Жаҳон | 16:42 / 21.08.2024
7241
1 дақиқада ўқилади

АҚШда асли ўзбекистонлик 16 ёшли ўсмир автоҳалокат туфайли вафот этди

Бруклинда яшовчи Умиджон Жўраев 19 август куни дўстлари билан скутерда юк машинасига тўқнашиб кетган. Авария оқибатида Умиджон вафот этган, дўстларидан бири турли жароҳатлар билан шифохонага тушган.

Фото: NY Post

Маҳаллий нашрларга кўра, Умиджон оилада ёлғиз фарзанд бўлиб, онаси билан бирга яшаган. Унинг вафот этгани яқинларини чуқур қайғуга солган.

Кузатув камераларига кўра, душанба куни содир бўлган аварияда скутер ва юк машинаси чорраҳадан ўнгга бурилиб кетаётганда тўқнашиб кетган. Жўраевнинг дўстларидан бири олган жароҳатлари туфайли шифохонада, иккинчиси эса енгил жароҳатлар билан воқеа жойида ўзига келган.

Ню-Йорк полициясининг маълум қилишича, юк машинаси воқеа жойида қолмоқда, унинг 48 ёшли ҳайдовчиси эса сўроқ қилинган. Ҳозирча ҳеч ким ҳибсга олинмаган ва ҳайдовчига ҳеч қандай айблов қўйилмаган.

Умиджоннинг дўстлари марҳумга ҳурмат бажо келтириш учун Кенсингтондаги масжидга йиғилди. Улар синфдоши қувноқ бўлгани ва бутун синфни доимо кулдириб юргани ҳақида айтишган. Шунингдек, уни футбол ва видео ўйинларни яхши кўриши ҳақида эслашган.

Мавзуга оид