Жаҳон | 12:01 / 20.08.2024
8576
12 дақиқада ўқилади

Миллиардер донорлар: Трампнинг сайловолди кампаниясига кимлар ҳомийлик қилмоқда?

Трампнинг Оқ уйга қайтиш истагини бир қатор бадавлат америкаликлар қўллаб-қувватламоқда. Улар Трампнинг сайловолди кампаниясига маблағни аямоқчи эмас.

Фото: Getty images

Бугунги кунда Трампнинг энг йирик ҳомийлари бўлган 26 нафар миллиардер (умумий ҳисобда қарийб 143 миллиард долларга эгалик қилади) сайловолди кампаниясига 162 миллион доллар ажратди.

“Бизга йирик бизнесдан чўнтагини қаппайтиришни ўйлайдиган етакчи эмас, балки оддий ишчилар олдида жавоб берадиган одам керак”, — деганди Республикачилар партиясининг июл ойидаги Миллий қурултойида вице-президентликка номзод Жей Ди Венс. “Кўп миллатли корпорацияларга сотилмайдиган, аксинча Америка компаниялари ва саноатининг манфаатларини ҳимоя қиладиган раҳбар зарур”.

Айни пайтда АҚШ Федерал сайлов комиссиясининг расмий ҳужжатларида бошқа нарсани кўриш мумкин. Трамп ва Венс номзодлари Қўшма Штатларнинг кўплаб энг бадавлат одамлари, жумладан, Американинг қатор йирик корхоналари асосчилари ва раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Трампни қўллаб-қувватловчи сиёсий ҳаракатлар қўмиталарига аллақачон 26 миллиард долларлик маблағ хайрия қилинган — ҳар бирига 1 миллион доллардан кўпроқ тўғри келади. Собиқ президентнинг миллиардлаб долларлик активларга эга 26 нафар энг йирик донорларидан 16 нафари хусусий, аксарияти, оилавий корпорациялардан бойлик орттирган. Уларнинг кўпчилиги, масалан, ABC Supply раҳбари Диана Ҳендрикс, Uline раҳбари Элизабет ва Дик Юлайн асосий фаолиятини АҚШда олиб бораётгани ва америкаликлар учун иш ўринлари яратаётганидан очиқдан-очиқ фахрланади.

Донорлар рўйхатида Johnson & Johnson сулоласи авлоди Вуди Жонсон ва казино магнати Шелдон Аделсоннинг беваси Мириам Аделсон каби бир қанча меросхўрлар ҳам бор. Аммо уларнинг аксарияти (26 донордан 22 нафари) кўп миллиардли империяларни ўз кучи билан қурган.

Сайлов йилида пуллар дарёдек оқяпти. Икки ой олдин Forbes USA собиқ президентнинг асосий хайриячиларини аниқлашни бошлаганди, ўшандан бери Аделсон рейтингда юқорига кўтарилиб келмоқда: май ойи охирида совға сифатида катта маблағ ажратган аёл ҳозир тўртинчи ўринда (айтишларича, у қўшимча хайрия режаларини тузяпти, бунинг натижасида рўйхатнинг чўққисига кўтарилади). Бундан ташқари, биржа бошқарувчиси Жефф Спрекер ва унинг рафиқаси, собиқ сенатор Келли Лефлер илк бор топ ўнталикка қўшилди. Ҳендрикс ҳам тўртинчи ўриндан учинчи ўринга кўтарилди. Шу муносабат билан “Ню Йoрк Жетс” эгаси Вуди Жонсон ва лос анжелеслик кўчмас мулк магнати Жеффри Палмер юқори ўнталикдан чиқишди.

