Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Факторинг ташкилоти учун йўл очилади
Факторинг ташкилотлари хорижий валютада ҳам хизмат кўрсатиши мумкин бўлади. Бу жараёнда қатнашадиган банк, микромолия, факторинг ташкилоти ва тадбиркорлар фойдаланадиган алоҳида электрон платформа ишга тушади.
Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида Ўзбекистонда факторинг ташкилотларига йўл очилиши маълум қилинди.
Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, ҳозир кўп экспортчилар йирик хорижий савдо тармоқларига 3-4 ой кечиктириб тўлаш шарти билан маҳсулот етказиб бермоқда. Узлуксиз ишлаб чиқариш учун корхоналарда айланмага эҳтиёж ошаяпти. Лекин, ҳамма тадбиркорда ҳам янги кредит олиш, унга гаров топиш имконияти йўқ.
“Тадбиркордан гаров талаб қилмайдиган энг қулай инструмент бу – факторинг. Халқаро молия корпорациясига кўра, бизда 10 миллиард долларлик факторинг хизматига талаб бор. Ҳозир бу хизматни фақат банклар, микромолия ташкилотлари кўрсатаяпти”, - деди давлат раҳбари.
Президент бундан буён банк бўлмаган янги институт – факторинг ташкилоти учун йўл очилишини айтди.
“Улар хорижий валютада ҳам хизмат кўрсатиши мумкин бўлади. Бу жараёнда қатнашадиган банк, микромолия, факторинг ташкилоти ва тадбиркорлар фойдаланадиган алоҳида электрон платформа ишга тушади. Яъни, тадбиркор ундан ўзига қулай молиявий маҳсулотни танлаш имкониятига эга бўлади”, - деди Шавкат Мирзиёев.
Факторингни оммалаштириш ҳисобидан тадбиркорларга айланма учун 20 триллион сўм, экспортчи корхоналарга 1 миллиард доллар қўшимча молиявий ресурслар пайдо бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ "Факторинг хизматлари бозорини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент қарори қабул қилинганди.
Унга мувофиқ, Марказий банк таклифига биноан пул талабномасини бошқа шахсга ўтказиш йўли билан молиялаштириш фаолиятини амалга оширувчи факторинг ташкилотлари ташкил этилади. Уларнинг фаолияти Марказий банкда нобанк кредит ташкилоти сифатида реестрда ҳисобга олиш рўйхатидан ўтгандан сўнг амалга оширилади.