Жаҳон | 09:55 / 19.08.2024
3738
2 дақиқада ўқилади

АЭХА: Запорижжя АЭСдаги вазият дрон ҳужумидан сўнг ёмонлашди 

Запорижжя атом электр станциясига қилинган ҳужум унинг ядровий хавфсизлиги билан боғлиқ вазиятни ёмонлаштирди, деди АЭХА бош директори Рафаэл Гросси.

Фото: AFP

Запорижжя атом электр станцияси (ЗАЭС)да ядро хавфсизлиги билан боғлиқ вазият унинг ҳудуди яқинидаги йўлга учувчисиз учоқ зарбасидан кейин ёмонлашди. Бу ҳақда 17 август куни Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) бош директори Рафаэл Гросси маълум қилди. Унинг баёноти агентликнинг расмий сайтида эълон қилинган. 

«Биз яна бир бор Запорижжя атом электр станциясининг ядровий хавфсизлигига таҳдидлар кучайиб бораётганини кўрмоқдамиз ва мен яна бир бор барча томонларни максимал даражада вазминликка чақираман», деди Гросси. АЭХА маълумотларига кўра, учувчисиз учоқ олиб келган портловчи моддалар Днипро электр узатиш линиясидан тахминан 100 метр масофада портлаган. Шу билан бирга, снарядни айнан ким учиргани ҳақида хабар берилмаган. Агентликнинг қайд этишича, ҳодиса натижасида қурбонлар йўқ. Шунингдек, атом электр станцияси ускунасига зарар етмаган, бироқ электр станциясининг иккита асосий дарвозаси орасидаги йўл шикастланган. 

АЭХА Курск АЭС яқинидаги вазиятни кузатмоқда

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик аввалроқ Курск атом электр станцияси яқинидаги ҳарбий ҳаракатлар ҳақидаги хабарларни ҳам кузатаётганини билдирган эди. АЭХА бош директори Рафаэл Гросси Россиянинг станцияда, шу жумладан радиоактив чиқиндиларни қайта ишлаш мажмуаси ҳудудидан уриб туширилган ракеталарнинг бўлаклари топилгани ҳақидаги даъволари фонида тегишли изоҳ берди. 

АЭХАнинг эслатишича, Курск АЭС иккита энергоблоки тўхтаб қолган, иккитаси ишламоқда ва яна иккитаси қурилиш босқичида. 

Мавзуга оид