Рейтингдаги беш донор хайрия маблағларини America PAC номли янги сиёсий ҳаракатлар қўмитаси ҳисобига ўтказган, қўмита ташкил этилишида Илон Маскнинг ҳиссаси бор (бу ҳақда унинг ўзи айтган). Май ойида тузилган бирлашма Трампнинг жойлардаги маслакдошлари ишига ва СМС-хабарларга деярли 8 миллион доллар ажратди. Кўплаб оммавий ахборот воситалари Маск ташкилотга ойига 45 миллион доллар ваъда қилгани ҳақида хабар беришди, аммо унинг ўзи ташкилотни қўллаб-қувватлашни камайтиришини айтган. Tesla асосчиси ҳозирча рейтингга киритилмаган, аммо рўйхатда унинг эски дўсти ва инвестор Антонио Грасиас бор, у июн ойида America PAC фойдасига 1 миллион доллар ўтказган.

Forbes Трампнинг 10 та энг йирик донори ҳақидаги маълумотлар билан бўлишди:

1. Тимоти Меллон

Трампни қўллаб-қувватловчи гуруҳларга хайриялар: 76,5 миллион доллар

Умумий бойлиги: қарийб 1 миллиард доллар.

Меллон ўз шахсияти ҳақидаги маълумотларни одамлардан сир тутишга уринади. Шунга қарамай, бу галги сайловолди кампаниясида айнан Меллон барчани ортда қолдирди.

Тадбиркор бир асрдан ортиқ тарихга эга Америка бизнес империясининг меросхўри, лекин ўзи ҳам темирйўлларда ишлаб, мўмай пул топган. Меллон Трампни қўллаб-қувватловчи сиёсий ҳаракатлар қўмитасига 75 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратди (бунга собиқ президентга жиноят иши бўйича айблов ҳукми чиқарилганидан кейинги кун 50 миллион доллар миқдорида берилган ҳадя ҳам киради). Шунингдек, у кичик Роберт Кеннедини қўллаб-қувватлашга яна 25 миллион доллар йўналтирди.

2. Линда Макмэн (Винс Макмэннинг рафиқаси)

Трампни қўллаб-қувватловчи гуруҳларга хайрия: 16 миллион доллар

Умумий бойлиги: 3,1 миллиард доллар.

Турмуш ўртоғи Винс (ҳозирда жинсий зўравонликда айбланмоқда) билан бирга Линда Макмэн WWЕ’дан (World Wrestling Entertainment) миллиардлаб долларлик айланмага эга кўнгилочар гигант яратган. Унинг сиёсат дунёсига кирганига кўп йиллар бўлди: 2010 ва 2012 йилларда Линданинг Коннектикутдан сенатга номзоди муваффақиятсизликка учради, Трамп даврида у Кичик бизнес бўйича бошқармага раҳбарлик қилди. Аёл ҳалигача MAGA (Make America Great Again ёки “Американи яна буюк қиламиз” — Трамп кампанияси шиори) ҳаракатининг “юраги”га яқин шахслардан ҳисобланади.

Бугунги кунда у America First Policy Institute таҳлилий маркази бошқарув кенгаши раиси, Trump Media & Technology Group (Truth Social ижтимоий тармоғи бош компанияси) директорлар кенгаши аъзоси. Аёл Трампни қўллаб-қувватлаш учун турли сиёсий қўмиталарга 15 миллион доллардан ортиқ хайрия қилган.

3.  Ричард ва Элизабет Юлайн

Трампни қўллаб-қувватловчи гуруҳларга хайрия: 10 миллион доллар

Умумий бойлиги: 6 миллиард доллар.

Лиз ва Дик Юлайн республикачилар партиясининг энг сахий донорларидан бўлиб, ҳар сафар ўн миллионлаб доллар сармоя киритади. Жуфтлик 1980 йилларда ўз уйи ертўласида Uline қадоқлаш материаллари ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этган. Ҳозирда компаниянинг йиллик даромади 6 миллиард доллардан ошади. Компанияда президент лавозимини эгаллаб турган Лиз кўпинча сиёсий тусдаги баёнотлар билан чиқади. 2021 йилда у Трампнинг “Америка ҳамма нарсадан устун” тамойилига асосланган савдо сиёсатини маъқуллаган ва биржа компанияларини “ўз акциялари нархи ҳақида ҳаддан ташқари қайғуришда” айблаганди. Ваҳоланки, Юлайнлар ўз бизнесига тўлиқ эгалик қилади. Улар сиёсий қарашларини очиқчасига намойиш этиши ва республикачилар ташаббусларига миллионлаб доллар сарфлаши мумкин.

