Жаҳон | 11:35 / 19.08.2024
4136
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко: Украина Курскка ҳужум қилиб, кучли позицияни эгалламоқчи

Беларус раҳбарининг сўзларига кўра, «бу тактика ҳозир иш бермайди».

Фото: president.gov.by

Украина Россия Федерациясининг Курск вилоятидаги ҳаракатлари билан музокаралар бошланса, яхшироқ позицияларни қўлга киритишни мақсад қилган. Бу ҳақда Беларус президенти Александр Лукашенко Россия телевидениесига берган интервюсида маълум қилди.

Беларус раҳбарининг сўзларига кўра, «бу тактика ҳозир иш бермайди».

«Путин ставкаларни ошириш учун кураш кетаётганини айтганида тўғри гапирди. Улар [Украина расмийлари] тўсатдан музокаралар бошланса, кучлироқ позицияни қўлга киритишни хоҳлаяпти. Аммо савол туғилади: бундай вазиятда ва шунга ўхшаш ҳолатларда улар билан ким музокара олиб боради? Шунинг учун ставкаларни ошириш нотўғри. Бу классика, лекин у мос эмас», — дея Лукашенко сўзларини келтиради ТАСС. 

Лукашенкога кўра, Россия президенти Владимир Путин ва Россия Қуролли кучлари Курск вилоятида «Украина ҳарбийларини йўқ қилади». 

Беларус президенти, шунингдек, Истанбулда эришилган келишувлар Украина бўйича янги тинчлик музокараларини бошлаш учун асос бўлиши мумкинлигини таъкидлади. 

Унинг қўшимча қилишича, «Украина томонининг вазиятни кескинлаштириши Россияни ассиметрик чоралар кўришга, жумладан, ядро қуролидан фойдаланишга ундамоқда». 

Лукашенконинг айтишича, Украина Беларус билан чегарада 120 минг аскар сақламоқда.

Шу билан бирга, у «ғарбда Беларус чегарасини ҳимоя қилиш Минск ва Москва томонидан ишлаб чиқилганлигини, агар керак бўлса, бу режани ҳужумга ўзгартириш мумкинлигини» таъкидлади.

Мавзуга оид