Жаҳон | 15:17 / 21.08.2024
4433
2 дақиқада ўқилади

Mpox янги ковид эмас, уни тўхтата оламиз – ЖССТ

Mpox вирусини эпидемиологик чоралар ва вакциналар орқали назорат қилиш мумкин деб баёнот берди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси директори Ҳанс Клюге.

Фото: Irina Starikova3432 / Shutterstock

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге mpox (маймун чечаги) вируси тарқалиши билан боғлиқ эпидемиологик вазият юзасидан баёнот берди. У mpox эпидемияси ковид даражасида эмаслиги, уни тўхтатиш имкони борлигини маълум қилди. Вакилга кўра, бунинг учун зарур профилактик чора-тадбирлар кучайтирилиши керак. 

Биз mpox вируси билан қандай курашишни биламиз. Инфекция ўчоқлари аниқланган ва вирус тарқалиши хавфи юқори ҳудудларда вакциналар таъминотини ошириш лозим”, – деди Ҳанс Клюге.

Баёнотга кўра, июн охиригача 116 мамлакатда касалланиш ҳолатлари қайд этилган. Вирус асосан Марказий Африка Республикаси, Бурунди, Кения ва Руандада кўпроқ аниқланган. Ҳозир вируснинг Ib деб номланган янги штамми тарқаляпти. Мутация Конго Демократик Республикасида 500 кишининг ўлимига сабаб бўлган. Бу тур август бошида Швецияда ҳам аниқланган. 

Британиялик олимлар фикрича, Ib мутацияси бошқа штаммларга қараганда юқумлироқ ва оғирроқ асоратларни келтириб чиқаряпти. Ҳанс Клюге эса ҳар қандай штаммни эпидемиологик чоралар ва вакциналар орқали назорат қилса бўлади деган фикрда.

Маълумот учун, 14 августда ЖССТ мпох вируси тарқалиши бўйича фавқулодда ҳолат эълон қилганди. Санэпидқўм эса Ўзбекистонда mpox вируси кириб келишига йўл қўймаслик учун чоралар кўрилаётгани ҳақида хабар берганди. Шуниндек, қўмита хориждан келаётган фуқаролар соғлиғида жиддий ўзгариш сезса, шифокорга боришни тавсия қилган эди.

Мавзуга оид