Ўзбекистон | 21:20 / 19.08.2024
6429
3 дақиқада ўқилади

Тошкент ва Самарқанд ўртасида “Афросиёб” қатновини кўпайтириш имкони йўқми?

25 августдан 3 сентябргача Самарқанд–Тошкент–Самарқанд йўналишида қўшимча “Афросиёб” қатнови йўлга қўйилмоқда. Kun.uz “Ўзбекистон темирйўллари”дан чипта етишмовчилиги муаммоси кузатиладиган бу йўналишдаги вақтинчалик қўшимча қатновни доимий рейсларга айлантириш имкони бор-йўқлиги ҳақида сўради.

Фото: ЎзА

Самарқандда “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивали ўтказилиши ва мустақиллик байрами муносабати билан 25 августдан 3 сентябргача Самарқанд–Тошкент–Самарқанд йўналишида “Афросиёб” электропоездининг қўшимча қатнови йўлга қўйилди.

Kun.uz бу йўналишга талаб юқори экани, чипталар қолмаслиги муаммоси доимий актуал эканидан келиб чиқиб, бир неча кунга қўйилган қўшимча рейсларни доимий рейсларга айлантириш имконияти бор-йўқлиги билан қизиқди. “Ўзбекистон темирйўллари” компанияси бу инфратузилма харажатлари туфайли имконсиз эканини маълум қилди.

Ҳар куни мазкур поездлар 6 таси ҳаракатни амалга ошириши натижасида уларни таъмирлаш, тозалаш ишларига навбат билан киради.

Энг асосийси, инфратузилма ҳаражатларидан ташқари, юк ташувчи поездлар ҳаракатига ҳам ўз таъсирини кўрсатиб, Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланишига таъсир кўрсатади”, – дейилади расмий изоҳда.

ЎТЙ вакилига кўра, йўловчи ташиш фаолиятидан келган даромад харажатларни қопламайди, компаниянинг даромади юк ташувлари билан боғлиқ.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари ўртасида юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар учун алоҳида янги темирйўл қуриш режа қилинган. Бу ҳақда ўтган йили “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ раисининг биринчи ўринбосари Ҳикматулла Раҳметов Самарқанддаги иқтисодий форумда айтиб ўтганди.

Ҳозир бизда битта магистрал бор – қайсидир участкада иккита, лекин асосан битта – ва биз бугун бу магистралдан ҳам юқори тезликдаги, ҳам тезюрар, ҳам оддий транспортларда йўловчи ташиш мақсадида, ва ҳам юк ташувлари учун фойдаланамиз, шунинг учун ҳозирда инфратузилма шунчаки етишмайди”, – деганди Раҳметов.

Унинг сўзларига кўра, Тошкент ва Самарқанд ўртасида янги темирйўл магистрали қурилиши масаласида Жаҳон банки, бошқа халқаро молия институтлари ва манфаатдор инвесторлар билан муҳокама қилинмоқда. Кейинги босқичларда йўлни Самарқанддан кейин яна узайтириш кўзда тутилган.

Мавзуга оид