Ўзбекистон | 16:19 / 20.08.2024
5318
2 дақиқада ўқилади

Президент бизнес учун тўсиқларни қисқартириш борасида таклифлар берди

1 ноябрга қадар аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқий хавф солувчи мезонлар реестри ишлаб чиқилади, реестрда йўқ мезон бўйича тадбиркор фаолиятини тўхтатган мансабдор жавобгарликка тортилади. Солиқ тўламаганлик учун тадбиркорга жиноят иши қўзғатишга асос бўладиган миқдор 2 баравар – 200 млн сўмгача оширилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев бизнес вакиллари билан очиқ мулоқотда тадбиркорлик фаолиятини тўхтатишга асос бўладиган қонунбузилиш ҳолатлари даражаси белгиланмаганини таъкидлади. Оқибатда арзимаган камчиликлар билан ҳам тадбиркорлар фаолиятини тўхтатиб қўйиш ҳолатлари кузатилмоқда.

«Шу боис, 1 ноябрга қадар аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқий хавф солувчи мезонлар реестри ишлаб чиқилади. Реестрда йўқ мезон бўйича тадбиркор фаолиятини тўхтатган мансабдор жавобгарликка тортилади», - деди президент.

Шунингдек, мулоқотда тадбиркорларни жиноий жавобгарликка тортишни янада либераллаштириш муҳимлиги айтилди.

«Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, деган жиноят тури бор. Бунда тадбиркор тўламаган солиқ 100 миллион сўмдан ошса, жиноятчи бўлиб қолмоқда. Шу боис, солиқ тўламаганлик учун тадбиркорга жиноят иши қўзғатишга асос бўладиган миқдорни 2 бараваргача ошириш таклиф қилинди», - деди давлат раҳбари.

Бундан ташқари, кўчмас мулк бузилиши бўйича компенсация тўлашда ҳалигача муаммолар борлиги қайд этилди.

Ҳозирда ушбу харажатлар вилоят бюджети ҳисобидан қопланяпти. Лекин айрим вилоятлар бюджетида маблағ кам қолаётгани учун тадбиркорнинг пулини қоплаб бериш 5-6 йилга чўзилиб кетяпти.

«Эндиликда ер савдосидан тушган маблағлар аввало бузилишлар бўйича тадбиркорлардан қарзни сўндиришга қаратилади, - деди президент.

Мавзуга оид