқланди. У одамларни асосан “Lamifarm” ташкилоти томонидан ўтказилаётган танловда телевизор ва кондиционер ютиб олганлиги, етказиб бериш хизматига 200 минг сўм тўлашлари кераклигини айтиб, алдаган.

Тошкентда фирибгарлик йўли билан кўплаб одамларнинг пулини ўзлаштириб олган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар берди.

Самарқанд вилоятида яшовчи Б.Ў. ички ишлар органларига мурожаат қилиб, номаълум шахс фирибгарлик йўли билан банк картасидан 7,3 млн сўм пулни ўзлаштирганини айтган. Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур жиноятни Тошкент шаҳрида яшовчи К.А. содир этганлиги аниқланган.

Маълум бўлишича, гумонланувчи К.А. жабрланувчига қўнғироқ қилиб, унга “Lamifarm” ташкилоти томонидан ўтказилаётган танловда телевизор ва кондиционер ютиб олганлигинини билдирган. Сўнгра ушбу ютуқларни олиш учун етказиб бериш хизматига 200 минг сўм ўтказиб бериш кераклиги ҳамда телефон қурилмасига код келишини айтган. Жабрланувчи Payme иловасидан келган кодни айтиши билан К.А. унинг банк картасидаги 7,1 млн сўм пулни ўтказиб олган ҳамда ўзини қора рўйхатга киритиб қўйган.

Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида, ушбу шахс телеграмда “Call center” номли аккаунт очиб, минг нафардан ортиқ фуқаронинг 550 млн сўм пулларини ўзлаштириб олгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан К.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “г” банди (ахборот тизимидан, шу жумладан ахборот технологияларидан фойдаланиб фирибгарлик содир этиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Наманганда сохта трейдерга ишонган аёл қарийб 100 млн сўмга чув тушганди.

Мавзуга оид