4. Диана Ҳендрикс

Трампни қўллаб-қувватловчи гуруҳларга хайрия: 6,3 миллион доллар.

Умумий бойлиги: 20,9 миллиард доллар.

Собиқ официант, энг бой америкалик аёл мақомига сазовор бўлган Диана июл ойида Висконсиндаги республикачиларнинг Миллий қурултойида абортларга қарши чиқди ҳамда Байден ва Ҳаррис маъмуриятини тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилишда айблади. Ҳозирда унинг компанияси — қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи ABC Supply йилига 20 миллиард доллар даромад қилади.

“Мен компанияни нолдан бошлаш қанчалик қийинлигини биламан”, — деди у. “Бизга буни тушунадиган президент ҳам керак”.

Тадбиркор бу ролга Трамп жуда мос келишига қатъий ишонмоқда, шу сабабдан у ташкилотларга уни қўллаб-қувватлаш учун 6 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратди.

5. Мириам Аделсон

Трампни қўллаб-қувватловчи гуруҳларга хайриялар: 5,8 миллион доллар

Умумий бойлиги: 27,8 миллиард доллар.

Казино магнати ва Республикачилар партиясининг узоқ йиллик мегадонори Шелдон Аделсоннинг беваси Мириам Исроилда туғилган, у илгари шифокор бўлиб ишлаган. Ҳозирда у Лас-Вегас Сандс қимор империяси ва “Даллас Маверикс” NBA жамоасининг назорат пакетига эгалик қилади. 2020 йилда Аделсонлар республикачилар ташаббусларига 220 миллион доллар хайрия қилишди; 2021 йилда Шелдон вафотидан кейин ҳам Мириам катта миқдорда пул беришда давом этмоқда. The New York Times газетасининг хабар беришича, Аделсон Трампни қўллаб-қувватлаш учун 90 миллион доллардан ортиқ сармоя киритишни режалаштирмоқда (ҳозиргача у атиги 5,8 миллион доллар берган), лекин бир нечта шарт эвазига: “камроқ пафосга берилиш” ва “иқтисодни муҳокама қилишда бизнезга яқин бўлиш”.

Мириам режадаги сумманинг ҳаммасини бермаслиги мумкин, боиси у Трамп билан бир қатор ғазабли хабарлар алмашгани айтилмоқда.

6. Келси Уоррен

Трампни қўллаб-қувватловчи гуруҳларга хайрия: 5,8 миллион доллар.

Умумий бойлиги: 6,2 миллиард доллар.

Уорреннинг Energy Трансфер компанияси Шимолий ва Жанубий Дакота, Айова ва Иллинойс штатидаги можароли нефт қувури билан танилган. Трамп президент сифатидаги биринчи муддатида мазкур қувур қурилишига ёрдам берган. 2016 йилда Уоррен Трамп номзодини қўллаб-қувватлаш учун 100 минг доллар хайрия қилган, 2020 йилда яна 11 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратган. Бу сафарга сайлов учун бизнесмен қарийб 6 миллион доллар сарфлади, ўтган йили у Флорида губернатори — Трампнинг партия ичидаги асосий рақиби Рон де Сантисга ҳам пул берганди.

