Жаҳон | 21:05 / 18.08.2024
4855
11 дақиқада ўқилади

Исроил ва Ҳамас музокаралари: АҚШ ва воситачилар оптимистик кайфиятда

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен якшанба куни гаровдагиларни озод этиш ва Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича давом этаётган музокараларда Вашингтоннинг сиёсий вазнини ошириш учун Исроилга йўл олди. Америкалик мулозимлар оптимизм билдирмоқда, Исроил сукут сақламоқда, Ҳамас вакиллари эса иштиёқ кўрсатмаяпти ва Исроилнинг янги тузатишларига рози эмаслигини айтишмоқда.

Фото: Getty Images

Блинкен «ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагилар ҳамда қўлга олинганларни озод этиш тўғрисида келишувга эришиш» учун Исроилга сафар қилди, дейилади Давлат департаменти хабарида.

Бу АҚШнинг асосий дипломати ўтган йил октябрида Исроил ва Ҳамас ўртасида уруш бошланганидан буён минтақага ўнинчи бор келишидир. У душанба куни исроилликлар бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан учрашиши режалаштирилган.

Бир неча кун муқаддам Қўшма Штатлар урушаётган томонлар ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф этишга қаратилган таклифларни илгари сурганди.

Музокаралар жараёни Исроил тузган ва Байден 31 май куни имзолаган келишувга асосланган. Унга кўра, ҳарбий ҳаракатлар олти ҳафта муддатга музлатилади ва бу даврда гаровдагилар ҳамда маҳбуслар озод этилади.

Америка расмий шахслари янгича оптимизм билан келишув якуний босқичга чиққанини айтишмоқда, аммо шу билан бирга, ҳали яна кўп нарсани келишиш лозимлигидан огоҳлантирмоқда.

Америкалик, қатарлик ва мисрлик воситачилар 10 ойдан ортиқ вақтдан буён давом этаётган урушда ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар олдинга силжиётганини айтмоқда, АҚШ президенти Жо Байден эса, бу борада «биз ҳар қачонгидан яқинроқмиз» деди.

«Биз қолган бўшлиқлардан унумли фойдаландик ва уларни шу тахлит бартараф этдикки, бизнинг фикримизча, ҳозирда бу келишув имзолашга, амалга оширишга ва олдинга силжишга тайёр ҳолатда», — деган Байден маъмуриятидаги юқори мартабали амалдорлардан бири журналистларга.

«Энди барчаси натижага эришиш, одамлар ҳаётини қутқариш, Ғазо аҳолиси аҳволини енгиллаштириш ва минтақадаги кескинликни юмшатиш учун тайёр», — дейилган Қатар, Миср ва АҚШнинг жума куни эълон қилинган қўшма баёнотида.

Шахси сир қолишини сўраган америкалик расмий Reuters билан суҳбатда можарони тўхтатиш бўйича сўнгги дипломатик саъй-ҳаракатларни сўнгги ойлардаги энг самаралиси деб атаган ва сўнгги 48 соат мобайнида барча иштирокчилар консенсусга эришганини айтган. «Биз устида ишланган қатор масалалар бўйича сезиларли ўсишга эришдик», — деган у.

Музокаралар янги ҳафта бошида ҳам давом эттирилиши кутилмоқда, кейин эса юқори мартабали мулозимлар яна Қоҳирада йиғилади, ҳафта охирида келишувни якунлаш мўлжалланган.

Қўшма Штатлар президенти Жо Байден Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув яқин эканини айтди ва Яқин Шарқдаги томонларни келишувга эришиш учун давом этаётган музокараларга путур етказмаслик зарурлиги ҳақида огоҳлантирди.

Жума куни Байден журналистлар билан учрашувда келишув музокаралар бошланишидан олдинги даврдагига қараганда
«анча яқин» эканини таъкидлади ва яна бир бор «ҳали мақсадга тўлиқ эришилмагани»ни қўшимча қилди.

«Яна айрим масалалар қолган. Ўйлайманки, бизда имконият бор», — деган у.

Жума куни Байден журналистларга келишув яқинлигини айтган

Шанба куни исроиллик амалдор Walla агентлиги билан суҳбатда Қўшма Штатлар томонидан намойиш этилаётган оптимизм ҳеч бўлмаганда Эронни Теҳронда 31 июл куни Ҳамас етакчиси Исмоил Ҳания ўлдирилганига жавобан Исроилга зарба йўллаш режасини кечиктиришга кўндиришга қаратилганини айтган. АҚШ худди шу мақсадда Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» гуруҳига ҳам босим ўтказмоқда, Исроил Байрутда ушбу гуруҳ қўмондони Фуад Шукрни ҳам ўлдирганди.

