Жаҳон | 07:58 / 21.08.2024
12795
5 дақиқада ўқилади

Москвага дронлар билан кенг кўламли ҳужум уюштирилди

Мэр Сергей Собянин шаҳарга киришда 10 та дрон уриб туширилганини айтган ва буни «Москвага ҳужум қилиш учун энг йирик уринишлардан бири» деб атаган. Бундай ҳужумлар Россиянинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилган.

21 августга ўтар кечаси учувчисиз учиш қурилмалар пойтахт Москвага ва Россиянинг бошқа регионларига ҳужум уюштирди.

Москва шаҳри мэри Сергей Собянин телеграм-каналида тунда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари шаҳар томон учиб келган ўнта пилотсиз қурилмани уриб туширгани ҳақида ёзган. Собянин дронлар ҳужуми ҳақида соат 03:02 дан соат 04:43 га қадар вақт оралиғида хабарлар берган.

Собяниннинг илк хабарларида ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Москва области Подолск шаҳар округида дронлар ҳужумини қайтаргани айтилган. «Парчалар тушган жойда, дастлабки маълумотларга кўра, вайронгарчиликлар ва жабрланганлар йўқ», — деган Собянин. «Бу Москвага шу вақтгача кузатилган дронлар билан ҳужум қилишга энг йирик уринишлардан бири бўлди», — дея қўшимча қилган Москва мэри.

Россиядаги телеграм-каналларда эълон қилинган бир қанча видеоёзувларда дронлар уриб туширилиши акс этган. Ҳудудида дронлар уриб туширилган Москва области расмийлари ҳозирча ҳодиса юзасидан изоҳ бермади.

Росавиация хабарига кўра, дронлар ҳужуми вақтида Москвадаги Внуково, Домодедово ва Жуковский аэропортларида парвозлар хавфсизлиги учун вақтинча чеклов чоралари жорий этилган, саккиз самолёт захира аэродромларига йўналтирилган. Ҳозирда аэропортлар одатий режимда ишламоқда.

Дронларнинг «ёпирилма» ҳужуми ҳақида Брянск области губернатори Александр Богомаз ҳам хабар берган. «Кеча кечқурун ва тунда самолёт типидаги 23 та пилотсиз учиш аппарати тутиб олинди ва йўқ қилинди», — дея ёзган у телеграм-каналида. Богомаз «барча ҳужумлар қайтарилгани, жабрланувчилар ва вайронгарчиликлар йўқлиги»ни таъкидлаган.

Калуга области губернатори Владислав Шапша телеграм-каналида тунда ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари Брянск области билан чегарада учта дрон уриб туширилганини маълум қилди. Унинг қайд этишича, дронлар одамсиз ҳудудда йўқ қилинган. Қуруқликдаги оқибатлар ҳақида аниқлик киритилмаган.

Белгород области ҳам зарба остида қолди, деб хабар қилади регион губернатори Вячеслав Гладков. Тунги соат икки атрофида у телеграм-каналида Белгород шаҳри ва Белгород райони узра Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими «бир неча ҳаво нишонлари»ни уриб туширганини айтган. Гладковнинг сўзларига кўра, жабрланганлар ва вайронгарчиликлар ҳақида маълумот йўқ.

Курск области раҳбари Алексей Смирнов телеграм-каналида тунда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари регион устида украинларнинг икки ракетаси ва икки дрони уриб туширилгани тўғрисида хабар қолдирган. У ҳам қуруқликдаги оқибатларга тўхталмаган.

Орлов области ҳам дронлар ҳужумига дучор бўлган. Губернатор Андрей Кличковнинг сўзларига кўра, регион ҳудуди устида битта дрон уриб туширилган, шикастланиш ҳолатлари ва жароҳатланганлар йўқ. «Киев режими провокацияси кўп жиҳатдан қўшни областларнинг чегара ҳудудларидан кўчишга мажбур бўлганларни қўллаб-қувватлашдаги фаоллигимизга жавобдир», — деган Кличков телеграм-каналида.

РФ мудофаа вазирлиги тун давомида Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари украинларнинг 45 та пилотсиз учиш қурилмаси уриб туширилганини маълум қилган: 11 таси — Москва областида, 23 таси — Брянск устида, олтитаси — Белгород, учтаси — Калуга, иккитаси — Курск области ҳудудида. Вазирлик Орлов областига ҳужум ҳақидаги хабарларга изоҳ бермаган.

Шунингдек, Минтақавий хавфсизлик вазирлиги сайтида навбатчи ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Тула области осмонида иккита дронни йўқ қилгани айтилади.

Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Ростов области ғарбида Украина ракетасини уриб туширди, деди ҳудуд раҳбари Василий Голубев. «Дастлабки маълумотларга кўра, парчалар қулаши натижасида қурбонлар ва вайроналар йўқ», — дея қўшимча қилди у.

Ростов областидаги нефт базасида ёнғин кучайган

Ростов областининг Пролетарск шаҳридаги дизел ёнилғиси омборида Украина дрони ҳужумидан сўнг бошланган ёнғин уч кундан буён давом этмоқда. Ёнғин майдони сезиларли даражада ошди ва 10 минг квадрат метрни ташкил этади.

Пролетарскдаги ёнилғи омборида 18 август куни эрталаб ёнғин чиққанди. Кейинги куни Пролетарский районида юқори огоҳлантириш режими жорий этилди, Пролетарскда эса фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Кейинроқ губернатор Голубев 41 нафар ўт ўчирувчи жароҳатлангани, улардан 18 нафари касалхонага ётқизилишини айтди.

Мавзуга оид