Жаҳон | 23:12 / 19.08.2024
5625
3 дақиқада ўқилади

Украина ҳарбийлари Россиянинг 92 та аҳоли пунктини назорат қилмоқда — Зеленский

Шунингдек, Украина учун асирларни айирбошлаш фонди ҳам тўлдирилаётгани маълум қилинди.

Фото: president.gov.ua

Украина Россиянинг Курск областидаги ҳарбий амалиётини давом эттирмоқда. Мамлакатнинг 92 та аҳоли пункти аллақачон Украина қуролли кучлари назорати остида. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский маълум қилди.

Қайд этилишича, Украина ҳарбийлари Курск области ҳудудининг 1250 километр квадратдан ортиқ қисмини назорат қиляпти.

«Бугунги кунда ҳарбий кучларимиз душманнинг 1250 квадрат километрдан ортиқ ҳудуди ва 92 та аҳоли пунктини назорат қилмоқда», деди Зеленский. Унга кўра, Украина учун асирларни айирбошлаш фонди ҳам тўлдирилмоқда.

«Умуман олганда, бу операция украиналикларни рус асирлигидан озод қилиш жараёнидаги энг катта сармоямиз бўлди, биз бир операцияда энг кўп рус асирларини қўлга киритдик ва бу ҳаракатларимиз давом этмоқда», деди Зеленский.

Унинг таъкидлашича, бир неча ой олдин дунёда кўпчилик бундай операцияга ишонмаган ва Россия ҳудудига бостириб киришни энг катта «қизил чизиқ» деб ҳисоблаган.

«Шунинг учун ҳам аскарларимизнинг ҳақиқий тайёргарлиги ҳақида ҳеч ким эшитмаган. Энди жангчиларнинг ҳақиқий муваффақиятини кўриб туришибди, чегаранинг нариги томонидаги фаол ҳаракатларимиз ва Путин ўз ҳудудини ҳимоя қила олмаслиги кўп нарсадан далолат беради», деди Зеленский.

Украина раҳбарининг қўшимча қилишича, Курск областидаги операция Россия террорига қарши энг самарали чора бўлиб, тажовузкор давлат учун вазиятнинг ҳақиқий мураккаблашишини таъминлайди.

«Иккинчидан, бизда жуда муҳим мафкуравий ўзгариш бор, яъни: баъзи шерикларнинг урушни баҳолашда айтган «қизил чизиқлари» Суджа яқинида парчаланиб кетди», деди Зеленский.

Унинг таъкидлашича, дунё кўрмоқда: бу урушда ҳамма нарса фақат жасоратга боғлиқ — Украина ва ҳамкорларининг жасоратига.

«Шерикларимиз бундай дадилликда биз билан ҳамоҳанг бўлиши муҳим, шунда Россиянинг адолатли тинчликдан бошқа қадами қолмайди», деб таъкидлади Зеленский ва ҳамкорларнинг қуролларидан Россия бўйлаб зарба беришга рухсат сўради.

Мавзуга оид