7.  Тимоти Данн

Трампни қўллаб-қувватловчи гуруҳларга хайрия: 5 миллион доллар

Умумий бойлиги: 2,2 миллиард доллар

Айрим манбаларга кўра, май ойида ўтказилган учрашувлардан бирида Трамп нефтчиларни умумий хайрия миқдорини 1 миллиард долларга кўпайтиришга чақирган, аммо Данндан пул сўраб ўтириш шарт эмас. Декабр ойида у Трампни қўллаб-қувватловчи супер сиёсий акция PAC’га 5 миллион долларлик чекни шунчаки ёзиб берди. Данннинг CrownQuest Operating компанияси бош қароргоҳи Техаснинг ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, Қўшма Штатлардаги энг йирик хусусий нефть компанияларидан бири ҳисобланади. 2016 йилда тадбиркор Трампнинг сайловолди кампаниясини молиялаштирмаганди, бироқ 2020 йилда у хайр-эҳсон қилишни бошлади ва жорий сайлов пойгасида Трамп ҳамда бошқа республикачиларга катта суммадаги маблағларни топширишга киришди.

8.  Жефф Спрекер ва Келли Лефлер

Трампни қўллаб-қувватловчи гуруҳларга хайрия: 4,9 миллион доллар

Умумий бойлиги: 1,1 миллиард доллар

Лефлер сиёсий кампаниялар қанчалик қимматга тушишини олдиндан билади: у 2020 йилда Жоржия Сенатига ўз номзодини қўйиш учун 92 миллион доллар йиғганди, аммо барибир Рафаэл Уорнокка ютқазди. У хайрия ишларини сиёсатчиликдан анча олдин бошлаган. Лефлер ўн йилдан кўпроқ вақт давомида республикачиларга катта миқдорда пул ўтказган бўлса-да, 2020 йилда у жуда қисқа муддатга Жоржиядан вакил сифатида Сенатда ўринни эгаллади. Унинг турмуш ўртоғи Жефф Спрекер Ню-Йорк фонд биржасига эгалик қилади, шунингдек у Лефлер бир пайтлар юқори лавозимли директор бўлиб ишлаган Intercontinental Exchange асосчиси. Жуфтлик биргаликда Трампни қўллаб-қувватлаш учун 5 миллион долларга яқин маблағ ажратганини айтади. Улар янада кўпроқ маблағ ажратиш ниятида. Ўтган дам олиш кунларида Лефлер ва Спрекер Колорадодаги маблағ йиғиш маросимида Трамп қўмитасига қўшимча 170 000 доллар хайрия қилди.

9.  Фил Раффин

Трампни қўллаб-қувватловчи гуруҳларга хайрия: 3,3 миллион доллар

Умумий бойлиги: 2,6 миллиард доллар

Раффин Трампнинг муҳим донори, бундан ташқари улар бизнес ҳамкор ва яқин дўст. Улар биргаликда Лас-Вегасдаги Trump International меҳмонхонасига эгалик қилади. Мар-а-Лагода Раффин украиналик Александра Николаенкога уйланганда Трамп унга куёвжўралик қилган. Раффин 2016 йилдан бери Трампнинг маслакдоши, 2024 йилда бу дўстлик янада қалинлашди. У жорий пойгада Трампнинг сиёсий ҳаракатлар қўмиталарига 3,3 миллион доллар хайрия қилди, бу аввалги икки кампанияга ҳадя қилинган суммадан кўпроқ.

10. Жимми Жон Лиото

Трампни қўллаб-қувватловчи гуруҳларга хайриялар: 3,1 миллион доллар

Умумий бойлиги: 2,4 миллиард доллар

Жимми Жоннинг Иллинойс штатидаги гаражида ташкил этилган сендвич тайёрлаш бизнеси ҳозирда 2600 та филиалга эга империяга айланган. 2016 йилда у бизнеснинг катта қисмини хусусий сармоя фирмасига сотди. Ўшандан бери у рафиқаси Лесли билан сиёсатга кўпроқ қизиқа бошлади. Лесли Трампни 2016 ва 2020 йиллардаёқ қўллаб-қувватлаган, бироқ тадбиркорнинг ўзи унга эндигина қўшилди. Жимми Жон қисқа муддатда Трампни қўллаб-қувватловчи уюшмаларга 2,8 миллион доллар, Лесли эса 250 минг доллар хайрия қилди.

Мавзуга оид