Исроилдаги нашрларга кўра, «воситачилар Эрон ва „Ҳизбуллоҳ“ билан музокаралар ўтказмоқда ва уларни вазиятни кескинлаштирмасликка чақирмоқда».

Янги таклифлар

Шанба куни Исроил нашрлари музокаралар жараёнидан хабардор бўлган мулозимга асосланиб хабар беришича, Американинг гаровга олинганлар ва ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувни якунлаш учун ишлаб чиқилган «оралиқ таклифи» Исроил кучлари Ғазо ва Миср чегарасида ёки Ҳамас қуролли кучлари сектор шимолига қайтишининг олдини олиш учун Ғазо марказий қисмида доимий бўлиб туришини (бош вазир Бинямин Нетаняҳу шуни талаб қилмоқда) назарда тутмаган.

Фақат агар Исроил ва АҚШ мазкур икки масала бўйича шартларни келиша олса, Миср ва Қатар Ҳамас келишувга рози бўлиши учун унга босим ўтказади, деб хабар беради Исроилдаги «Канал 12» манбаси. Аммо, Ҳамас Исроилнинг бу икки талаби ҳисобга олинадиган келишувга рози бўлмаслигини аниқ қилиб айтган.

Сўнгги ҳафталар давомида ушбу икки талабини бот-бот такрорлаган Нетаняҳу Қоҳирада ўтказиладиган навбатдаги музокаралар олдидан исроиллик музокарачилар ҳамда мамлакат хавфсизлик кучлари бошлиқлари билан ушбу масалани муҳокама қилиши кутилмоқда.

Америкалик расмий шахслар олдинроқ Ҳамас қуролли кучлари Исроил армияси секторни шимол ва жанубга ажратган Нетцарим йўлаги орқали Ғазонинг шимолий қисмига қайтиши — келишувнинг бузилиши бўлишини таъкидлаган. Walla News агентлиги хабарига кўра, энди воситачилар Исроилга Ҳамас Ғазонинг шимолий қисмига қурол олиб кирадиган тақдирда унга қарши ҳарбий ҳаракатларни қайтадан бошлаш ҳуқуқини берувчи бандни таклиф қилишган. Келишувнинг ҳозирги шаклида Исроил армиясини Нетцарим ҳудудидан олиб чиқиш кўзда тутилган.

Исроил хавфсизлик кучлари расмийлари ҳисоблашича, келишувнинг биринчи босқичидаги олти ҳафта мобайнида қўшинлар Ғазо чегараси бўйлаб Филаделфия йўлагидан олиб чиқилиши Ҳамас жиддий тарзда қайта қуролланишига олиб келмайди ва чегарадаги номи айтилмаётган айрим процедуралар Исроил қўшинлари чегара ҳудудида йўқлигини компенсация қилади.

Исроил нашрлари Мисрдаги манбаларга таяниб хабар беришича, Исроил ва Миср Филаделфия йўлаги ва Рафаҳ чегара назорат-ўтказиш пункти борасида келишув устида ишламоқда.

Associated Press билан гаплашган мисрлик аноним мулозимнинг сўзларига кўра, Исроил чегара ҳудуддаги йўлакдан чекиниш борасида «мослашувчанлик» кўрсатган ва кейинги ҳафтада қўшинларни олиб чиқиш механизмни келишиб олиш бўйича мисрлик ва исроиллик ҳарбийлар ўртасида учрашув ўтказилиши режалаштирилган.

Нетаняҳу ҳар қандай келишув Исроилнинг иккита асосий ҳарбий мақсади — гаровдагиларнинг барчасини озод этиш ва Ҳамасни йўқ қилиш масалаларини ҳал қилиши кераклиги бўйича фикрида собит турмоқда. У шунингдек Ҳамас истаётган шаклдаги доимий оташкесимга ҳам рози эмас.

Шунга қарамай, Нетаняҳу офисининг шанба кунги баёнотида исроиллик музокарачилар гуруҳи келишувда олдинга силжиш эҳтимоли борасида «эҳтиёткорона оптимизм» билдирган.

Бош вазир идораси жума куни Доҳада Исроил ва музокарачилар ўртасида ўтказилган икки кунлик музокаралар якунларига кўра АҚШнинг Исроил ва Ҳамасга тақдим этилган янги таклифида «Исроил учун мақбул бўлган қисмлар мавжудлиги» айтилган.

«Биз АҚШ ва воситачилар томонидан Ҳамасга кучли босим унинг Америка таклифига қаршилигини бекор қилиш ҳамда контактларда илгарилашга эришишга имкон беришидан умид қилишимиз керак», — дейилган баёнотда.

Ҳамас катта натижа кутмаяпти

Бу вақтда Ҳамас вакиллари бошқалар каби оптимизмда эмас.

«Биз келишувга яқинлашаётганимизни айтишмоқда, — бу иллюзия, — деган AFP мухбири билан суҳбатда Ҳамас сиёсий бюроси аъзоси Сами Абу Зуҳрий. — Биз келишув ёки ҳақиқий музокаралар билан эмас, балки Америка талаблари билан рўбару келганмиз».

Исроилнинг 17 август куни Ғазо сектори марказидаги Завид шаҳрига рейди оқибатлари

Ҳамас вакили Жиҳод Таҳа шанба куни Al Jazeera телеканалига Исроил ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларда қўшимча шартларни илгари сурганини айтиб, Нетаняҳуни улардан натижага эришишга халал бериш учун фойдаланишда айблади.

Жума куни гуруҳ расмийлари AFP мухбирига Ҳамас Исроилнинг «янги шартлари»ни қабул қилмаслигини айтишди.

Аввалроқ гуруҳ янги муроса йўлларини топишга уриниш ўрнига Байденнинг режасини амалга оширишга чақирганди.

Ҳамас вакиллари Доҳадаги музокараларда қатнашмаган. Ҳаракат расмий вакили Усама Ҳамдон AFP мухбирига айтишича, йиғилишда Ҳамас розилик берган шартларни амалга ошириш жадвали белгилансагина, гуруҳ музокараларга қўшилади.

Исроил амалиётни давом эттирмоқда

Бу вақтда исроилликлар нафақат Ғазода, балки Исроил томонидан оккупация қилинган Ғарбий соҳилда ҳам, Ливанда ҳам ҳарбий амалиётини давом эттирмоқда.

Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги шанба куни исроилликлар авиазарбаси оқибатида Набатие туманида 10 нафар суриялик, жумладан аёл ва унинг икки фарзанди ҳалок бўлгани, бу ўтган йил октябр ойидан буён Ливан жанубида кузатилган энг кўп ўлимга сабаб бўлган ҳужум эканини хабар қилди.

Исроиллик ҳарбийлар зарба «Ҳизбуллоҳ»нинг қурол-яроғ омборига йўлланганини айтишган.

Ғазода Ҳамас назорати остидаги фуқаролик мудофааси агентлиги исроилликлар авиазарбаси оқибатида бир оила вакиллари бўлган15 фаластинлик ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатди.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, шимолдаги Жабалия шаҳрида турар жой биносидаги икки квартира ўққа учраши оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган. Ғазо марказига йўлланган бошқа бир зарба яна тўрт кишини ҳаётдан олиб кетган.

Исроил қўшини Ғазо жанубидаги энг йирик шаҳар Хон Юнус атрофида ҳам амалиётни кенгайтирмоқда, деб хабар берган шанба куни исроиллик ҳарбийлар. Маҳаллий шифокорларга кўра, авиазарба оқибатида бир оила аъзолари бўлган тўрт киши ҳалок бўлган.

Шанба куни Исроил Иордан дарёси Ғарбий соҳилидаги Женин шаҳрида «Ҳамаснинг икки нафар юқори мартабали амалдорлари» йўқ қилингани ҳақида хабар берди.

Ҳамаснинг ҳарбий қаноти Аҳмад Абу Ара ва Раафат Даваси ҳалок бўлганини тасдиқлаган, улар «бир қанча муваффақиятли амалиётларни режалаштириш ва ўтказиш учун масъул бўлгани» айтилган.

Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги шу кунларда Ғазода сўнгги 25 йил ичида илк бор полиомиелит ҳолати қайд этилганини маълум қилди. Жума куни БМТ болаларни полиомиелитга қарши эмлаш учун ҳарбий ҳаракатларда бир ҳафталик танаффус қилишни сўради.

Мавзуга оид